№15, 29.03.2012 СУРАТ ВА СИЙРАТ
"ОНА ЎЙЛАРИ"
Асл истеъдод қуёшнинг нурига ўхшайди, башариятга ўз жозибасини таратади ва хушнуд этади. Айниқса, моҳир мусаввир ўз ўйи билан яратган санъат асарлари инсоннинг қалбини ўзгача лирик чекинишга, ҳис-ҳаяжонга тўлишига мажбур қилади.
Шундай мусаввирлардан бири Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедовдир.Унинг чизган расмлари, у яратган санъат асарлари ўзининг бетакрор жиҳатлари билан кўпларнинг эътирофига сазовор бўлган. Рассом руҳий кайфиятдаги "Она ўйлари", лирик "Тонг-оналик", "Баҳор", шунингдек, қатор аёллар портретларида ўзбек аёллари образини юксак дид билан ярата олган. Истеъдодли мусаввирнинг "Она ўйлари" асари хотира майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкалининг яратилишига асос бўлди.
Ҳа, "Она ўйлари" асарини куриб туриб, ҳаёлингизда иккинчи жаҳон урушида ўз жигарпорасини Ватан озодлиги учун қурбон қилган мард, танти она сиймоси гавдаланади. Тўғри, қирғинбарот уруш минглаб оналарнинг дилига оғу солди, минглаб волидаларнинг оҳу зорига сабаб бўлди, минглаб онаизорларнинг душманга бўлган нафрати-ю юртига бўлган садоқатини оширди. Бу сурат ана шу пайтдаги оналарнинг умумлашма образи эди.
Унга қараб ўтиб кетган ота-боболаримизнинг мардонавор жанглари, қаҳрамонликлари ёдга олинади. Уларга таҳсинлар айтилади. Онанинг "дардига" шерик бўлинади.
...Истеъдодли рассом Раҳим Аҳмедовнинг узоқ йиллик ижодига назар ташлар эканмиз, унинг мана шу "Она ўйлари" асари ўзбек рассомчилигидаги энг гўзал асарларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
А. МАМИТАЛИЕВ,
Бўз педагогика коллежи ўқитувчиси.
Р. ЭРМАТОВА,
Бўз педагогика коллежи талабаси.
|