Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№10, 01.03.2012

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

"ЎЗИНГИЗНИ ЯХШИ КЎРИНГ!"

Актриса Зуҳра Солиевани бугун халқ орасида танимаган инсон бўлмаса керак. Бу санъаткор экранларда доимо хушчақчақ, уришқоқ, шаддод қиёфаларда кўриниш беравериб, онгимизга ҳам шундай сингиб кетган. Лекин у аслида умуман бошқа инсон. Унинг қалбида ҳаётнинг аёвсиз курашларидан қолган чандиқлар, жудоликлар изи бор. Сўзларида машаққатларда тобланган инсоннинг армонлари, орзулари ва шукроналари мужассам...

- Зуҳра опа, санъатга кеч кириб келгансиз. Шундай бўлса-да, Тошкентга келишингизга, санъатда бу даражага эришишингизга нима сабаб бўлган? Мақсадми, аламми ёки ҳаддан ташқари қизиқишми?

- Биз Фотима-Зуҳралар ёшлигимиздан холамиз, Ўзбе-кистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовага ҳавас қилиб, актриса бўлишни орзу қилганмиз. Лекин мактабни тугатиб, мақсадимизни айтганимизда, отамиз қаршилик кўрсатдилар. Шу боисдан ҳам Тошкентга, санъат олийгоҳига ўқишга кела олмай, Самарқандда турли соҳаларда иш бошладик. Мен Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлими поликлиникасида иш юритувчи ва Самарқанд телевидениесида ишлаганман.

23 ёшга етганимизда Фотима оғир хасталаниб, тўшакка михланиб қолди. Ўша онлар дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетганди. Лекин тақдир экан, касаллик Фотимани икки йил азоблаб, орамиздан олиб кетди. У 25 ёшида мени бу дунёда ёлғиз қолдириб кетди. Ўлими олдидан менга Тошкентга бориб ўқишимни, актриса бўлишимни, иккимизнинг орзуимизни амалга оширишимни илтимос қилди. Лекин менга Фотимасиз ўқиш ҳам, иш ҳам, ҳаёт ҳам татимасди. Тошкентга келмадим. Келолмадим. Кўнглимга сиғмади. Ахир, Фотима у ёқда ёлғиз қолса-ю, мен Тошкентда юраманми? Ундан ташқари, ўзим оғир депрессия ҳолатида эдим. Бироқ, кундузлари хаёлимдан кетмаётган Фотима кечалари тушимга кириб, мени ўқишга боришга ундайверди.

Тошкентга келдим. Ўзим хоҳлаб-хоҳламай имтиҳон топширдим. Худонинг қудратими ёки Фотиманинг кучли хоҳишими билмадим, институтга давлат гранти асосида қабул қилиндим. Дастлаб, ўқиш кўнглимга сиғмади. Сал нарсага жаҳлим чиқиб, бировлар билан уришиб кетардим. Йўқ, аста-аста ўзимни қўлга олиб, ўқий бошладим. Яхшиям устозим Мунаввара Абдуллаева бор экан. У киши мени бу ҳолатдан чиқишимга жуда катта ёрдам бердилар. Улар туфайли шу кунларга эришдим. Агар мен ўша ҳолатда ўқиб юрганимда ўқишни ҳам тугата олмаган, бу кунларга етмаган бўлардим.

Ўқишни тугатиб, миллий театрга ишга келдим. Илк ролим "Андишали келинчак" спектаклидаги мардикор аёл образи орқали халқ эътиборига тушдим десам, янглишмайман.

- Доим шаддод, уришқоқ, шўх аёллар ролларини ўйнайсиз. Бунинг тамоман акси бўлган ролларда ҳам ўзингизни кўра оласизми?

- Албатта. Биз тўрт йил шу соҳада ўқиган эканмиз, ҳар хил жанрларда тобланиб пишганмиз. Устозларимиз бизнинг ҳамма қирраларимизни очишга ҳаракат қилишган. Шунинг учун "Бу ролни ўйнай оламан" ёки "Бу рол меники эмас" дейиш актёр учун уят. Мен комедия жанридан иш бошлайман, деб хаёлимга ҳам келтирмаганман. Лекин ўзимни бир қиррали актриса ҳисобламайман. Жиддий роллар беришса, бемалол ўйнай оламан. Яқинда экран юзини кўриши кутилаётган "Одамлар орасида" сериалида мен драматик образ ижро этдим.

- Аёл кишини ожиза, заифа дейишади. Лекин орамизда шундай аёллар борки, улар қилган ишлари билан айрим эркакларни ҳам ортда қолдириб кетишади. Бунга қандай қарайсиз?

- Аёл - иродаси билан эркакдан кучли. Чунки улар севсаям қаттиқ севадилар. Масалан, менга олийгоҳда бир курсдошим севги изҳор қилган. Лекин иродасизлик қилиб, кураша олмаган. Мен эса иродам кучли бўлгани учун санъат соҳасида олға интилганман. Аёллар ишда, оилада барча қийинчиликларни иродаси билан енгиб ўтади. Зеро, шоир айтганидек:

Аёлнинг ғурури тоғдан

сув ичар,

Тошлар теккан сари

тикроқ бўлади.

"Сен ойсан", деган кун

осмондан кечар,

Азиз эркаклар, пойингиз

ўпгали тупроқ бўлади.

Ғурури тоғ, иродаси кучли бўлса ҳам, аёл биргина ширин сўзнинг гадоси. Хоҳлардимки, ҳар бир аёлнинг турмуш ўртоғи ундан ширин сўзини аямасин. Ўшанда аёл тоғни талқон қиладиган, дунёни забт этадиган даражадаги кучга эга бўлади.

- Сизнингча бахт нима? Уни қандай тасаввур қиласиз?

- Бир кино кўрганман. Унда ўқувчилар "Бахт нима?" деган мавзуда иншо ёзадилар. Шунда, уларда бири бир оғиз сўз билан "Бахт бу - сени тушунишлари", деган эди. У пайтлар бу гапнинг маъносини тушунмагандим. Ёзгани эриниб, қисқагина гапирди-қўйди, деб ўйлаганман. Мана, энди ёшим улғайиб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўриб, бу нарсага амин бўлдим. Чунки сени тушунсаларгина сен тинч ва бахтли бўласан. Демак, бахт бу сени тушунишлари.

- Бахтлимисиз?

- Ҳа, бахтлиман. Чунки атрофимдагилар мени тушунишади. Инсон тўла-тўкис бахтга етишиши учун қанча синовларни бошидан кечиради. Фақат ҳеч қачон нолимаслиги керак. Чунки ҳамма нарсанинг ўз сабаб ва натижалари бор. Мен ҳозир тўла-тўкис бахтли эмасман. Қайси маънода? Ҳозир театрдан кетдим, ёшим 40 да, ҳали турмуш қурмадим, болаларим ҳам йўқ. Худо хоҳласа буларга ҳам эришаман. Бунинг учун эса ҳозирги бахтли онларимга шукур қилиб яшайман, ҳеч қачон нолимайман. Сабаби, мени яхши кўрадиган мухлисларим бор.

- "Миш-миш"ларга муносабатингиз?

- Умуман олганда миш-мишларга муносабатим яхши. Фақат улар ўринли бўлса. Айтишадику, агар сен ҳақингда миш-мишлар бўлса, демак, сени унутишмаган. Тўғриси, миш-мишдан эмас, умуман гапирилмасликдан, ёдга олинмасликдан қўрқиш керак, деб ўйлайман. Аммо гапириш экан, деб бўлар-бўлмас гапни айтиш - бу гуноҳ.

Сиз ҳақингизда шов-шувли "миш-миш" бўлганлиги?

- Зокир Очилдиевни севиб қолибди, деган "миш-миш". Бу аслида биринчи апрель ҳазили эди. Бир куни менга кўп тиражли бир газетадан қўнғироқ бўлди. Улар газетанинг биринчи апрелдан битта олдинги сонида шунақа миш-миш эълон қилиб, биринчи апрель куни эса "Бу ҳазил эди" деб ёзишни режалаштиришган экан. Буни қайси санъаткорга айтишса, "Йўқ" дейишибди. Менга "Сиз рози бўлинг", дейишди. Менинг ҳам кўнглим бўш эмасми, тағин, ўзим ҳам қизиқиб "Майли", деб юбордим. "Кимни севар эканман", десам, "Зокир Очилдиевни" деб айтишди. Рози бўлдим. Ҳаммаси газета чиққанидан кейин бошланди. Кўча-кўйда юрсам, мени кўриб "Ақлингизни йиғиб олинг", деб маслаҳат берадиганлар, ҳамкасблар орасида "Зуҳрага нима бўлди?" дейдиганлар кўпайиб қолди. Мана, ўшандан бери ҳали Зокир акани кўрмадим. Кейин ўқисам, Зокир ака ҳам интервью берибдилар: "Бу севгини Зуҳрахон анча олдин менга айтган эди. Мен оилам бор деганман" сингари гаплар. Газета ходимлари воқеалар бундай тус олишини менга айтишмаган эди. Шу воқеа мен ҳақимда "шов-шув"га сабаб бўлди.

- Нималар кўнглингизни оғритади, нималар эса таскин бағишлайди?

- Инсоннинг кўнглини оғритишдан ёмон нарса йўқ. Менинг ҳам кўнглимни оғритганлар жудаям кўп бўлган. Мен бировнинг кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиламан. Инсон ким бўлишидан, мавқеидан қатъи назар ҳаммада кўнгил бор. Худо ҳаммага кўнгил берган. Худо берган кўнгилни оғритишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мен кўнглим оғриган пайтда экранлардаги каби жанжал қила олмайман. Уйга келиб йиғлаб-йиғлаб, нима бўлса яхшиликка, деб шундан таскин топаман.

- Ўзингиз ҳам бировнинг дилини оғритиб қўйиб, кечирим сўрай олмай юрган пайтларингиз бўлганми?

- Йўқ, унақаси бўлмаган. Агар билсангиз, кечирим сўрашга ҳам куч керак. Нима демоқчиман? Агар ўзим бировнинг дилини ноўрин ранжитганимни билсам, хато қилганимни англасам, албатта, кечирим сўрайман. Айбингни тан олиб, кечирим сўраш оғир эмас. Лекин ғурур билан кечирим сўрагандан, сўрамаган яхиш.

- Ҳар доим ва ҳаммани ҳам кечира оласизми?

- Йўқ, ҳар доим ҳам эмас, ҳаммани ҳам эмас. Менга ёмонлик қилган одамларни кечириб, улар билан яна аввалгидай яхши муносабатда бўлиб кетишим мумкин. Аммо қалбимни йиғлатганларни кечира олмайман. Кечиришим мумкин, лекин уни эсимдан чиқара олмайман. Кўнглимда доғи қолади. Ўша одамни неча йиллардан кейин кўрсам ҳам қалбимни оғритган пайтидаги оғриқни яна ва яна ҳис қилавераман. Яхши гаплашсам ҳам дилим оғриб тураверади. Шунинг учун ҳам одамларга "Бировнинг қалбини оғритманг", дегим келади. Кўплар мендан "Санъаткор бўлмаганингизда ким бўлардингиз?" деб сўрашади. "Санъаткор бўлмаганимда шифокор бўлардим", дейман. Мен дунёдаги ягона - қалбларни даволовчи шифокор бўлардим. Чунки инсоннинг қалби оғриса, танаси касал бўлади. Қалби яралансагина тана азобланади. Менинг ёнимга келган беморларга эса битта гап айтардим: "Ўзингизни яхши кўринг! Ўшандагина қалбингиз оғримайди. Шундагина дилингизни оғритадиган инсонлар сиздан узоқлашади".

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди