Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№13, 15.03.2012

БУГУННИНГ ГАПИ

ЎЗИМИЗНИНГ ВА ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИНГ СОҒЛИГИГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАЙЛИК

Вилоятимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, турли юқумли касалликларга қарши кураш, уларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилаётганлиги натижасида аҳоли ўртасида юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарорлиги таъминланмоқда.

Хусусан, юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, умуман, ана шундай хасталикларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, аҳолининг тиббий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар кўлами ҳамда самарадорлигини янада оширишга қаратилган зарур ишлар изчил олиб борилмоқда.

Айниқса, аҳоли ўртасида туберкулёз, вирусли гепатит ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан олиб борилаётган кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари самарали натижалар бермоқда.

Вилоят ДСЭНМ мутахассислари вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар ва давлат солиқ бошқармалари ҳамда "Маҳалла" жамоатчилик фонди вилоят бўлими ходимлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида турли юқумли касалликларнинг олдини олиш тадбирларини кучайтириш мақсадида бозорлар, серқатнов кўчалар, транспорт бекатлари ва одамлар гавжум жойларда сотилаётган кунгабоқар пистаси, сақич, донали сигаретлар ва бошқа турли маҳсулотлар билан савдо қилаётган ноқонуний савдо шохобчаларининг, шунингдек, чакана савдо билан шуғулланаётган хусусий тадбиркорларнинг фаолиятига чек қўйиш, юқоридаги маҳсулотларни гигиеник меъёр талаблари доирасида сотилишини тартибга солиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

- Бу борада барча туман ва шаҳарларида комплекс тарзда ишлар ташкил этилди, - дейди Андижон вилоят давлат санитария-эпидемология назорат маркази бош шифокор ўринбосаори Рустамжон Икромов. - Яъни, махсус рейдлар ўтказиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш, фуқароларнинг санитария-гигиена борасидаги билимини, маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида чиқишлар уюштирилмоқда, мутахассисларимиз томонидан маҳаллаларда, аҳоли, айниқса, таълим муассасаларида ёшлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар қандай юқумли касалликларнинг олдини олиш кўп жиҳатдан аҳолига, фуқароларнинг ўзига, яъни уларнинг тиббий саводхонлик даражасига боғлиқдир. Маълумки, бозорлар, серқатнов кўчалар, транспорт бекатларида қурт, кунгабоқар пистаси ва бошқа озиқ-овқат, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг аксарияти санитария-гигиена талабларига зид равишда сотилмоқда. Шундай бўлса-да, фуқароларимизнинг уларни сотиб олиб, истеъмол қилаётганликлари ташвишланарлидир. Чунки ана шундай маҳсулотлар турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

- Кўчаларда очиқ ҳолда сотилаётган қурт, писта ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда, шубҳасиз, турли юқумли касалликларнинг келиб чиқиш эҳтимоли юқори бўлади, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси бўлим мудири Муқаддасхон Қурбонова. - Шу боис, антисанитария ҳолатларида сотилаётган юқоридаги каби маҳсулотлар савдосига чек қўйиш, аҳолининг барча қатламлари ўртасида ана шундай маҳсулотларни сотиб олмаслик кўникмасини шакллантиришимиз, бу каби маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз эканлигини уларга тушунтиришимиз лозим.

Юқоридаги каби озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилишида Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 30 августда қабул қилинган "Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуни талабларига қатъий амал қилиниши зарур. Қолаверса, яқинда қабул қилинган "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида тамаки маҳсулотларини доналаб сотиш тақиқланган. Ана шулардан келиб чиқиб, аҳоли ўртасида амалдаги қонунлар мазмун-моҳиятини, мавжуд меъёрий ҳужжатлар талабларини тушунтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши муҳимдир.

- Айрим фуқаролар давлат рўйҳатидан ўтмасдан кунгабоқар пистаси, қурт, сақич, турли хил қандлар, донали сигаретлар ва бошқа маҳсулотлар билан бозорларда, кўчаларда, транспорт бекатлари, хонадонлар олдида ноқонуний равишда савдо қилмоқда, - дейди Андижон вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Азимжон Содиқов. - Ана шу маҳсулотларнинг қадоқланмаган, очиқ ҳолда сотилиши, қолаверса, улар аҳоли томонидан тўғридан-тўғри истеъмол қилиниши натижасида кўп ҳолларда касаллик микроблари шу маҳсулотлар орқали организмга ўтади ва турли юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Санитария-эпидемиология хизмати томонидан кўчаларда ноқонуний равишда сотилаётган кунгабоқар писталаридан лабораторияда текшириш учун олинган намуналарида афлотоксин, мис ва қадмий каби инсон организмига салбий таъсир этувчи кимёвий моддалар, касаллик чақирувчи микроблар мавжудлиги аниқланди. Бу ҳолат фуқароларимизнинг уларни харид қилишда сифатига, махсус санитария текширувидан ўтказилганлиги ҳақида тегишли ҳужжати бор-йўқлигига ҳам эътибор беришларини тақозо этади. Бу энг аввало, ўз соғликлари учун фойдалидир.

- Фарзандларимизга сифатсиз сақичлар, йўл бўйларида чанг-ғуборлардан ҳимояланмаган қурт ва писталарни олиб бериб, уларнинг турли хасталиклар билан оғришига ўзимиз сабабчи бўлиб қоляпмиз, - дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи уй бекаси Адолатхон Турсинбоева. - Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик аввало, ўзимизга боғлиқ. Шундай экан ўзимизнинг, фарзандларимизнинг соғлигини хавф-хатарга қўймайлик.

Шу ўринда вилоятимизда амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бера оладиган қовурилган кунгабоқар пистасини ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва турғун савдо шохобчаларига етказиб бериш билан шуғулланувчи кичик корхоналар ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, қуртларни гигиеник текширувдан ўтказиб, салафанларга солинган, яъни қадоқланган ҳолда сотилишини йўлга қўйишга эришишимиз керак.

Бундан ташқари, барча шаҳар ва туманларда турғун савдо шохобчасига эга бўлмаган фуқароларга якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўғрисидаги гувоҳномалар берилишида маълум тартиб жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, жойларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари, умумий овқатланиш савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган шахсларни ишга киришдан аввал ва даврий тиббий кўрикдан ўтишлари қатъий йўлга қўйилиши керак.

Бир сўз билан айтганда, ушбу масала анча долзарб. Шу нуқтаи назардан унга нафақат айрим соҳа вакиллари, балки ҳар бир юртдошимиз жиддий эътибор қаратиши, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Қачонки, масаланинг моҳиятига тушунган ҳолда ёндошиб, етарли билимларга эга бўлсаккина ўз мақсадларимизга эришамиз, турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди