Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№4, 19.01.2012

(ҲИКОЯ)

Омаднинг калити

Шаҳноза ва Гулмира бир олийгоҳда, бир гуруҳда таҳсил олишади. Иккиси қалин дугона бўлсаларда, феъл-атвори, дунёқараши, билими ва фикрлаш доираси билан алоҳида-алоҳида дунё. Шаҳноза оғир босиқ, камгап, уятчан, билими ҳам ҳамма қатори.

Лекин унинг бошқалардан фарқли бир хусусияти бор. Жуда омадли. Қаерда, қачон, қандай ишга қўл урмасин муваффақиятга эришмасдан қолмайди. Ҳатто, унчалик жон куйдириб бажармаган ишлари ҳам чиройли якун топарди.

Гулмира эса аксинча, қувноқ, шаддод, бир гапириб ўн куладиган, билими ва зеҳни кучли қиз. У бирор ишга қўл урса жон жаҳди билан киришади. Ҳаловатидан кечиб ҳаракат қилади. Бор билими, тажрибаси, шижоати, ғайратини ишга солиб тиришади. Қилган меҳнатлари, албатта, самара бериб, у ҳам муваффақият қозонади. Аммо унинг бу ютуқ, бу манзил сари олиб борувчи йўли жуда мураккаб, ўнқир-чўнқир, чақиртиканак, оёқни азобловчи майда тошлар билан тўла.

У ҳар доим бир нарсага ҳайрон қолади. Шаҳнозанинг бу даражада омадли эканлигига сабаб нима? Балки одам "омадли" деган тақдир билан дунёга келар? Омад ўзи нима? Унга қандай эришиш мумкин? Кимдир айтган эди "Омад - бу меҳнат", деб. Жуда тўғри, топиб айтилган ибора. Ахир Гулмиранинг тинимсиз қилган меҳнатлари унга ижобий якун, демак, омад келтиради. Шаҳноза-чи? Унга ҳам бу иборани қўллаш нотўғри бўлар балким. Чунки унинг эришган ютуқлари меҳнат эмас, фақат ва фақат омад туфайлигина холос.

Гулмира бу ҳақиқатни билса-да, бу жумбоқ хусусида кўп бош қотириб тайинли хулосага кела олмасди. Шунга қарамай кўнглида Шаҳнозага нисбатан ғараз ва ҳасад уйғонмаганди. Аксинча, унга жудаям, жудаям ҳаваси келарди. "Қани мен ҳам у каби омадли бўлсам. Ундаги омаднинг сири менга ҳам аён бўлганда эди", деб орзу қиларди. Ниятининг холислигими, орзусининг кучлилигими, хуллас, нимадир сабаб бўлди-ю, унинг оҳи Худога етиб борди. Дугонасининг омад калитини кўришга, англашга муваффақ бўлди.

... Имтиҳонлар бошланганлиги учун олийгоҳнинг ўзида, аудиторияда олинган билимлар камлик қилиб, талабалар янада кўпроқ ўқишнинг, изланишнинг пайига тушиб қолдилар. Шаҳноза ва Гулмира ҳам бир неча кун дарсдан сўнг кутубхонада қолиб, кечгача дарс тайёрлашди. Имтиҳонга бир кун қолганида ҳам ўзларидан кўнгли тўлмайроқ турарди, Шаҳноза Гулмирани уйига дарс тайёрлашга таклиф этди.

Гулмира дугонасининг уйига илк бор келиши. Уч хонали квартирада катта бир оила истиқомат қиларкан. Шаҳнозанинг ота-онаси, кексайиб қолган бувиси, аравачада ўтирадиган, ногирон бўлиб қолган аммаси, унинг бир ярим ёшли ўғилчаси, ўзининг уч укаси жамулжам бўлиб, шу уйда ҳаёт кечиришаркан.

Гулмира дастлаб "Балким бекор келгандирман", деб ўйлади. У аввало, ўзига етарли бўлиб турган катта оила олдида хижолат бўлди. Кейинроқ қўли-қўлига тегмай, уй ишларига уннаб кетган Шаҳнозага қараб яна ўнғайсизланди. Бечоранинг ўқишдан келиб ҳам тиними йўқ экан. Ўшанинг учун ҳам кўп ўқиш учун вақт тополмас экан-да. Ахир шунча одамнинг хизматини қилишнинг ўзи бўлармиди. Ота-она, укалари ҳам майли, ногирон аммасига қараш ҳам Шаҳнозанинг зиммасида экан. Уни парваришлар, овқатлантирар ва шу каби ўзи бажаришга қийналадиган ишларига кўмаклашаркан. Гулмира уларни кузатиб турардию, Шаҳнозанинг бирор марта ҳам норизо бўлиб ҳаракат қилганини кўрмади. Аммасига ҳам, бувисига ҳам, жажжи жиянчасига ҳам жон дили билан хизмат қилиб, яхши гапирар, кўнглини кўтарарди. Негадир Гулмиранинг ҳам шу топда бекор ўтиргиси келмади. Ошхонага кирди. - Шаҳноза шошиб-пишиб, овқат масаллиқларини тўғраш билан овора эди. Дугонасининг кириб келганини кўриб, бир оз хижолат бўлгандай:

- Узр, Гули, бу ишларни бир ёқлик қилиб олай, кейин бемалол ўтириб дарс тайёрлаймиз. Сени ҳам куттириб қўйдимми? -деди.

- Ҳечқиси йўқ, - деди Гулмира, - Менга бу ер ёқяпти. - У тўғрисини гапирди. - Лекин сен бечорага ҳам қийин экан. Бошингда шунча ташвиш.

- Нега энди ташвиш бўларкан? Мен буларни ташвиш деб билмайман. Булар менинг вазифам. Ҳамма қизнинг одатда бажарадиган ишлари. Лекин мени аммамга раҳмим келади. Кўрдингми, бечорани? Автоҳалокатдан сўнг аравачага михланиб қолди-ю, ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Ҳатто ўша, ўламан, куяман деб уйланган эрига ҳам. Аммам жудаям тушкунликка тушиб қолган. Улар ширин сўз, меҳрга зор.

- Тўғри айтасан, уларнинг кўнглини олиш керак. Нима пиширмоқчисан?

- Ош.

- Агар хоҳласанг, ошни мен пишираман, - деди кулиб.

- Майли, яхши бўларди. Мен ҳам вақтдан фойдаланиб, кирларни ювиб ташлардим.

Икки дугона ишга шўнғиб кетишди. Шаҳноза кирларини ювиб, бошқа ишларини саранжомлаб бўлганида, Гулмиранинг палови ҳам тайёр бўлганди.

- Қўлинг бирам ширин экан, қизим. - Мақтади Шаҳнозанинг бувиси овқат вақтида. - Яхши қиз экансан, илоҳим бировдан кам бўлмагин, болам. Элу юртнинг, дўсту душманнинг олдида юзинг ёруғ, мартабанг баланд бўлсин. - Кампир Гулмиранинг ҳаққига узундан- узун дуо қилди.

Ярим тунга қадар дарс тайёрлаб, ухлашга ётганларида Гулмира:

- Бувинг ҳам, амманг ҳам, умуман, оиланг яхши экан. Менга ёқиб қолишди, - деди.

- Мен ҳам уларни севаман, - мамнун жавоб қилди Шаҳноза.

Тонг саҳардан икки дугона шошиб-пишиб ўқишга отландилар. Ўзлари кеч қолмай, тезроқ кетишга ҳаракат қилиб турибди-ю, кампир остонада туриб олиб, узоқ дуо қилди. Ўқишларига, бугунги имтиҳонларига омад тилади.

Тўғриси, ўзларининг тайёргарлигидан қизларнинг кўнгли тўлмаган эди. Гулмира аъло баҳодан умид қилмас, қониқарли баҳога ҳам рози эди. Асосийси, имтиҳондан ўтиб олишса бўлди.

Бироқ вақеалар у кутгандай бўлмади. Худди атай қилгандай муаллим фақат у биладиган, у тайёрланган мавзуларни сўрай кетди. Гулмира ҳам аниқ-аниқ жавобларни қалаштириб ташлади-ю, ҳалигина рўёдай туюлган юқори баҳо имтиҳон варағидан жой олди.

Қувончи ичига сиғмай кетиб бораркан, у бугуниги англаган ҳақиқатини таҳлил қиларди.

Шаҳнозанинг омад калити яхши инсонларнинг дуосида экан. Ҳожатманд одамга ёрдам бериш, кўнглига қараб, дуосини олиш фақат ва фақат яхшилик олиб келаркан.

Гулмира ҳам энди ҳар куни бировга яхшилик қилиб, дуосини олиш пайида бўлади. "Олтин олма, дуо ол" деган ҳикматнинг маъноси ҳам шудир балки.

Феруза ИҚБОЛ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди