№10, 01.03.2012 ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИГА НОМЗОДЛАР
УФФОРА - БЎЛАЖАК ЖУРНАЛИСТ
Уффорахон Ҳабибуллаева 1994 йили Пахтаобод туманида туғилган. Айни пайтда Пахтаобод иқтисодиёт коллежининг 3-босқич ўқувчиси. У Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлардан биридир.
Уффора коллежда намунали хулқи, аъло баҳоларга ўқиши, одоб-ахлоқи билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда. Ўтган йили тумандаги касб-ҳунар коллежлари бўйича "Туманнинг энг фаол ўқувчиси" деб топилиши ҳам бежиз эмас. У ҳамиша жамоат ишларида фаол. Туман миқёсида ўтказиладиган турли тадбирлар ва байрамлар учун сценарийлар ёзади. Ушбу тадбирларда бошловчилик қилади. Қаҳрамонимиз равон нутқи, теран фикрлари, зукколиги билан тадбир иштирокчиларининг эътиборини қозониб келиши ҳам унинг истеъдод соҳибаси эканлигидан далолатдир.
Уффорада актёрлик қобилияти ҳам бор. У коллежда ўтказиладиган тадбирларнинг саҳна кўринишларида турли ролларни маҳорат билан ижро этади.
Уффоранинг келажакдаги орзуси журналист бўлиш. У ўз орзуси йўлида тинмай ўқиб, изланмоқда. Унинг ёзган мулоҳазалари, долзарб мавзудаги мақолалари анча сайқалланиб, ўқувчилар эътиборини тортмоқда.
Уффора серқирра ижодкор. У ҳам назм, ҳам насрда қалам тебратаётган ёшлардан бири. Унинг адабиёт ва шеърият йўлида тинимсиз изланишлари 2011 йили йили ўз самарасини кўрсатди. Унинг "Академнашр" нашриёти томонидан "Манглайдаги бахт" номли илк шеърий китоби нашрдан чиқди.
Ёш қаламкаш Уффора Ҳабибуллаеванинг ижодий фаолиятига юксак парвозлар тилаймиз.
"СПОРТ-ОРЗУЛАРИМГА ЕТКАЗМОҚДА"
Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлар сафидан ўрин олган Мавлуда Ғоффорова нафақат вилоятимиз, балки республикамизда ҳам синхрон сузиш бўйича таниқли спортчи ёш-лардан бири саналади.
Мавлуда мактабда ўқиб юрган кезлари спорт тўгаракларидаги машғулотларни қолдирмасди. Ўз қобилиятини кўрсатишга, юқори натижаларга эришишга астойдил ҳаракат қиларди. Шу тариқа спорт унинг ҳаёти мазмунига айлана борди.
Қаҳрамонимиз 2007 йилда илк халқаро мусобақаларда қатнашиб, кумуш медални, 2009 йилда эса "Сув париси" синхрон сузиш бўйича X Халқаро турнир мусобақасида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди.
2010 йил май ойида Синхрон сузиш буйича Ўзбекистон чемпионатида Мавлуда муваффақиятли иштирок этди. Дуэт йўналишида ўз маҳорати ва истеъдодини ажойиб тарзда намойиш этган Мавлуда олтин медаль билан тақдирланиб, Ўзбекистон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.
- Бу ютуғим Андижон давлат университети жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетига имтиёз асосида қабул қилинишим учун имконият яратди. Спорт - мени орзуларимга еткизмоқда десам, асло муболаға бўлмайди, - дейди суҳбатдошим.
Эндигина 20 ёшни қаршилаётган Мавлуда бугунга қадар республика ва халқаро мусобақаларда 2 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритган. 2011 йили эса у синхрон сузиш бўйича спорт устаси нормативини бажарди.
Айни кунда Мавлуда Ғоффорова бўлғуси мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. У доим ўзига билдирилган ишончни оқлаб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлишига ишонамиз.
СПОРТДА ТОБЛАНГАН МАФТУНАБОНУ
Ҳаётини спортсиз тасаввур қилолмайдиган Мафтунабону Жуманова спортнинг "Таэквон-до" тури билан шуғулланади. Бир неча йилдирки, турли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Ундаги иқтидор 2007 йили Taekwon-do ITҒ бўйича пойтахтда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги республика очиқ чемпионатида мутлақ ғолибликни эгаллаганида яққол намоён бўлганди. Шундан сўнг у турли турнирларда ўз маҳоратини ошириб борди. Гиламда рақибни маҳв этиш усуллари, техника ва тактикасини пухта ўзлаштирди. Бу изланиш самараси ўлароқ халқаро миқёсидаги мусобақаларга чиқди. 2010 йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллади.
- Спорт менга бўш вақтдан унумли фойдаланишни ўргатди, - дейди Мафтунабону. - Спорт билан шуғулланиб, ўзимга жуда кўп нарса олдим. Жиддийликни, бошқаларни ҳурмат қилишни ўргандим. Кўплаб дўстлар орттирдим.
Ҳозирги кунда юртимизда аёллар спортига катта эътибор қаратилмоқда. Мафтуна спорт аёл киши учун ҳам жисмонан, ҳам маънан гўзаллик бахш этишини кўп бор такрорлайди.
- Коллежимиз спорт залида ўқувчилар, маҳалла қизлари ва уй бекаларини жалб этган ҳолда бадиий гимнастика, баскетбол ва волейбол бўйича машғулотлар ўтказилади, - дейди у. - Машғулотларга қатнашаётган аёлларнинг уй юмушлари, ўқишдан ортиб спортга ҳам вақт топа олишлари мени қувонтиради.
Эндигина 19 баҳорни қаршилаган Мафтунабону Жуманова Бўз педагогика коллежида жисмоний тарбия фанидан ёшларга сабоқ бермоқда. Ишонч билан айта оламизки, келгусида у юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган фидойи ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади.
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА
|