№7, 09.02.2012 ҚАРИНДОШЛАР ҲАҚҚИНИ АДО ҚИЛАЙЛИК
Ислом дини кишиларни покликка, бир-бирларига яхшилик қилишликка ҳамда ростгўйликка буюради, ёвузликдан, бир-бирига зулм қилишликдан қайтаради.
Ислом дини таълимотида йигит киши зиммасига бир вақтнинг ўзида шариат томонидан бир қанча ҳақ ва ҳуқуқлар юклатилади. Шу ўринда, ота-она, аҳли аёл ва қавму қариндошлар ҳақ ва ҳуқуқлари борасида сўз юритсак.
Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) муборак Ҳадиси шарифларида уч кишининг дуоси ижобат бўлмайди: биринчиси - ота-онасига оқ бўлган, иккинчиси - фолбинга ишонган ва учинчиси - қавму қариндошларидан қариндошлик ришталарини узган кишигина ва улар дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўлишлиги таъкидланган.
Минг афсуски, кейинги пайтларда арзимаган муаммолар туфайли қариндошлик ришталарини кимлардир узган, яна кимлардир опа-сингилларидан буткул воз кечган, ака-укаларига нисбатан қалбида адоват ва кек сақлаган... Бундай кўнгилсизликларни кўриб, эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайди, киши. Яна шундай тоифа одамлар бор - бирозгина пулдор ва давлатманд бўлиб қолсалар, қавму қариндошларини менсимай қўядилар. Ёхуд, ака-укаларига арзимаган моддий ёрдам бериб қўйиб, умрбод таъна қилиб юрадилар. "Қачонгача унга мен ёрдам беришим керак? Ўзи ҳам пул топиш йўлини изласин-да", дея миннат қилгувчилар ҳам орамизда йўқ эмас.
Тангри таоло учта улуғ неъматни уч нарсага яширган: - ризолигини ибодатлар, катта-ю кичик яхши амаллар орасига беркитди. Қаҳру ғазабини катта-ю кичик гуноҳлар ичига яширди. Ўзига яқин бўлган дўст бандаларини эса инсонлар орасига беркитган...
Оқил одам барчага бирдек, қўлидан келганча яхшилик қилади. Бировни камситмайди, қариндошларининг ҳаққини адо қилади. Катта-ю кичик билан бирдек, ширин муомалада бўлади. Чунки динимиз доимо аҳил, тотув яшашга, меҳр-мурувват қўлларини бир-биримизга чўзишга чорлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: "Эй, имон келтирганлар! Мўминлар бир-бирларингиз учун ака-укадирсизлар", деб марҳамат қилади.
Ўйлаб кўринг, азизлар, бирор бир дўстингиз кўринмай қолса, ҳар қандай ишингизни ташлаб, унинг ҳолидан хабар олгани борасиз. Бироқ, баъзи бир кишилар бор, шифохонада хаста ётган амма ёки холасининг ҳолидан хабар олиб келишга вақт ажратмайди. Улфатлар гоҳ чиндан, баъзида ҳазилдан айтган аччиқ сўзларига ҳар қандай ҳолатда ҳам чидайди инсон. Лекин ота-онанинг ёки қариндошларнинг бир оғиз тиш ёриб, айтган ҳасратини малол олади...
Ўз уйингизни баланд, ҳашаматли қилиб қурдингиз дейлик, лекин ота-она ёхуд холангизнинг таъмирталаб кулбасини янгилаб беришга ҳафсала қилдингизми? Ҳар бир инсон мана шундай қатор саволларга виждонан жавоб излагани маъқул.
Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.): "Қариндошлари билан алоқани узган киши Жаннатга кирмайди", деб марҳамат этганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, одам шундай ҳолатга тушмаслиги учун қариндошлари билан алоқаларини узишдан қўрқмоқликлари лозим. Инсон учун силаи раҳм қилинишга энг ҳақли киши унинг ота-онасидир. Бундан ташқари, ака-ука, опа-сингил, ота ва онанинг қариндошлари ҳам силаи раҳм қилинишига ҳақли бўлган кишилардир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: "Қариндошлар билан муроса учун алоқа қилиш ҳақиқий силаи раҳм эмас, ҳақиқий силаи раҳм - улар алоқани узишган тақдирда ҳам, уни боғлаган кишидир" (Имом Бухорий ривояти).
Дарвоқе, қариндошларникига улар келгани учун бориш, келмаганлари учун бормаслик силаи раҳм ҳисобланмайди ва бунда савоб йўқдир. Шунинг учун қариндошлик ришталарида камарбаста бўлинг. Кишининг бошига оғир мусибат тушганда, яхши-ёмон кунларида яқинлари, жигарлари, қавму қариндошлари асқотади. Ана шу ҳақиқатни асло унутмаслик лозим.
Яратган барчамизни ҳидоятида собит қадам қилиб, ўзаро меҳр-оқибатимизни янада зиёда қилсин.
Ҳожиакбар ЯХЁЕВ,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом"
жомеъ масжиди
имом-хатиби.
|