№7, 09.02.2012 БИЗНИНГ СУҲБАТ
"Ўзбеклигимдан фахрланаман"
АКТЁР ВАЛИЖОН ШАМШИЕВ ТАРБИЯ, ОТА-ОНАГА ҲУРМАТ ВА АЁЛЛАР ҲАҚИДА
Оналар пойига жаннат поёндоз. Оналар бор экан, оламда бахт бор, меҳр-муҳаббат бор. Уларни ҳар қанча тараннум этмайлик, барибир таърифини, қиёсини топа олмаймиз. Чунки ҳамманинг ўз таърифи, ўз қарашлари бор. Андижон ўғлони, севимли санъаткор, қизиқчи ва истеъдодли актёр Валижон ШАМШИЕВнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини билиш учун у билан суҳбатда бўлдик. Бўлиб ўтган суҳбатни ихчамлаштириб, эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Валижон ака, бугун сиз билан оналар ва аёллар мавзусида суҳбатлашсак-да, оналар ҳақида фикрлар билдиришни ўзингизга қўйиб берсак.
- Биласизми, шу пайтгача жуда кўп журналистлар билан суҳбатлашиб, кўплаб газеталар учун интервьюлар берганман. Лекин ҳечам аёллар ҳақида гаплашмаган эканман. Бу мен учун биринчиси бўлди. Шунинг учун дабдурустдан аёллар, оналар ҳақида гапириш одамни эсанкиратиб қўяр экан.
Бола тарбиясида онанинг ўрни беқиёс. Шу ўринда бир умр ёдимда муҳрланиб қолган воқеани айтиб бермоқчиман. У пайтда ёш бола эдим. Онам билан кўчада кетаётиб, ерда думалаб ётган маст одамни кўриб қолдик. Шунда онам қўлимдан ушлаб, унинг ёнига олиб борган ва: "Болам, мана бу одамнинг аҳволини кўрдинг-ми? Ичкилик инсонни шундай абгор кўйга солади. Шунинг учун ҳеч қачон ичмагин, чекмагин. Мана шу ҳолга тушасан", деган. Бу воқеа миямга қаттиқ ўрнашиб қолган. Ҳозир ҳам ароқ ичаётган, сигарета чекаётган одамларни кўрсам, ўша воқеа ва ўша одамнинг ҳолати кўз ўнгимга келаверади. Кўрдингизми, ўз вақтида берилган тарбиянинг қанчалар аҳамиятли эканлигини?
Бу кунларга етишишимга, аввало, Худо, қолаверса, ота-онам сабабчи бўлишган. Онам мактабда фаррошлик қилганлар. Шу билан бирга ҳамкасблари билан қишлоқда фольклор гуруҳи тузишган. Улардан жуда кўп қўшиқлар, латифалар эшитганман. Шунинг таъсири бўлса керак, менда санъатга иштиёқ уйғонган. Ўрни келганда айтишим жоиз. Мен оналарни, аёлларни ҳурмат қилишни отамдан ўрганганман. Назаримда, фарзандлар отасига ўхшаса, оналар кўпроқ хурсанд ва бахтли бўлади. Агар ота шунга арзиса, албатта. Илоҳим, "Болам отасига ўхшасин", деб ният қиладиган бахтли аёлларимиз кўпайсин. Аслида "Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин", деб халқимиз бежиз айтмаган. Шунинг учун аёлларимиз нафақат оила ва фарзанд тарбияси, балки эр олдидаги бурчларини ҳам унутмасликларини хоҳлардим. Чунки кўп ҳолларда тинч ва мустаҳкам оила барпо бўлиши аёл кишига боғлиқ бўлиб қолади. Бу боғлиқлик оғир юк, қийин иш эмас, аммо жуда катта маъсулиятдир.
- Бугунги кунларга етишингиз осон кечмаган бўлса керак, албатта. Лекин ҳали машҳур Валижон Шамшиев бўлмаган, ҳаётда, санъатда ўз ўрнингизни топиб улугурмаган пайтларингизда она дуоси қўллаганини ҳеч сезганмисиз?
- Албатта сезганман. Нафақат у пайтларда, ҳатто, ҳозир ҳам онамнинг дуолари менга ҳар доим ҳамроҳ эканлигини ҳис қилиб тураман. Чунки қачон қарамай, уларни биз фарзандлар учун дуо қилаётган ҳолда кўраман. Онамнинг дуолари туфайли Тошкентдай шаҳри азимда эл назарига тушиб, обрў-эътибор топдим. Агар билсангиз, дунёда онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидан ҳам қимматли нарса йўқ. Ҳам қимматли, ҳам беминнат, ҳам сонсиз-саноқсиз улар. Шунинг учун хоҳлардимки, ҳар бир фарзанд онасининг дуосини олиб юрса. Оналарининг кўзларини ёшлаб, кўнгилларини оғритадиган, қарғишига учрайдиган болалар дунёда қолмаса, дердим.
- Ўзингиз ҳам шеърлар ёзиб турасиз. Мавзу доирасида бирор бир шеърингизни ўқиб берсангиз.
- Албатта, ўқиб бераман. Бир куни болаларимни машинага солиб, Андижонга - уйимга йўл олдим. Йўл-йўлакай мана бу шеър туғилди:
Фарзандларим олиб дуо
олиш-чун,
Шаҳардан йўл олдим
қишлоқ томонга.
Бобосин, бувисин кўриб
қайтамиз,
Шукрона келтириб
тинчлик замонга.
"Фарзандга оламнинг
озуқаси бор,
Ота-онаси айтган сўзда",
дейдилар.
Сўзлашмай телефон
орқали бугун,
Кўришга шошдик, меҳр
кўзда, дейдилар.
Бахтли фарзандлар бор,
ота-онани
Ҳар куни кўрса ҳам
соғиниб яшар.
Бадбахт фарзандлар бор,
ота-онани
Бир йилда бир кўрса,
оғриниб яшар.
Бизнинг юрт одамлари шундай бахтлики, деярли ҳамма ота-онасининг дийдоридан бахраманд. Мен кўп юртларда бўлиб, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни кўриб, шу юртда туғилганимга, ўзбек бўлиб яралганимга шукрона келтираман. Ота-она фар-зандга, фарзанд ота-онага садоқатли, севимли, қадрли. Балки, бизда фарзанд ҳаққига қилинадиган дуолар борлиги учун шундайдир. Ҳеч аҳамият берганмисиз, дуо тилак эмас. Тилак тилаш билан дуо қилиш орасида жуда катта фарқ бор. Мен халқимизнинг "Ота-онасига меҳрибон бўлсин" деган дуолари борлигидан фахрланаман. Эҳтимол, шунинг учун ота-она ва фарзанд бир-бирига эт билан тирноқдай яқиндир.
- Кўп юртларда бўлгансиз. Бошқа юрт аёллари билан ўзбек аёлларини ҳеч таққослаб кўрганмисиз?
- Албатта, бунақаси ҳам бўлган. Айтишади-ку, "Ҳамманики ўзига, ой кўринар кўзига", деб. Лекин мен бу мақолни ўзбек аёллари билан боғламаган бўлардим. Чунки бизнинг аёлларимиз нафақат биз, балки юртимизга ташриф буюрган бошқа миллат вакиллари томонидан ҳам ибо-ҳаё, юксак маънавият соҳибалари сифатида эътироф этилаётганлиги бор гап. Аёлларимизнинг оилани биринчи ўринга қўйишларини улар юксак баҳолайдилар. Чунки бизнинг аёлларимизгина оиласи, турмуш ўртоғи, фарзанди учун кўп нарсадан кечишга тайёр. Яъни, ўқиши, севимли иши, ҳатто, қийинчилик билан эришган машҳурлигидан ҳам. Бундан ташқари, улар олдидаги бурчини аъло даражада бажаришлари ҳам фикримга исбот бўла олади. Бошқа юртларга борганимда шундай нарсаларнинг гувоҳи бўлдимки, ҳатто, овқатни аёл пиширса, идишни эр ювади. Ваҳоланки, бу нарсани ўзбек аёллари ор деб биладилар. Улар нафақат ўз вазифалари, ўз ўринларини, шу билан бирга эрининг ор-номусини, шаънини ҳам биладилар. Биздаги ҳеч кимга ўхшамаган жуда гўзал одат борки, уни бошқа ҳеч қайси миллат аёлларидан топа олмайсиз. Аёллар эрининг кўзига тик қарамайди. Тўғри, баъзан бунинг акси бўлган "замонавий" аёллар ҳам учраб туради. Аммо Яратганга шукрона айтиш керакки, бунақалар жуда ҳам камчиликни ташкил этади.
- Сиз билан ғойибона дийдорлашиб турган ўқувчиларимизга тилакларингиз?
- Мен барча-барчага аввало, соғлик-омонлик, мустаҳкам оила ва бахт, имонли фарзандлар ва уларнинг камолини тилайман. Илоҳим, эркакларимизни ғурур, ор, мардлик, аёлларимизни эса ибо, ҳаё, садоқат ва меҳр тарк этмасин!
Суҳбатдош
Феруза ИҚБОЛ қизи.
|