№7, 09.02.2012 ОГОҲЛИК
ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ!
Мамлакатимизда катта ўзгаришлар рўй бераётган, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида ёшларнинг ўрни ва роли ортиб бораётган бир пайтда айрим ўсмирларимизнинг гиёҳвандлик балосига мубтало бўлишаётгани барчамизни ташвишга солмоқда.
Гиёҳвандликнинг ёшлар ўртасида тарқалиши ўта хатарлидир. Чунки, ёшлар жамият келажагини таъминловчи асосий бўғин ҳисобланади.
Оғу - инсон жисмини қанчалик хароб қилса, худди шундай жамиятнинг мол-мулки, бойлигига мислсиз даражада зарар етказади. Аср вабоси, деб аталаётган бу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни етим қилади, муҳтожлик, қашшоқликда яшашга мажбур этади, охир-оқибат кишини таназзулга олиб боради.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, гиёҳвандликка илк қадам қўйиш кўпроқ 11-17 ёшли ўсмирларда кузатилади. Шу боис, ана шу ёшдаги ўсмирлар имкон қадар, назоратда бўлса, фожеанинг олди олинган бўлади.
Маълумки, оила - жамиятнинг асосий бўғинидир. У соғлом бўлса жамият ҳам соғлом бўлади. Бирор оиладан кимдир оғуни истеъмол қилса, энг аввало, унинг ўзига зарар етади. Оиласининг моддий аҳволи қийинлашади. Натижада муҳтожлик туфайли қинғир йўллар билан пул топишга ҳаракат қилади. Гиёҳванд ўзини ирода қила олмай, жиноятга қўл уради.
Гиёҳвандликнинг авж олишида хорижда ишлаб чиқарилган жангари, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган кинофильмлар муҳим роль ўйнамоқда. Ҳали қатъий фикрга эга бўлмаган ўсмирлар осонгина уларнинг таъсирига тушиб қолмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, инсон дунёга келдими, фақат яхши амалларни бажариши зарур, акс ҳолда ҳаёти ўз мазмунини йўқотади. Турли қусурлар, айниқса, гиёҳвандликка берилиш жаҳолат ботқоғоғига етаклайди. Шу боис ҳам ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлайлик. Фарзандларимиз, ёшлар аср вабоси домига тушиб қолмасин.
Ҳаётбек САЙДУЛЛАЕВ,
Андижон темирйўл бекатидаги Тармоқ
ИИБ ВЕУН ва ХПГ инспектори, лейтенант.
|