№7, 09.02.2012 АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 571 ЙИЛЛИГИГА
Навоий ижодида аёллар тимсоли
Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижодига эътибор қаратсак, бу буюк зот. Оилани, оналар ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини юксак баҳолаб, ўз орзуларини назм ипига маржондек тизганини яққол кўриш мумкин.
Алишер Навоий ўз даври ҳаётининг манзараларини кенг очиб берган ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. У яратган ажойиб образлари орқали инсонпарварлик ғояларини илгари сурди. Навоий ўзи яшаган даврнинг бешафқат зулми остида эзилиб яшаган аёлларнинг қаддини кўтариш учун улар ҳақидаги илғор фикр ва орзуларни юксак бадиий шакл ва бўёқларда, ўзига хос бадиий воситалар орқали ифодалади. Аёлларга феодалларча қарашни танқид остига олди. Аёлларнинг бетимсол образларини яратиб, ўзининг ҳаётий ва романтик орзуларини баён қилди.
Қош бирла, кўзинг яхши
ёноғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши,
дудоғинг яхши,
Енг бирла менгинг яхши
сақоқинг яхши,
Бир бир не дейин бошдин
то оёқинг яхши.
Ўзбек мумтоз адабиёти тарихига назар ташлар эканмиз, аёллар образларини яратишдек муҳим ишга ҳеч бир шоир Алишер Навоийдек катта аҳамият бермаган. Вафо ва садоқат, ишқ-муҳаббат бобида гўзал аёллар тимсолини, уларнинг юксак маънавиятини ўз ғазалларида жуда чиройли ифодалаб берган.
Хотин-қизларга нисбатан салбий муносабат ҳукм сурган ХV асрда Навоий болалар тарбиясида аёллар - оналарни оталар билан баробар ўринга қўяди.
Ота ва она бирдек ҳурмат-эҳтиромга муносиб эканлигини баён этади:
Бошни фидо айла ато
қошига,
Жисмни қил садқа она
бошига.
Тун-кунингга айлагали
нурфош,
Бирисин ой англа,
бирисин - қуёш.
Алишер Навоий "Ҳайратул-аброр" достонида фарзандларнинг ота-онага ҳамиша содиқ бўлиши, уларга самимий хизмат қилиши зарурлигини уқтиради.
Навоийнинг "Фарҳод ва Ширин" достонидаги Ширин образи ижодкор, вафодор, ватанпарвар каби фазилатларга эга бўлган мукаммал аёл образидир. Ширин "Мен инсонман, шунинг учун ҳам чин инсонни севаман", дейди.
Менга не ёру не ишқ
ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам
ушбу басдир.
Аёллардан тадбиркор, олима, давлат арбоблари чиқишига ишонган Навоий ўз қарашларини Меҳинбону образи орқали ифодалаб беради.
Меҳинбону ки донишпарвар
эрди,
Билик аҳлига шоҳи
сарвар эрди.
Навоий тасвирлаган аёллар ҳар жиҳатдан юксак қобилият соҳибаларидир. Унинг Лайлиси эркин севгини истайди, ўша замон урф-одатларига лаънатлар ўқийди. Ширин тимсолида ватанпарварлик, одамийликни кўрамиз. Меҳинбону адолат ҳомийси, давлат бошлиғи, буюк истеъдод эгасидир. Лубатий Чиний камтар, баҳодир аёл тимсолидир.
Навоий яратган тимсолларда ХV асрдаги феодал тузумда оғир кунларни кўрган, эзилган ва хўрланган, айниқса, даврдан норозиликни Лайли тилидан шундай ифодалайди:
Лайлики балоий
фурқати бор,
Икки Мажнунча
меҳнати бор.
Умр анга ғалат
ҳавасдур, ахир,
Жон тарки ажаб
эмасдур ахир.
"Сабъаи Сайёр" асаридаги чанг чалувчи Дилором тимсоли вафодор аёл қиёфасини ўзига хос чиройли воситалар орқали ифодалаб беради.
"Садди Искандарий" достонидаги Чин гўзали Лубатий Чиний образи ҳам жасур, паҳлавон, мард, жангларда ўз матонати билан душманларга қарши курашиб, ғалаба қилган мукаммал қаҳрамон аёл тимсолидир.
Алишер Навоий юқоридаги аёллар тимсолини яратиш билан давр олдига муҳим ижтимоий муаммоларни қўя билди. Шоирнинг беш аср аввал айтган орзу-ўйлари бугун мустақил мамлакатимизда ўз ижобатини топмоқда.
Бугун юртимизда аёллар қадр топган. Улар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этиб, ўзларининг гўзал маънавияти, билим ва маърифати билан миллатимиз шаънини, юрт равнақини кўтаришга бениҳоят катта ҳисса қўшмоқдалар.
Юлдузхон СОДИҚОВА,
Андижон давлат университети "Ўзбек адабиёти" кафедрасининг 1-босқич магистри.
|