№15, 29.03.2012 ДИЛ ТУҒЁНИ
АЛВИДО, ДЕБ АЙТОЛМАДИНГ
Инсонга ҳаёт бир маротаба берилади. Она табиатга фарзанд бўлмоқлик, яратилган ноз-неъматлардан тотимоқлик, бахт ва саодат сурурини сурмоқлик, орзу ниятлар кемасида сузмоқлик инсон отлиқ бир зотгагина хос.
Бироқ, ҳаёт - ҳаётда. Умр йўлларида сўқмоқлар, ўнқир-чўнқирликлар, паст-баландликлар, аёзли кунлар, шамол, тўфонлар қуюнига дуч келмоқлик бор. Инсон тақдир синовлари пешонасига ёзилган яхши-ёмон кунлари сийлаб туради.
Ҳа, умр карвонида не-не кунларга дуч келмайсан киши. Шундай онларда агар инсон ақлли, иродали, сабрли бўлса адашмайди. Турмуш муштларидан зарба еганда аюҳаннос солмайди, нолимайди, ҳ¬асратидан чанг чиқмайди. Шукр келтиришни билади. Ўз-ўзига тасалли беради. Жумбоқлар сиртмоғини ақл, фаросат, қаноат, бардош ила ечишга, машаққатларни енгишга интилади.
Ота-она учун фарзанд ширин. Айниқса, хонадонда туғилиб, камолга етаётган қизингиз бўлса, унинг чиройи, нафосати, одобини кўриб, суюнасиз. Кўзга кўриниб қиз бўлганда унинг қадди-бўйини кўриб "кўз тегмасин-ей" деб кўксингизга туфлайсиз. Ерга қадалган нигоҳларини, бир тутам кокилларини кўрганда яна қувонасиз. Эшигингизни совчилар тақиллатганда юрагингиз дукурлайди. Демак, кимгадир муносиб, арзирли қизингиз бор. Бундай бахтни кўрганингиздан кўнглимиз хузур топади. Қизимни узатсам, эл олдига дастурхон ёзиб тўй қилсам, сеп-сидирғалар қилсам, деган ширин ўйлар хаёлингизни банд этади. Шундай орзу-ниятлар оғушида юрсангиз баногоҳ бир нохуш хабар, фожеа кўзингиздан фарёд қонини оқизади. Кутмаган эдингиз, не бўлди? Қаерда, қандай хато қилдингиз? Жавобини тополмайсиз.
Кечагина сув бўйида хаёлчан турган қизингиз бугун йўқ. У арзимас баҳоналарни рўкач қилиб ўз жонига қасд қилди. Юрагини тимдалаб, жонига чанг солувчи оғуни ичди. Бунга нима дейсиз, бошингизни қайси деворга урасиз. Одамлар юзига қандай қарайсиз, саволларга не деб жавоб берасиз.
Наҳотки, умид билан ўстирган болангиз бошингизни эгса. Иродасизлик, сабрсизлик домига тушиб, Шайтон васвасига таслим бўлса. Кимга яхши-ю, кимга ёмона, дўсту ғанимларининг гап-сўзлари, таънаю дашномлари юрак-бағирни тиғламайдими, кўнгилларни йиғлатмайдими?
Ҳаётнинг озми-кўп синовларига, машаққатларига чидолмай, айрим оёғида эмас, тилида юрувчиларнинг "гап едиришдек" пичингларини кўтаролмай, муҳаббатдек бебаҳо туйғуни оёқости қилган айрим "арзимас" инсонларнинг қилмиши учун бир қизнинг ёки қайнона дашномларидан туя ясаб аразлаб, ота-оналарига гап ташиб, сўнгра икки ўт орасида қолиб, аламини жонига қасд қилишдан олган аёлни ким оқлайди? Сабрсизлар шайтонга ошно бўлиб, ота-онасини, жигаргўшаларини, маҳалла-кўйни бир умрлик "ўзини-ўзи ўлдирган" деган таъна, тамға билан ерга қаратади, холос. Алвидолар айтолмай гулдай умрини хазон қилганларга деганим...
Ўч олмоқни ўйлаб сен,
Арғамчига бўйлаб сен,
Шайтонга ошно бўлдинг,
Ўз-ўзингча сўйлаб сен.
Аламинг ёмон қолди,
Юрак-бағир ўртанди,
Алвидолар айтолмай,
Онанг бағри қон қолди.
Дунё ларзага тўлди,
Уйинг азага тўлди.
Юракда орзу гули
Куртак ёзолмай сўлди.
Иродасиз, кучсиз қиз,
Кетдинг бенишон, беиз,
Алвидолар айтолмай
Ким эдинг, ким бўлдинг, қиз...
Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.
|