Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№14, 22.03.2012

ҲИКОЯ

АРМОН

Сокин тун. Чор атрофнинг қора зулматлигини эътиборга олмаса, унинг сокинлиги

қалбга бироз таскин берарди.

- Қанийди, ҳамманинг ҳаёти шу тун каби сокин ва оромбахш бўлса, - деб ўйланиб қолди Комил ака.

Шу тобда унинг кўнглига чироқ ёқса ёришмайди. У қизининг бахтсиз бўлиб қолишида ўзини айбдор, деб ҳис қилар эди.

Бундан икки йил аввал тўнғич қизи Ҳафиза бир йигитга кўнгил қўйган эди. Йигит ҳам унга ошиғу беқарор бўлиб, иккиси аҳду паймон қилишди. Улар битта факультетда, фақат бошқа-бошқа гуруҳда таҳсил олишарди. Жамшид оилавий муаммолари сабаб, бир йил ўқишга кеч кирганди. Улар бир-бирига қаттиқ боғланиб, фақат институтни тамомлагач, тўй қилишга келишишган эди.

Бироқ, Комил ака фарзандининг кўнгли билан ҳисоблашиб ўтирмади. Тўғрироғи, у ўзига ўхшаган обрўли, бадавлат инсонлар билан қуда бўлишни истарди. Ниҳоят, шундай ҳам бўлди. Қизининг онасига айтган "севги дардлари" унга чўпчакдек туюлди. Ота ўз билганидан қолмади. Қизи бечора йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган, аммо иложсиз эди. Онаизор ҳам қанча уринмасин Комил акани кўндира олмади.

Ҳафиза тўй арафаси отасининг кўзларига илтижо билан термулди. Гўё, ҳозир отаси қизини бағрига босиб, тўйни тўхтатадигандек эди. Аммо бу хаёлларнинг ҳаммаси бефойда. Ҳафизанинг қалбига қулоқ соладиган киши топилмади. Унинг қалбида туғён урган изтиробларни табиий ҳолат деб билишди.

Шундай қилиб, ҳали олийгоҳни тамомламаган Ҳафизани Санжарга узатишди.

Тўйдан сўнг Жамшид ҳақида ҳар хил "миш-миш"лар тарқалди. Биров уни одамови бўлиб қолибди деса, кимдир ғойиб бўлибди, ўқишни ташлаб кетибди, дейишди...

Ҳафиза эса тақдир ёзуғига кўниб, тўйдан сўнг бир-икки ой ўтар-ўтмай ҳомиладор бўлиб қолганини сезмай қолди. Аммо Санжарнинг унга на меҳри, на эътибори бор эди. Санжарнинг бефарқлиги, фақат шифтга қараб ўй суриш одати Ҳафизанинг баттар юрагини сиқар, кенг дунёга сиғмай кетарди.

Унинг ҳомиладорлиги қуда томонни ҳам, ота-онасини ҳам хурсанд қилиб юборди. Аммо кутилмаган фарзанд икки бегона қалбни боғлолмади.

- Қизим, яна нимага келдинг? Ахир, кечагина сени отанг билан бирга бориб, кўриб келган эдик--ку? Нима дардинг бор ўзи, сенинг? - деди Жамила ая юрак-бағри эзилиб.

- Ойи, мен сизларга айтгандим-ку, Жамшидни севаман, деб... Бу... куёвингизга кўнглим йўқ!

- Бас, ўчир унингни! Мени эл-юртга шарманда қилмоқчимисан? Қандай келган бўлсанг, тонг ёришганда худди шундай қайтиб кетасан, тамом.

Она-боланинг тортишувини эшитган Комил ака ҳам орага қўшилди.

- Ўзи нима гап, нима можаро бўляпти?

- Бу кишимнинг куёвида кўнгли йўқмиш? Куёв ҳам унга бефарқмиш... Ахир, сенинг ҳолинг шу бўлганидан кейин куёв шўрлик нима қилсин?

- Қизим, - гапга аралашди Комил ака. - Энди сенинг ўрнинг ўша уйда. Ўша хонадонга меҳр қўй. Ҳадеб бўзчининг моккисидек бу ерга келиб-кетаверишдан маъни йўқ. Оила дегани - кўнглингга ёқмаса, қайтиб келиб ўз билганча яшайверасан дегани эмас. Ўша уйда тинчигин, хўпми?..

- Дада, энди у ерга боролмайман! - деди-ю, бўғзига бир нима тиқилгандай, қўлларини кўксига босиб ташқарига йўналди.

...Эрталаб Ҳафизани онаси уйғотди:

- Ҳафиза, тур, қизим. Қара, кун ёришиб кетди.

Кейин нариги уйга кириб қизи Нафиса ва ўғли Нодирни уйғотди. Нонуштадан сўнг Нодир билан Нафиса ўқишга кетишди. Комил ака бўлса, айтар сўзини айтиб, тонг саҳардаёқ ишга кетган эди. Уйда фақат Ҳафиза ва Жамила ая қолган эди.

- Қани, энди ҳаммасини айтиб бер-чи, нега ярим тун демай оғироёқ нарса бу уйга келдинг.

- ...

- Гапир, қизим... "Кўнгил" деб, эл-юртдан номус қилмайсанми? Қўни-қўшниларга нима деймиз, болам? - Жамила ая бироз юмшаб, қизидан изоҳ талаб қилди.

- Ойи... Ҳаммасини очиқ айтмасам бўлмайди, - Ҳафиза дард билан сўзлашда давом этди. - Куёвингизнинг бошқа ёқтирган қизи бор экан. Кеча ўзи менга ошкор қилди.

- Вой, нималар деяпсан ўзи?

- Ҳа, шундай. У ҳам ота-онасининг қистови билан менга уйланган экан. Бу ҳали ҳаммаси эмас, ойи, куёвингиз ўша яхши кўрган қизи билан яширинча оила қурибди, бир ёшга тўлган ўғилчаси ҳам бор экан... Кейин... кейин менга куёвингиз "хоҳласангиз яшанг, бўлмаса, сизни ушлаб турмайман", - деди.

Ҳафиза гапини тугатолмай йиғлаб юборди.

- Қудаларим индамадими?.. - Жамила аянинг ҳам энди авзойи бузилди.

- Уларнинг гап-сўзларига куёвингиз парво қилмадиям. Шунинг учун бўлса керак, улар кетишимга тўсқинлик ҳам қилишмади.

...Кечқурун Комил ака ишдан келгач, бор гапни Жамила аядан эшитиб, ўтирган жойида карахт бўлиб қолди. Ўзига келгач, ўз фарзандининг бахтини саробга айлантирганини англади. Бироқ, у ота-ку, дилбандига ёмонликни раво кўрармиди? Бундай бўлади, деб сира ўйламаганди. На илож, бу қисматга битилгани.

Эҳтимол... эҳтимол бу Жамшиддек бир ҳокисор инсонни ноумид қилишгани учун тақдирнинг уларга аталган жазосидир?..

Ёрқиной АКБАРАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди