№7, 09.02.2012 ДОЛЗАРБ МАВЗУДА СУҲБАТ
"ҚИЗ БОЛА ГУЛДЕК НОЗИК БЎЛАДИ"
Халқимиз томонидан оила авлодлар давомийлигини таъминловчи муқаддас гўша, қолаверса, ўзига хос тарбия ўчоғи сифатида беҳад улуғланади. Бундан ташқари, оиланинг инсон камолотидаги ўрни ва ролини ҳеч бир нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Шу боис ҳам юртимизда соғлом оила барпо этиш, ёшларни, айниқса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада олиб борилаётган ишлар қандай самаралар бермоқда? Нималарга эришяпмиз, қайси масалалар эътиборимиздан четда қолмоқда? Ана шу саволлар доирасида Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш ишлари бўйича проректори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Саодатхон АШУРОВА билан суҳбатда бўлдик.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Саодат Мўминовна АШУРОВА 1952 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой шаҳрида таваллуд топган. 1976 йилда Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган. Турли тиббиёт муассасаларида масъул вазифаларда фаолият кўрсатиш билан бирга, тиббиёт институти врачлар малакасини ошириш факультетида акушерлик ва гинекология фанидан Фарғона водийсидаги врачларга сабоқ бериб келади.
Оилали, 3 нафар фарзанди бор.
- Оила - муқаддас даргоҳ. Ҳар бир йигит-қиз аввало, бахтли яшаш ниятида оила қуришга интилади. Шу маънода, бугунги ёшлар оилавий ҳаётга жиддий қадам қўйишяптими?
- Ҳақиқатан ҳам оила инсоннинг бахтли яшашини таъминловчи қутлуғ маскан ҳисобланади. Ўз уйи, оиласидан бахт топган кишигина ўзини жамиятда эркин ва тўлақонли ҳис эта олади, жамиятнинг фаол кишисига айланади.
Оилани, оила бажараётган ижтимоий функцияни ҳеч бир нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Шу боис ҳам юртимизда оиланинг қадри баланд тутилади. Айниқса, истиқлол йилларида оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини, нуфузини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўш, бугун оила қуриш бўсағасида турган ёшларимиз ана шу жараёнга тайёрми, барпо бўлаётган оилаларимиз мустаҳкамми? Тўғри, ҳаётимизда ҳавас қилса арзийдиган, чиройли оилалар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ўзбекона удумлар, одоб-ахлоқ меъёрлари доирасида ҳаёт кечираётган ёш оилаларни кўриб, беҳад қувонамиз. Афсуски, бу борада барча ишларимиз кўнгилдагидек, деб айта олмаймиз. Ҳамма янги оила қураётганлар ҳам бу масаланинг моҳиятини тўла англаб етаётганлари йўқ.
Айрим ёшлар оила нима, оила олдидаги бурч ва вазифалар ҳақида етарли билим ва тушунчага эга бўлмасдан турмуш қурмоқдалар. Натижада кўп ўтмай янги оиланинг барбод бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда. Таҳлилларнинг кўрсатишича, бу каби ҳолатларга асосан ота-она томонидан тарбиянинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, улар камол топаётган оилавий муҳитнинг барқарор эмаслиги, шу билан бирга, ёшларнинг ҳаётга енгил-елпи қарашлари сабаб бўлмоқда.
Ана шулардан келиб чиқиб айтиш жоизки, бугун ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишлар кўлами ва сифатини янада ошириш кенг жамоатчилик олдида турган кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифадир.
- Бугунги кунда оз бўлса-да кузатилаётган эрта никоҳлар кўпчиликни ташвишга солмоқда. Бу ҳолатларни Сиз қандай баҳолайсиз?
- Мамлакатимиз қонунчилигида никоҳ ёши ўғил болалар учун 18, қизлар учун 17 ёш деб белгиланган бўлса-да, тиббиёт ходими сифатида мен бу ёшда оила қуриш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман. Ёшлар бу ёшда билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш иштиёқи, ўз орзу-мақсадларига эришиш йўлидаги дастлабки мустақил қадамни ташлаш ҳаракати билан банд бўладилар. Бу даврда улар оилавий ҳаёт, зиммаларига тушадиган мажбуриятлар ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмайдилар. Бу эса ёш оила қурганлар учун қатор қийинчиликлар келтириб чиқариши табиий.
Бугун эрта никоҳ асосан қизлар ўртасида кузатилмоқда. Минг афсуски, қизларни эрта турмушга узатишга айрим ота-оналар ҳам йўл қўймоқдалар. Аслида эрта никоҳлари "қайд" этилаётган қизларимиз оилавий ҳаётга тўла тайёр бўлмайдилар.
Қизларнинг эрта никоҳдан ўтишлари нафақат ўзлари учун, балки жамият учун ҳам хатарлидир. Эрта никоҳдан яхши натижалар кутилмайди. Аввало, бу вақтда қиз бола организми жинсий етилмаган бўлади. Агар унда ҳомила пайдо бўлган тақдирда ҳам, уни тўлақонли ривожлантириш, соғлом бола туғилиши қийин кечади.
Мен гинеколог-шифокор сифатида бундай ҳолатларни кўп кузатганман. Яъни, ёш турмуш қурган қизларнинг ҳомиладорлиги хавфли кечиб, туғиши ҳам асоратли бўлади. Баъзи гўдаклар мажруҳ туғилиб, ногирон бўлиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Айрим ёш оналар эса ушбу жараёнда турли хасталикларга дучор бўлишлари ва бундан узоқ йиллар азият чекиб юришлари мумкин.
- Содир бўлаётган эрта никоҳларнинг сабаблари ҳақида тўхталсангиз...
- Эрта никоҳ ҳолатлари таҳлил этилганда, бунга кўпроқ оиладаги нотўғри тарбия, ҳаётга енгил-елпи қараб, ҳою ҳавасларга берилган қизларимиз сабабчи бўлган. Айрим ҳолатларда эса эрта никоҳлар ота-оналар истаги билан содир бўлган.
Мисол тариқасида марҳаматлик ҳали коллеж ўқувчиси бўлган "Ҳ." исмли қизни олайлик. У ҳали ёш бўлса-да, "севги, муҳаббат..." дея "бахт"га ошиққан. Орада гап-сўз кўпайгач, ота-онанинг қизини тезда турмушга узатишдан бошқа иложлари қолмаган. Қиз вояга етмаганлиги сабаб, қонуний никоҳдан ўтмаган.
Ёки ҳаётга енгил-елпи муносабатда бўлган Андижон шаҳрилик "Б."нинг хатти-ҳаракати унинг зинодан фарзанд кўришига олиб келган. У ота-онасидан берухсат меҳмонга борган кўйи, ўша ерда бир йигит билан ноқонуний турмуш қуриб олган. Оқибатда 16 ёшидаёқ фарзандли бўлган.
Айрим ота-оналар эса ёш қизларини ўзлари хоҳлаб турмушга узатишганки, бунда гап бойлик, мартаба, амалга бориб тақалади.
Мен яқиндан биладиган бир аёл бор. У кўпчиликнинг маслаҳатларига қулоқ солмасдан, эндигина 16 ёшга кирган тўнғич қизини бой-бадавлат оилага келин қилиб берган эди. Қизи фарзандли бўлгунича азоб билан яшади. Эрнинг асоссиз рашклари, ноўрин камситишлари қизни ҳам руҳан, ҳам маънан эзади. Охир-оқибат ушбу оила барбод бўлди. Қиз ҳозир хорижда, йигит бошқа оила қурган. Ўртада 2 нафар фарзанд сарсон-саргардон.
Юқоридаги каби ҳолатлар оиладаги носоғлом муҳит, фарзанд тарбиясига етарлича эътибор берилмаётганлиги, қизлар оилавий ҳаётга зарур даражада тайёрланмаётганлиги, айрим ота-оналарнинг калта ўйлашлари, билимлари ўта саёз эканлиги сабабли содир бўлаётганлиги ачинарлидир.
Эрта никоҳларнинг олдини олишга жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул ва бурчлидир. Бу борада оила, маҳалла, мактаб, коллеж, умуман, кенг жамоатчилик ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши зарур.
- Ўғил-қизларимизни ои-лавий ҳаётга тайёрлаш учун биринчи навбатда нималарга эътибор беришимиз, умуман, қандай ишларни амалга ошириш зарур?
- Бу борада, энг аввало, фарзандларимизга тўғри тарбия беришга эътибор қаратишимиз лозим. Яна уларнинг соғлом ва бақувват ўсишларини таъминлашимиз муҳимдир. Бу жараёнда ота-онанинг, айниқса, оиладаги муҳитнинг роли ниҳоятда катта. Оиладаги тарбия миллий ва диний қадриятларимиз, халқимизнинг ўзига хос одоб-ахлоқ меъёрлари асосида олиб борилса, шубҳасиз, ёшларимиз оқил ва доно бўлиб камол топадилар.
Албатта, 15-16 ёшли қиз-йигит руҳан ҳам, жисмонан ҳам оилавий ҳаётга тайёр бўлмайди. Айниқса, бу ёшдаги қизларимизнинг турмуш қуриши оғир кечиши аниқ. Чунки қиз бола гулдек нозик бўлади. Зиммасига тушадиган рўзғор юмушлари унинг гулдек нозик қаддини букиб қўйиши мумкин. Бу юмушларга у тайёрми - йўқми, ота-она аввало, шу ҳақда ўйлаб кўриши керак.
Айни кунда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида вилоятимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, мавжуд ҳолат мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш, тушунтириш ва тар-ғибот ишларини, айниқса, ота-оналар, маҳалла фаоллари, шифокорлар ҳамкорлигини янада кучайтиришни тақазо этмоқда.
Қачонки, ҳар бир йигит-қиз оила муқаддаслигини ақлан тушуниб етсагина, турмуш қийинчиликларига бардош бера олади.
- Суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош
Маҳфуза НОРБОЕВА.
|