№15, 29.03.2012 ИБРАТЛИ ИШЛАР
САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК
Мамлакатимизда истиқлол йилларида аҳолининг, айниқса, аёллар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Чунки халқимиз саломатлиги, соғлом она ва бола жамиятимиз тараққиётини, унинг истиқболидаги салоҳиятини белгилайдиган муҳим омиллардандир. Шу боис, мамлакатимизда аёллар ва ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини, оилаларда эса тиббий маданиятни ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника жамоаси томонидан ҳам ибратли ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда поликлиниканинг 97 нафар тиббиёт ходимлари ҳудуддаги 19276 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Ҳудудда олти мингдан зиёд туғиш ёшидаги аёллар соғлиги доимий шифокорлар назоратида. Улар босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 1500 нафарга яқин қиз ва аёллар тиббий кўрикдан ўтди. Айниқса, муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 13 апрелдаги "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларнинг сифат ва самарадорлигини оширишга дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Поликлиника мудираси Мавлудахон Адҳамжонова бошчилигида шифокор Лутфулло Абдулазизов, катта ҳамшира Дилрабохон Узоқова, ҳамширалар Маликахон Холбоева Фотимахон Мирзааҳмедова, Нодирахон Дадабоева, Ҳидоятхон Жаббороваларнинг фаолияти барча ҳамкасбларига ибрат бўлмоқда. Шунингдек, поликлиника жамоаси маҳалла фаоллари, маслаҳатчилари билан ҳамкорликда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида ҳам кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтиши режали ўтказилмоқда.
Халқимизда "Саломатлик - туман бойлик" деган нақл бор. Жамоамиз ана шу нақлнинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини теран англаган ҳолда "Мустаҳкам оила йили"да аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қилмоқдалар.
Дилдора ҒАНИЕВА,
Андижон тумани кўп тармоқли
марказий поликлиникаси ҳамшираси.
|