Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№10, 01.03.2012

ҚАЛБ ТУҒЁНИ

БИЗ БУЮК ТЕМУР АВЛОДЛАРИМИЗ

"Наслига қараб аслидан гапирилади" деган ҳикматни эшитганим бор. Агар шу ҳикматдан келиб чиқсак, биз Темурийзодалармиз. Халқимизнинг қўли очиқлиги, чапанилиги, меҳмоннавозу кўзи тўқлиги ҳақида гап кетса, "Ҳа энди насли тоза халқда" деган иборани бемалол ишлатилиши балки шундандир.

Филология фанлари номзоди Поён Равшановнинг Салоҳиддин Тошкандий қаламига мансуб "Темурнома" асарига ёзган сўзбошисида шундай дейди: "Темурнинг пешонасига соҳиб-қиронлик битилган эди. Буни етти иқлим мунажжимлари ҳам олдиндан каромат қиладилар. "Икки сайёранинг-Зуҳал ва Муштарийнинг яқинлашуви даврида (Оллоҳ таоло шу соатда оламни яратган экан) туғилган ўғил соҳибқирон бўлар экан. Бу ҳолат ҳар саккиз юз йилда бир такрорланар экан. Шундай пешонаси ярқираган зотлар Амир Темургача иккита ўтган экан. Булар Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)" ва Искандар. Мана шунинг ўзиёқ наслимизнинг қандайлигини шарҳлаб туради.

Ахир Амир Темурдай соҳиб-ўқиронда улуғвор фазилатлар бўлмаганида, бунча катта шавкатга эга бўлмасди. Унга ўз даврининг энг катта пирлари маслаҳатгўй ҳазрат бўлиб юрмасди.

"Темурнома"нинг сўзбошисида шундай ҳикоят ҳам келтирилади: "Амир Тўрағай бир куни ўғлига кўп қўй бериб, Самарқанд бозорига жўнатади. У қўйларнинг ҳаммасини минг олтинга сотиб, пулларини белига боғлаб, бозорларни сайр қилиб юрар эрди. Бир ерда қаландар маърака қилиб сўзлаюр. Қўлида қоғоз, шеър ёзилғон. Бу шоир Камол Хўжандий эди. Унинг қўлидаги рубоийни Темур минг тангага-қўйларнинг пулига сотиб олади. Камол Хўжандий рубоийсининг мазмуни яхшиликка даъватдан иборат, зулм билан дунёда ном қолдириб бўлмайди. Жамшид, Сулаймон, Искандарлар ўтиб кетди, навбат сенга ҳам етиши тайин, яхшилик қил".

Шу ҳикоятнинг ўзидаги маъно-моҳият ҳам Амир Темурнинг болалигиданоқ эзгуликка эш улғайганидан ва мана шу ўзи рубоийда англаган ҳикматга бир умр содиқ яшаганидан далолат беради.

Соҳибқироннинг аёлларни ардоқлашдек буюк фазилатга эгалиги ҳақида дунё сайёҳларини лол қолдириб турган Бибихоним тарихий обидаси сўзлаётгандек туюлади. Амир Темурдай соҳибқироннинг ҳурматига сазовор бўлган Сароймулкхоним бизнинг момомиз, бибимиз бўлади.

Бибим десам кўздан

тўлин ой ўтди,

Кавсар суви янглиғ тоза

чирой ўтди.

Синоати, файзи улуғ

сарой ўтди,

Тиллақошлар қучоқлаган

Хумой ўтди.

Бегойим денг, бибим

Сиздай аёл бўлай.

Сўз айтасиз чигал

арқон ечим топар,

Ҳайрон нурлар тонгин,

юлдуз кечин топар,

Жангда ҳорган Соҳибқирон

кучин топар,

Ҳақ йўлинда сўзин топар,

бурчин топар,

Мен ҳам бир мард

манглайига ҳилол бўлай,

Бегойим денг, Бибим

сиздай аёл бўлай.

Мен шу ўринда Темур бобомиздан мерос бўлиб қолган аёлини асраш, уни иззат қилишдек табаррук одатларимиз ҳозиргача мукаммал яшаётганини айтиб, фахрланишни жуда хуш кўраман. Бугун Ўзбекистон аёллари учун яратилаётган шароитлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилишдек фармонлар, ижролар ҳақида ўйлаганимда, бу ҳам наслий меросга содиқлик эканини англайман.

"Темур тузуклари"ни варақлар эканман, "Амр эттимки... Авлиёлар, дин пешволарининг мозорлари ва мақбаралари вақфдан маблағ ажратсинлар, у ерларни гилам, таом ва чироқ билан таъминласинлар", деган сатрларга кўзим тушганида эса, Мамлакатимиз Президентининг саъйи ҳаракати, фармонлари билан обод бўлган Имом ал - Бухорий, Баҳовуддин Нақшбандий, Имом-ат Термизий, Заҳириддин Бобур, Ҳазрат Мотурудий каби зиёратгоҳлар кўз олдимга келади. Яна наслий меросга содиқлик ҳақида ўйлаб, тўлиқиб кетаман. Мустақил бўлганимизга бор-йўғи йигирма йил бўляпти.

Республикамизнинг ҳар бир шаҳрида, қишлоғида бундай зиёратгоҳлар, аждодлар руҳи покиза иззат, ҳурмат кўрсатиб қурилган, таъмирланган обидалар бисёр.

"Темур тузуклари"даги мана бу сўзларга аҳамият беринг:

"Яна амр эттимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёҳуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили эса қонун қоидага мувофиқ хирож йиғилсин".

Яна бугунги кунимизга назар ташлайлик, Президентимизнинг тадбиркорларни қандай қўллаб-қувватлаётгани, уларнинг яратувчанлик изланишлари учун шароитлар яратилаётганлиги, айниқса, қишлоқларни обод қилишга ҳисса қўшаётган тадбиркорларга уч йил, ҳатто, беш йилгача солиқлар бўйича имтиёзлар берилганлиги ҳақидаги махсус фармонлар ҳам Амир Темур тузукларидаги иш услубларини эслатмайдими?

Амир Темур ўзининг машҳур "Оқ сарой" обидаси пештоқига ёздириб қўйган пурҳикмат сўзлар-чи: "Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлганлар биз қурган иморатларни кўрсинлар". Ана, энди Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин қандай катта қурилишлар амалга ошгани, эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилаётган иншоотлар, музейлар, таълим муассасалари, равон йўллар шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига-кўрк қўшиб тургани ҳақида ўйлаб кўрайлик.

Тарихда ўзга юртга бориб, узоқ йиллар туп ёзиб палак отиб, обрў-эътибор топиб дунёни лол қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Темурийзода эди-да. "Бобурнома"ни ўқиган киши Ҳазрат Бобурнинг ўз нас-ли ҳақида ҳамиша фахр билан гапиришдан, бу фахрнинг қадри тушишига бир лаҳза бўлсин йўл қўймаганидан ҳам билса бўлади буни.

2012 йилни юртбошимиз "МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ" деб номлашни таклиф қилди. Ва бу борадаги алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди. Демак, ҳаммаси ҳали олдинда. Яхши ишлар, қувончли кўринишлардан элимизнинг умиди катта.

Биз буюк Темур авлодлари эканмиз, эзгуликка, яхшиликка эш бўлиб яшашдан ўзимиз ҳузурланаверамиз. Наслимизни, бир лаҳза бўлсин унутмаган ҳолда жаҳон айвонида юрт байроғини баланд кўтариб туришдан ғурурланамиз. Соҳибқирон бобомизнинг таваллуд кунлари эса элимиздаги фараҳбахш байрамлардан бири ҳисобланади. Соҳибқирон бобомизни янада изчилроқ ўрганиш, болаларимизга бу ҳақда ўргатиш, у ҳақда кўнглимиздан кечган ҳиссиётларни қоғозга туширишдан яйраймиз.

Замира РЎЗИЕВА,

шоира.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди