№11, 06.03.2012 АЁЛЛАРНИНГ ҲАР БИР КУНИ БАЙРАМ БЎЛСИН
Юртимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ва бошқа қатор Давлат дастурлари доирасида кенг-кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда вилоятда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда.
Агар таҳлил этадиган бўлсак, ўтган 2011 йилда вилоятдаги банклар томонидан тадбиркор хотин-қизларга ажратилган кредит маблағлари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар ўсиб, 47 млрд. 362 млн. сўмни ташкил этди. Натижада хотин-қизлар учун 39520 та ўрнига 40810 та янги иш ўринлари барпо этилди ва белгиланган режа 103,3 фоизга бажарилди. Яратилган янги иш ўринларининг аксарияти кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келди.
Аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграцияси ва одам савдосининг олдини олиш, умуман, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 2980 марта турли тадбирлар ўтказилди. Ўтказилган тадбирларда 390 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этдилар. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Меҳримиз Сизга" аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига мурожаат қилган аёлларнинг барчасига тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Қўли гулдир ўзбек аёлин" кўргазма савдолари мунтазам равишда ташкил этилиб, уларда кўплаб ҳунарманд аёллар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Бундан ташқари, вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини чеварлик, тўқувчилик ва дизайнерлик борасидаги касб маҳоратларини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида "Асл либослар" миллий ва замонавий либослар фестивали ўтказилиши анъанага айланди. Фестивалда талаба ва ўқувчилар " Миллий матолардан тикилган либослар", "Ёшларнинг замонавий либослари" ва "Мавсумий либослар" номинациялари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этмоқдалар. Қолаверса, ўзларининг касбий билим, маҳорат ва тажрибаларини юксалтиришга эришмоқдалар.
Вилоятда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш мақсадида кўплаб тадбирлар, шу жумладан, 29 марта "Саломатлик кунлари" ўтказилди. Аёллар ва болалар тиббий муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ана шундай муассасаларга 6 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Вилоятдаги 341 та қишлоқ врачлик пунктларининг 72 тасида ижтимоий дорихоналар ташкил этилди. Вилоятдаги 25 та ҚВПда 368 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди. Улар 698 млн. сўмлик зарур жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Фертиль ёшидаги аёллар икки босқичда тўла тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли экстрагенитал касалликлар аниқланган аёллар соғломлаштиришга жалб этилди.
Амалга оширилаётган ишлар, хотин-қизлар ва болаларнинг соғлигини мустаҳкамлашга, қолаверса, тиббий хизмат савиясини юксалтиришга хизмат қилмоқди.
Хотин-қизларни спортга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, 2011 йилда турли халқаро ва республика спорт мусобақаларида андижонлик хотин-қизларнинг 528 нафар вакиласи муваффақиятли иштирок этиб, 133 та олтин, 202 та кумуш ва 193 та бронза медалларини қўлга киритдилар.
Умуман, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш, оила-никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий билимларини ошириш, улар ўртасида маданий-маърифий соҳадаги тарғибот ва тушунтириш ишларининг кучайтирилганлиги натижасида вилоятда оналар ва болалар ногиронлиги, ҳомиладорликни назоратга олиш, ёлғиз оналар, оталикни белгилаш, аёллар ва вояга етмаганлар томонидан жиноятчилик содир этиш ҳолатлари сезиларли даражада камайган.
Юртимизда "Мустаҳкам оила йили" деб номланган жорий йилдаги асосий мақсадимиз эришилган натижалар кўлами ва ютуқлар салмоғини янада ошириш, юртимизнинг гуллаб-яшнашини, хотин-қизларимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлашдир. Ана шу эзгу-мақсад йўлида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Бугун муҳтарама аёлларимизнинг қутлуғ байрами - хотин-қизлар куни арафасида турибмиз. Ана шу муборак айём билан барча опа-сингилларимизни, мўътабар онахонларимизни чин қалбимдан табриклайман. Уларнинг барчаларига тани сиҳатлик, узоқ умр, омад ва оилавий бахт тилайман. Азиз аёлларимизнинг ҳар бир куни байрам бўлсин.
Мавлудахон НИЗОМОВА,
вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни
ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти мудири.
|