№11, 06.03.2012 ПИРУ БАДАВЛАТЛАРИМИЗ
"ҲАЁТ - ҲАРАКАТДА, БОЛАМ..."
- дейди пиру бадавлат Қалпихон она Валиева
Марҳамат туманининг Кўтарма қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Бешмирза маҳалласида пиру бадавлат кексаларимиз кўпни дуо қилиб умргузаронлик қилмоқда. Қалпихон она Валиева ҳам юз билан юзлашаётган онахонларимиздан бири.
Турмуш ўртоғи Абдуваҳоб ота билан 5 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, вояга етказдилар. Уйли-жойли қилиб, қаторга қўшдилар. 24 нафар набира, 48 чевара, бир неча эваралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда. Бироқ, жуда серғайрат. Бунинг сабабини сўраганимизда: - Умрим меҳнат билан ўтди, - дейди онахон. - Ҳаёт - ҳаракатда, болам. Кўп яшаш сирини хотиржамлик, бағрикенгликда, деб биламан. Яшашдан мақсад ҳам меҳнатдан қочмаслик, бир бурда нонни ҳалоллаб ейиш, фарзандлар камолини кўриш, борига қаноатли, сабр-тоқатли бўлиш... Болаларимга ҳам шуни сингдириб бораман.
Момо ўтган кунларини тиниқ хотирлайди. Ёшлигидан далага чиқиб ғўза, макка чопгани, шоли ўтагани, хуллас, қўл-оёғи доим ҳаракатда бўлганлиги учун ҳам "Бугун тўрт мучам соғ", дейди.
Меҳнатнинг роҳати бор, деганларини онанинг ҳаёти мисолида кўргандек бўлдик. Фарзанд-лари, набиралари эъзозида ўтирган момони бугун нафақат яқинлари, қариндош-уруғлари, балки маҳалла-кўйдаги катта-ю кичик зиёрат қилмоққа, икки калима ширин сўзларини эшитмоққа шошади.
Суҳбатимиз адоғида онахонимиз юртдошларимизга, айниқса, ёшларга " - Бугунги тинч ва тўкин ҳаётнинг қадрига етинг. Аввало, ниятингиз яхши бўлсин. Аллоҳ хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик ато этсин", деб эзгу - тилаклар билдирди.
Ҳа, онахон дуо қилиб чарчамайди. Пиру бадавлат Қалпихон онахоннинг эзгуликка йўғрилган умри беиз кетмаганлигини кўриб, чин дилдан ҳавас қилдик. Уларнинг табаррук ёшига етиш ҳар кимга ҳам насиб этсин.
Зулхумор АКБАРОВА,
жамоатчи мухбир.
|