№7, 09.02.2012 З.М.БОБУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 529 ЙИЛЛИГИГА
БИР ҒАЗАЛ ШАРҲИ
"Жамолинг васфи..."
Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен...
Гўзал ва жозибадор мисралар билан бошланувчи бу ғазал муаллифи, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур эканлиги барчага аён. Бу ғазал шайдоларининг қалбидан чуқур ўрин олган назм дурдоналаридан биридир.
Беш юз йилдан буён ўз таровати ва нафосатини йўқотмаган бу ғазал севимли ёр жамоли ва висолини бир кўришга ошуфтаю орзуманд бўлган ошиқ қалбидаги беғубор ва нафис туйғуларни ифода қилади. Унга севимли халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ўзига мос куй басталаб, юксак маҳорат билан куйлаган ва ҳанузгача куйланмоқда.
Киндик қони тўкилган мўътабар юрт Андижондан тақдир тақозоси билан анча олисларда, ўзга маконларда яшаган Бобур жанггу жадаллардан, эл-улус ғалаёнларидан толиққан руҳига дам бермак важидан беихтиёр сокин ва узоқ хаёлга толади. Она юрти ёдига тушиб, унинг ўтмиш соғинчи қалбини ўртайди. Назаримда, ана шу соғинч унинг қўлига қалам тутади:
Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,
Не кун бўлғай висолингга мене дилхаста етгаймен.
Ўз юрти ва халқидан айро тушиб, ўзга ерларда макон тутган ошиқ шоир ўз ёрининг (мумтоз адабиётда ой, қуёш, гул образлари кўчма маънода ёр тимсолида берилади) кўркам жамолини соғинади, унинг таъриф ва тавсифини неча элу неча элатлардан эшитиб, қалби янада соғинч ва изтироб туйғусига тўлади. Бир замонлар хаёлини ўғирлаб, қалбига ишқ дардини солган севимли ёрини кўришни орзу қилади. "Қачон ул тотли кун келгайки, ҳижрон азобларидан қутилиб, висоли шавқига ошно бўлиб, оташин ишқинг билан хасталанган юрагим давою таскин топса", дея армон билан сўзлайди шоир. Ғазал яна давом этади:
Тараҳҳум юзидин юзингни кўрмоққа буюрғайсен,
Хуш улким, оразингни кўргамен, сўзинг эшитгаймен.
Ёр васлига интизор, йўлига мунтазир бўлган ошиқ ҳамиша ёридан раҳм-шафқат, висолига ваъда, ваъдага эса вафо кутади. Шу боис, ёрнинг ифорли қора сочларидек мусаллал - занжир силсиласига узилмас бир халқа бўлиб уланган байт мазмуни қуйидаги маъноларни англатиб турибди.
Гўзал маҳбубани, лоақал раҳм-шафқат важидан, яъни юзингни бир кўришликни менга лойиқ кўрганингда эди, мен ўзимни беҳад комрон, бахтли ҳисоблардим. Чунки гул оразинг-ни кўриб, сеҳрли овозингни эшитиш менга ғурур ва чексиз шодлик бағишлайди. Бобур бу байтда тажнис санъатини қўллаб, "юз" сўзини икки хил маънода ишлатади. Ғазалнинг навбатдаги байти шундай қоғозга тушади:
Итингдурмен, сочинг занжирини бўйнимга маҳкам қил,
Ки водийи фироқинг ичра қўрқаменки, йитгаймен.
Ошиқ ёр висолига етиш учун унинг барча қийноқ ва синовларига бардош беришга тайёр туради. Ошиқ камтар ва ҳокисор. Ёр васли йўлида, ҳатто, унинг ити бўлишдан ҳам ор қилмайди. Қандай бўлса ҳам ёрга етишиб, ёнида бирга бўлиш.
Йўқ, бу ерда Бобур ўзини итга ўхшатаётгани йўқ. Ёрга бўлган вафою садоқатини ит образи орқали ифода қилишга уринади. Дарҳақиқат, шундай. Мен сенинг итингман, сочинг занжири билан бўйнимдан маҳкам боғлаб ол, акс ҳолда мен фироқинг ичида йўқолиб қолишим мумкин. Мен шундан қўрқаман, дейди шоир. Бобур мен сенга бир умр вафодор, содиқ дўстман, демоқчи бўлади.
Тараҳҳум қилмасанг, ё, боқмай истиғно била ўтсанг,
Тазарруъ қилғаймен, ё йиғлагаймен, ўзга нетгаймен.
Агар маъшуқа вафодор ёр ҳолатига ачинмаса, ундан раҳм-шафқатни дариғ тутса, унда ошиқ аҳволи оғир кечиши аниқ. Шунинг учун дейди: агар менга раҳм-шафқат қилишни ўзингга эп кўрмасанг ёки таманно билан мени кўрсанг ҳам кўрмаганга олиб, бепарво ўтиб кетсанг, мен нима ҳам қилар эдим. У ҳолда сенга илтижо қилиб ёлворар эдим ёки ўксиниб йиғлар эдим, бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмайди.
Ана энди ғазалнинг сўнгги байтига эътибор қилинг:
Муяссар бўлмаса бошимни қўймоқлик аёғига,
Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен.
дейди шоир ўзига ўзи.
Бу байтни шарҳлашга хожат йўқ. Чунки бу байт изоҳталаб сўзлардан ҳоли, содда ва тушунарли ёзилган. Уни ўқувчи осонгина тушуниши, мазмунини ўзича ҳис қилиши мумкин.
Ғазалда вафо вафосизликка, садоқат садоқатсизликка, меҳр-шафқат шафқатсизликка қарама-қарши қўйилган. Бу қарама-қарши образлар (ошиқ ва ёр) қиёфаси юксак маҳорат билан чизилган. Бобур ғазалининг сўнгги байтида тазод(контраст) санъатини қўллаб (бош-оёқ) фироқ ва шафқатсизлик азоб-уқубатларини бошидан кечириб, пок инсоний ишқ оташида тобланган ошиқ руҳий кечинмаларини тўлароқ очишга муваффақ бўлган.
Ёр ва диёридан айрилиб фироқ азобини чеккан шоир қалбининг изтиробларини акс эттирувчи бу ғазал беш асрни ҳатлаб, бизгача етиб келиб, юракларни ларзага солган экан, яна неча-неча асрлар оша авлодлар қалбини забт этишга ва худди бугунгидек ошиқ юракларга чўғ ташлашига, севилиб ўқилишига шубҳамиз йўқ.
Нусрат АБДУСАЛОМ.
|