№12, 08.03.2012 ФАОЛ АЁЛЛАРИМИЗ
"Ҳали қиладиган ишларим кўп" -
ДЕЙДИ "ЙИЛ АЁЛИ" ТАНЛОВИ ҒОЛИБАСИ МУБОРАКХОН ИСМОИЛОВА
Биз туғилиб ўсган заминда энг ибратли, энг намунали, энг саховатли, энг моҳир ва фаол деган мақомга лойиқ инсонлар кўп. Ана шундай сифатларни йиғиб келиб, бир инсонга берилса, бундай инсонга фақат ҳавас қилмоқ керак. Булар эл-юртга меҳнати сингган, билими, маҳорати ва заҳматлари билан юксак ютуқ ва эътирофга лойиқ аёллар эканлиги қувонарлидир.
Вилоятимизнинг ана шундай фаол аёлларидан бири Муборакхон Исмоиловадир.
Муборакхон Жалақудуқ тумани, Охунбобоев шаҳрида, зиёли оилада туғилган. 1996 йили Андижон давлат университетининг бошланғич таълим методикаси факультетини битирган. Кейин эса тумандаги мактаб, коллежларда ўқитувчи, руҳшунос бўлиб ишлади.
2008 йили тумандаги 1-мактабгача таълим муассасига мудира этиб тайинланди. Ҳаётини болаларнинг беғубор дунёси-тарбияси-ю камолотига бағишлаган Муборакхон ўз кучи ва қобилиятини ишга солди. Ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасасини ҳар жиҳатдан намунали, замон талаби даражасидаги даргоҳга айлантиришга ҳаракат қилди. Ҳар ишда изланувчан, тадбирли, давр билан ҳамнафас яшашга одатланган Муборакхон бу соҳада иқтидор ва имкониятини кенг намоён эта олди. Натижада 1-мактабгача таълим муассасаси тумандаги энг ибратли масканга айланди.
Муборакхон ёшлигидан санъатга ва спортга меҳр қўйди. Шу боис ҳам, у ўз фаолияти давомида бу икки соҳани назаридан четда қолдирмайди. Болалик чоғларидан баскетбол, енгил атлетика ва рақс билан шуғулланади. Шунинг учун бўлса керак, ўзи ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом ва тетик юради.
Халқимизда шундай пурҳикмат нақл бор: "Олтин олма, дуо ол". Эзгуликка талпинган қалб ҳаётда ҳамиша эзгу ишлар қилишдан чарчамайди.
У ота-онасининг тарбияси асосида барча инсоний фазилатларни ўрганди. Эзгу ва савоб ишларнинг бошини тутишни фарз, деб билди. Эл-юрт корига яраш, эл назаридан қолмасдан яшаш - энг олий саодат эканлигини англади. Бунинг учун доимо тўғри, ҳалол бўлишга, ҳар бир нарсага меҳнат орқали эришишга интилди. Натижада эл назарига тушди. У раҳбарлик қилаётган болалар боғчаси 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, болалар тўлиқ қатнайдилар. Чунки боғчада барча шароитлар муҳайё. Боғча рус тилида таълим беришга йўналтирилган. Инглиз тили, рақс, бадиий гимнастика ва спорт тўгараклари доимо ишлаб туради. Тарбияланувчилар "Янги авлод" болалар ижодиёти фестивали танловларига тайёргарлик кўрадилар.
Муборакхон ўзи ижодкор. Ҳар бир ишга санъаткор нигоҳи билан қарайди. Ҳам бадиий, ҳам эстетик дид билан безатилган боғча биноси, хоналар, болалар майдончаларини кўрган кишининг кўзларини қувонтириб, завқ бағишлайди.
Болажон, тиниб-тинчимас бу аёл ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи Акмалжон Исмоилов молия бўлими ходими. Тўрт нафар фарзандлари бири-биридан ўктам, абжир ва серғайрат бўлиб улғаймоқдалар.
Изланувчан, жонкуяр Муборакхон мудиралик билан биргаликда, мана уч йилдирки, меваларни қайта ишлаб, қоқи тайёрловчи цех очиб, фаолият кўрсатиб келмоқда. Саккиз гектар ерда олхўри боғи бор. Унга қўшимча аҳолидан мева маҳсулотлари сотиб олинади. Цехнинг умумий даромадидан турли муассаса ва кам таъминланган оилаларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб келади. Цехга 23 нафар ана шундай оила фарзандлари ишга қабул қилинган.
Муборакхоннинг келгусидаги режалари катта. Банкдан кредит олиб, тикув цехи очиш, болаларга либослар, миллий кийимлар тикиб чиқариш.
Намуна маҳалласида жойлашган Муборакхоннинг хонадонига назар ташлаган кишининг мўъжазгина иссиқхонага кўзи тушади. Бу иссиқхонада гуллар ва цитрус мевалар етиштирилади.
Ўтган 2011 йил якунида ўтказилган "Йил аёли" танловида Муборакхон Исмоилова ҳам иштирок этиб, вилоятда биринчи, республикада фахрли ўринни эгаллаб қайтди. Бу ютуқ, ҳам шараф, ҳам эътироф унга янада юксак масъулият юклади.
- Бу ютуққа эришишимда онам Ойтожихон Юсупова, турмуш ўртоғим Акмалжон ака менга тоғ бўлиб, қўллаб-қувватлаб, далда бўлдилар. Уларнинг ёрдамлари туфайли шу даражага эришдим, - дейди у.
Эзгу ишлар қилиш, одамларга керак бўлиб яшаш, ота-она розилигига эришиш, пиру-бадавлат оилалардан ибрат олиб яшаш - унинг орзу-ўйлари, интилишларидир...
- Тошкентда бўлиб ўтган танловнинг республика босқичида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркор аёллар билан бир сафда, юксак минбарда туриб сўз айта олганимдан бахтиёрман, - дейди қаҳрамонимиз суҳбатимиз сўнггида. - Улар билан танишиб, фикр алмашиб, иш ўрганиб қайтдим. Энг катта олган таассуротим - ҳали қиладиган ишларим кўп экан, деган фикр-га келдим.
Биз ҳам замон билан ҳам-қадам юраётган Муборакхонга олиб бораётган ишларида омадлар тилаб қоламиз.
Раъно ҲАЙИТБОЕВА.
|