№8, 16.02.2012 ШУКРОНАЛИК
МЕҲНАТ ИНСОННИ УЛУҒЛАЙДИ
Жалақудуқ туманида умргузаронлик қилаётган кекса онахон Дилбархон момо Ҳамдамова ўз ҳаёти, ўтган умр йўллари ҳақида шундай ҳикоя қилади.
- Ўн ёш бола учун ҳали ўйнаб тўймайдиган, ҳеч нарсани ўйламай, қўғирчоғини қучоқлаб юрадиган бир давр. Мен эса бу ёшимда даладан машоқ териб келиб, укаларимга чевати пишириб берардим. Негаки, онам касалликка чалиниб қолганди-да. Отам эса урушга кетганди. Урушдан қайтиб келгач, колхозда ҳисобчи, омборчи бўлиб ишлаган.
Ўша пайтда Маҳкамбой тоға деган бригадир бўларди. Обиджон ака ҳисобчи эди. Улар: "Энди катта қиз бўлиб қолдинг, ғўза чопасан", дейишди. Бола бари бир бола бўларкан-да. Далага чиқиб, чопиш керак экан, деб эгатдаги ҳамма ғўзаларни чопиб ташлабман. Кейин менга тушунтиришди. Далада ишлаб, меҳнат ҳақимга 8 килодан курмак олардим. Шолиси урушга жўнатиларди. Эҳ-ҳе, у кунларни айтаверсам, худди эртакка ўхшайди...
Катта бувим Андижонда яшарди. Ўн икки яшар пайтимда бувимникига бориб, нон олиб келардим. Қўрқмаганимни қаранг. Олиб келмасам, оч қолардик-да. Муштдай бошим билан аҳд қилганим: "Яхши ўқиб, ишлаб, яхши одам бўламан, онамга, сингилларимга ёрдам қиламан", деб. Аҳдимга, ниятимга яраша тинмай ҳаракат ҳам қилдим. Аллоҳ берган неъмат - қўшиқ куйлаш бахти доимо мен билан бирга эди. Ашула айтганимда қўшни пайкалда ишлаётганлар ҳам бемалол эшитишарди. Ёшлик ғайратим ичимга сиғмай қўшиқ айтиб ғўза чопардим, пахта терардим.
Сир бўлса ҳам айтай, Раҳматали тоғангизга турмушга чиқиб, фарзандли бўлган пайтимда ҳам санъатга иштиёқим баланд эди. "Барибир санъаткор бўламан", дердим. Қаёқда дейсиз, оила, болалар билан ўралашиб қолдим. Қолаверса, уйдагилар рухсат ҳам беришмаган.
1958 йили "Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун" кўкрак нишонига сазовор бўлдим. 1959 йилда эса Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат бўлдим. Меҳнат инсонни улуғлайди, деганлари шу бўлса керак-да... Оддий меҳнатим билан депутат - Дилбархон Ҳамдамова бўлиб элга танилдим.
Эл назарига тушган аёлнинг йўлида баъзи "синов"лар ҳам учраб тураркан. Аллоҳга шукр, синовлардан оиламга ҳам, аёллик шаънимга ҳам хиёнат қилмай ўтганман...
Мен учун энг олий унвон - тинч оилам, ширин фарзандларимдир. Қобилжон ва Козимжонларим - ўқитувчи, Рустамжоним - уста, Бахтиёр - агрономликка ўқиган, Жаҳонгир - техника соҳасида, Ҳусниддин - ички ишлар тизимида хизмат қилади. Ёлғиз қизим - Фароғатхон билим юртини битирган.
Турмуш ўртоғим иккимиз нафақадамиз. 23 невара, 7 чеваранинг, фарзандлар, келин-у, куёвларга, юртимиздаги тинчлик, тўкин-сочинликка шукрона келтириб, дуо қилиб ўтирибмиз. Ҳозирги замонамиз ёшларига ҳавасим келади. Бундай шароитлар бизнинг давримизда бўлганида қанийди, дейман-да. Қанча-қанча армонларимиз ичимизда қолиб кетди... Энди невара, чевараларимиз ўша армонларни рўёбга чиқаришсин. Ўша кунларга ҳам етайлик, илоҳим...
Раҳимахон
АБДУРАҲМОНОВА
ёзиб олди.
|