№11, 06.03.2012 ҚАТРА
КЎНГИЛ БАЙРАМИ
Аёллар байрами - 8 Март. Ҳаётдаги энг улуғ, қутлуғ ва хайрли байрамдир. "Аёл борки, олам мунаввар", дейишади. Аслида, ҳаёт аёллардан бошланади. Ҳаётнинг кўрки, ҳусну жамоли ҳам аёллар.
Эрта тонгдан ҳам эртароқ туриш уларга одат. Оила юмушлари-ю, ташвишларини елкаларига олишган улар. Яқинлари кўнгилларида, фарзандлари кулгуларида яшашади. Бахтни улар шунда, деб билишади.
Келинчак фасли баҳор ҳам аёлларга бош эгади. Оламни ранг-баранг гулларга буркайди. Аёллар қалбидан жой олишни истайди. Ўрик, олма, бодом гуллайди. Жамолларини кўрсатиб, аёллар билан ҳусн талашади. Ялпизу майсалар, бойчечагу лолақизғалдоқлар ҳам майин эсган шаббодада тебраниб-тебраниб аёлларга таъзим қилишади. Сўзсиз, имосиз салом беришади.
Аёллар табиатан нозли-нозик, кўнгиллари ундан-да нозик. Қарашлари мулойим, сўзлари жарангдор, кулгилари қўнғироқ. Гулгун чеҳраларига "қалдирғоч қанот" қора қошлари ярашиб туради. Сарв қоматлари-ю, узун сумбул сочларига маҳлиё бўласиз. Бир боқишда хаёлингизни олади, қалбингизии ўғирлайди. Сезмай қоласиз. Ана шундай кўринмас кучга, қудратга эга аёллар.
Ажойиб, ғаройиб кун - 8 Март. Ёрқин тонг янада ёрқинроқ, гўзаллик - мафтункорроқ, яшаш янада завқлироқ кўринади, шу куни. Тоғ-тоғ совғалар аёллар кўнглини ололмайди, хушнуд этолмайди. Бир оғиз ширин сўз, оддий бир тилак, самимий кулгу-табассум кифоя уларга. Оилаларимиз тинчлиги, қувончи энг бебаҳо совға, энг бебаҳо бойлик, аёлларга.
Аёллар байрами - кўнгил байрамидир.
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.
|