Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№15, 29.03.2012

ТАРБИЯДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ

Фарзанд инсонга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга у ота-она учун катта масъулият, омонат ҳамдир.

Шунинг учун ота-оналар фарзанд олдидаги бурчларини чиройли адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйиши, яхши таълим-тарбия бериши, Аллоҳнинг ризолигини топадиган, миллатига, Ватанига садоқатли, ота-онасига муносиб фарзанд қилиб тарбиялашлари лозим.

Тангри таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди: "Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлган дўзахдан сақланг-ки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилур)" ("Таҳрим" сураси, 6-оят).

Бу ояти карима бизга омонатга берилган фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда.

Шунинг учун биз ота-оналар мурғак чақалоқларимизни эркалаб, ардоқлаб ўстирар эканмиз, фақат уларни жисмоний соғлиги, моддий таъминоти тўғрисида эмас, балки уларнинг маънавий бойлиги ва инсоний фазилатларини баркамол қилиш ҳақида ҳам қайғуришимиз керак.

Зеро, Абдулла Авлоний фарзанд тарбияси ҳақида "Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир", дея айтган сўзлари нақадар муҳим эканлигини чуқур англашимиз керак.

Ватанимиз тараққиёти, халқимиз бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касб-ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида ҳукуматимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир. "Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар", деб марҳамат этади Расули Акрам (с.а.в.).

Демак, ота-оналар ва устозлар ёш болаларига одоб-ахлоқ, илм ва касб-ҳунарларни мукаммал ўргатишлари лозим. Чунки ёшлик ақлий ва жисмоний юксалиш даври бўлади. Айниқса, уларнинг илм олиши жуда муҳимдир.

Буюк аллома Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида шундай деган эди: "Ёш бола ўқийдиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади".

Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомидаги барча маълумотларнинг 70 фоизини асосан ёшлик даврида олар экан. Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб, бепарво юрадиган болаларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунарни эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-она, ўқитувчи ва устозлар тушунтиришлари айни муддаодир.

Муқаддас динимизда мўмин-мусулмонлар имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари таъкидланган. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий илмларнинг қадри Исломда йўқдек, нотўғри эътиқодда бўладилар.

Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тар-биялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз лозим. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор беришга, беҳуда ўйинларга вақтни бекор сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота-она ва устознинг бурчидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоят йўлида барқарор қилиб, фарзандларимизни юрт равнақи учун хизмат қиладиган солиҳ инсонлар қилиб тарбиялашлигимизни насиб этсин..

О. РАҲИМОВ,

Андижон шаҳридаги

"Ат-Термизий" жоме масжиди имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди