№14, 22.03.2012 Байрам шукуҳи
Ажабо, бугун қушлар ўзгача сайрамоқда. Менинг назаримда, ҳатто, борлиқ қўшиқ куйлайди. Анҳорларнинг лабини ўпиб гул-ялпизлар хиром этади. Бошимиз узра қанот қоқаётган бир жуфт қалдирғоч эса баҳор элчиси бўлиб тинмай хониш қилади. Боботоғнинг бағрини ёриб, бинафшалар гуллайди қийғос.
Дошқозонни тўлдириб-тошиб булоқдайин қайнар сумалак. Бир сўз билан айтганда, Наврўзойим келди - келинчак. Қишдан омон чиққанларим, баҳорларга етганларим-буваю бувижонларим чучмомаю бойчечакларни кўзларига суртиб ўпадилар. Шу чоғ севинч кўз ёшлари ёмғирдек ёғиб, майсаларнинг қаддини эгиб, нимжон япроқларига маржондек қадалади.
Шундай лаҳзаларда Нав-рўзойим сени эркалаб "Хуш келибсан, гул юзлигим, ҳумор кўзлигим!" дегим келади. Сенинг ташрифинг ила мовий осмонда лайлаклар учди, гул чечаклар борлиқни қучди. Тоғ юзини силаб-сийпалаб қор-ёмғирлар сирпаниб тушди. Қутлуғ бўлсин пой қадаминг, азизим, эркам! Кўп кутдирган дугонам дейму, опам-синглим, ҳам онам дейму, не деб атай, ягонам дейму?
Оҳ, она Ўзбекистоним - жону жаҳоним, айт-чи, сенингдек байрамларга бой юрт қайда бор? Қай маконда бор?
Ёши улуғларимиз таъбири билан айтганда, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Юртимиз истиқлолга эришгунга қадар ота-боболаримиз кўп хўрликларни кўрдилар, байрамларини ўзлари истаганларича нишонлай олмадилар. Ёруғ кунлар келишини интизорлик билан кутдилар. Бироқ, шундай дориломон кунларни кўриш кўпчиликка насиб этмади. Улар қалбларидаги ширин армонларини ўзлари билан бирга олиб кетдилар.
Юртимиз узра байрам нафаси уфуриб турган бир паллада қалбимда шукроналик, юртдошларимни эса баҳор байрами - Наврўзи олам билан муборакбод этаман. Озодлик байроғини қўлимизга тутқазган, тўғри йўлни кўрсатган, ҳурлик аталмиш бебаҳо неъматни биз ёшларга инъом этган ғамхўр, юртпарвар Президентимизга чексиз миннатдорчилик изҳор этаман.
Наврўзи олам ҳар бир хонадонга қут-барака, элимизга тинчлик-хотиржамлик, осойишталик олиб келишини истаб қоламан.
Боботоғнинг бағрини ёриб,
Бинафшалар гуллади қийғос.
Кўкка қуёш чиқди уйғониб,
Икки юзи мисоли гилос.
Баҳорини суйиб, аллалаб,
Елар сабо мисли беланчак.
Гулчечаклар безаб чаккасин,
Наврўзойим - келар келинчак.
Райхона АБДУСАЛОМОВА.
|