Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№11, 06.03.2012

2012 - ЙИЛ МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ

ҲАВАСЛАРГА МУНОСИБ ОИЛА

Қўрғонтепа туманидаги "Собир Раҳимов" маҳалласида истиқомат қилаётган Абдуллаевлар хонадонини нафақат маҳаллада, балки, туманда жуда кўплар ҳурмат билан тилга олади. Ушбу хонадон вакиллари ўзларининг ҳалол-поклиги, юксак маънавияти, ўзаро муносабатда бир-бирлари билан ниҳоятда аҳил, ҳамжиҳатликларига барча ҳавас қилади.

Салкам тўқсон ёшни қоралаган Мунаввар она бу хонадоннинг энг кексаси ҳисобланади. "Қариси бор уйнинг париси бор" деганлари рост. Чунки онахоннинг дуолари, қолаверса, оилада ҳақиқий ўзбекона тарбия шаклланганлиги туфайли ҳам ушбу оилада файзу барака бор. Ҳамиша дастурхон тўкин, невара келинлар бир-бирлари билан иноқ, ака-укалар оқибатли. Мунаввар аянинг ўғли Анваржон ака, келинлари Саодатхон опалар ўзларининг юксак инсоний фазилатлари билан фарзандларга ибратдир.

- Биз шу хонадонда яшаб, уч ўғил фарзанд кўрдик, уларни имкон қадар чиройли тарбиялашга ҳаракат қилдик, - дейди Анваржон ака. - Уйлаб-жойладик, энг асосийси, фарзандларимизни оилани муқаддас биладиган, бизга "раҳмат" олиб келадиган, маънавиятли, ҳунарли, комил инсонлар қилиб тарбиялашга жиддий эътибор қаратдик. Минг шукр, бугун ана шу ҳаракатларимиз самараси ўлароқ халқ орасида ҳурмат-эътибор топдик.

Турмуш ўртоғим Саодатхон Андижон педагогика институтини битирган, ҳар учала ўғлим ҳам олий маълумотли, келинларим ҳам ўқимишли.

Дарҳақиқат, эл-юрт орасида ибратли оила, деб ном олиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун оиланинг ҳар бир аъзоси шу номга лойиқ бўлиши керак.

Айни пайтда пиру бадавлат онахон ўгитларига қулоқ тутиб яшаётган Абдулла ака ва Саодат опа, икки ўғил, икки келин ва бир этак набиралар қуршовида ҳавасларга муносиб ҳаёт кечирмоқдалар.

Саодат опа узоқ йил мактабда бошланғинч синф ўқувчиларига дарс берди. Нафақага чиққач, 2005 йилдан ўзи яшаётган маҳаллада маслаҳатчи бўлиб ишлаган бўлса, мана, олти йилдирки, шу маҳалла раиси. Маҳаллани чиройли тарзда бошқариб келмоқда. Фарзандлари - Санжарбек, Равшанбек, Аҳрорбеклар турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар.

Гап қайнона келин ҳақида кетганда Саодат опанинг юзлари ёришиб, гап бошлади:

- Тўғрисини айтсам, менинг қайнонам, мана, ҳозир табаррук ёшда бўлсалар-да, жуда мулойим, ширинсўзлар. Шу боис ҳам ҳозиргача бир-биримизни ниҳоятда ҳурмат қиламиз.

Янги келин бўлиб тушган пайтларимда мана шу ҳовлида учта овсин аҳил-иноқ яшаганмиз. Муроса қилганмиз. Эҳтимол, ҳамиша қайнонамнинг дуоларини олганим учун, айни пайтда мен ҳам бир эмас, уч келиннинг севимли қайнонаси бўлиб турибман. Худога шукр, бизнинг, яъни қайнона-келин муносабатларимизга кўплар ҳавас қилади. Келинларим Севарахон ҳисобчи, иккинчиси Муножотхон Андижон давлат тиллар институтини тамомлаган, айни пайтда фарзандлар тарбияси машғул, кенжам - Маҳлиёхон эса ораста уй бекасидир.

Қудаларим ҳам зиёли, маънавиятли, тушунган одамлар. Энг асосийси, тўйларда "у кам - бу кам, нимага бунақа маросим ўтказилмади?" деган гаплар бўлмади. Ҳаммаси ихчам, дабдабасиз бўлиб ўтди.

Суҳбатимиздан ушбу оиланинг авлодлари ҳам имонли, меҳнаткаш инсонлар бўлганлигини англадим. Анваржон аканинг отаси Маҳаммаджон ота ўзининг тўғрисўзлиги, меҳнаткашлиги билан танилган бўлса, Саодатхон опанинг отаси Нурмуҳаммад ота умр бўйи колхозда ишлаб, пешона тери эвазига фарзандларини боққан, ниҳоятда камтар инсон, онаси Мукаррамхон ая эса юксак одоб-ахлоқ соҳибаси бўлган экан.

Ҳа, юртимизда гўзал, ибратли, ҳамма ҳавас қиладиган оилалар бисёр. Шулардан бири биз ҳикоя қилган Абдуллаевлар хонадонидир.

- Президентимизнинг бу йилни "Мустаҳкам оила йили" деб эълон қилганини эшитиб, жуда қувондим,- дейди Мунаввархон ая. - Чунки оила мустаҳкам, тинч бўлса, бошқа барча ишлар кўнгилдагидек бўлиши аниқ. Айниқса, яқинлар, маҳалла-кўй аҳли, қариндош-уруғлар ўртасида меҳр-оқибат йўқолмайди.

Биз ҳам онахоннинг тилакларига қўшилган ҳолда ибратли ва мустаҳкам оилалар сафи янада кўпайишини, ана шундай оилалар юртимизга кўрк бўлишини чин дилдан истаймиз.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди