Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№15, 29.03.2012

ҲИКОЯ

АРМОНЛИ ДУНЁ

Ҳурматли муштарий: мен сизларни қалби кемтик бир аёлнинг қисматидан бохабар қилмоқчиман. Азиза опанинг сўзларини тинглаб туриб, қўлимга қалам олишга мажбур бўлдим. Чунки опанинг сўнгги сўзлари нозик юрагимни тимдалаб ўтди.

- Менинг бир умрга татигулик армоним бор,- деганди опа кўзларида ёш халқаланиб.

Азиза опа бутун бошли ҳаётини, қувончу ташвишларини сўзлаб берар экан, вужудим қулоққа айланиб, тинглай бошладим.

- Биласизми, мен аслида болалар уйида катта бўлганман. Мухторжон акангиз билан ўша ерда танишганмиз. Биз аҳду паймон қилганимизда ойдин кеча эди. Шу пайт осмонда бир юлдуз учди.

Мухторжон акам менга юзланди:

- Азиза, тила тилагингни.

- Нега?-дедим ажабланиб.

Кейин билсам, юлдуз учганида одам нимаики тилак билдирса, орзусига етар экан. Иккаламиз ҳам бирваракайига бир тилак билдирдик. "Оила қуриб, фарзандли бўлсак, уларни ҳеч қачон болалар уйига ташламаймиз", дедик.

Орадан йиллар ўтиб, мустақил ҳаётга қадам қўйдик. Ўқидик, ҳунарли бўлдик. Ишлаб, пул топиб уй ҳам сотиб олдик. Фараҳбахш кунларнинг бирида тўйимиз бўлиб ўтди. Бизнинг биринчи фарзандимиз дунёга келганида, бинафшалар оппоқ бўлиб қор остидан бош кўтариб, қушлар баҳор қўшиғини куйлашаётган пайт эди. Бироқ, тақдир ўғлимизни бизга кўп кўрди...

Бир куни Мухторжон акамга дилимдагини тўкиб солдим:

- Мухторжон ака, келинг оналаримиз бизларни изламасалар ҳам биз уларни излаб топайлик.

Улар қаршилик кўрсатмадилар. Мен секингина уларнинг кенг елкасига бошимни қўйдим. Бир оз жимликдан сўнг:

- Азиза, ростдан ҳам шундай қилсакмикин-а?- деди ёш болаларча.

Биз уларни изладик, бормаган еримиз қолмади чоғи. Аммо...Шу орада мен қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Шунда умр йўлдошим уззукун бошимда парвона бўлди.

Билмадим, қай аҳволда эдим. Бир куни қўярда-қўймай кечки сайрга етаклади. Сокин тун...Майин эсган шабада баданимни жунжиктирарди. Ўриндиқлардан бирига бориб ўтирарканмиз, "Юлдуз учди", деди Мухторжон акам.

Мен осмонга қарадим:

- Вой, қани?

- Ҳув ана, тераклар орасига қарагин, изи қолди.

- Изи қолди...- мен секин шивирладим.

- Ҳа, ҳа, изи қолди,- тасдиқлади Муҳторжон акам.

- Мухторжон ака?

- Ҳа.

- Бизлардан ҳам из қолармикан?

Саволимни ҳазилга йўйдилар:

- Қолади, қор ёққанида, чанг кўчаларда.

- Э, унақа измас,- дедим кўзларимни олиб қочиб.

Мухторжон акам менга яқин келиб, бошимни силадилар:

- Айт, нима қилай?

Қалбимни кемираётган очиқ ҳақиқатни баён қилдим:

- Ажрашайлик.

- Нима?!

Мени маҳкам бағрига босдилар.

- Тентак, бу нима деганинг. Мени бу дунёда сендан бошқа ҳеч кимим йўқ,- деган эдилар, баттар хўрлигим келиб, йиғлаб юбордим.

- Чин сўзим,- дедим пиқиллаб. - Ахир айтдим-ку, биздан из қолмайдиганга ўхшайди, деб.

- Нима бўлса ҳам менга барибир,- дедилар.

Ҳа, шифокорлар Мухторжон акамга айтишаётганларида эшитиб қолгандим. Мен қайта она бўлолмас эмишман.

- Кетдикми?- дедилар билагимдан тутиб.

- Ҳа.

Биз анча жойгача жим кетдик.

- Азиза,- дедилар ниҳоят улар. - Сенга бир гап айтсам, хафа бўлмайсанми?

- Йўқ, айтаверинг.

- Кел, бола асраб оламиз.

- Бола дейсизми?- севинганимдан йиқилаёздим. Улар аранг ушлаб қолдилар.

Эртаси куни ўзимиз катта бўлган болалар уйи томон - пойтахтга биринчи рейс билан учдик....

Фалакнинг гардиши билан Андижонга келиб қолганмиз. Мен Андижонни ўз она-шаҳрим каби ардоқлайман.

Биз бирваракайига тўрт фарзандни асраб олдик. Бугун эса бахтлимиз. Келинли ҳам бўлдик. Ҳатто бир-биридан ширин набираларимиз ҳам бор. Мухторжон акам ҳар уларни қўлларига олиб эркалатганларида, бир гапни бот-бот такрорлайдилар:

- Азиза, мана шулар сен ва менинг изларимиз.

Ўшанда бир эмас, икки карра қувониб кетаман. Илоҳим, менинг бахтимга, болаларимнинг бахтига турмуш ўртоғим соғ бўлсинлар. Мени камситмадилар, аксинча, кафтларида кўтариб юрдилар.

Мен сизга айтсам, ҳамон қалбимда алангаси ўчмаган, бир умрга татигулик армоним бор. У ҳам бўлса онажонимни бир бор, бор-йўғи бир бора кўришлик... Кейин ўлсам ҳам армоним йўқ.

Азиза опа ўз тақдир қиссасасини тугатар экан, кўзларидаги алам ёшларини кафтларига артди.

Ҳа, Азиза опа ҳақ гапни айтди. Орамизда шундай аёллар борки, ўз жигарпораларидан воз кечиб, уларни болалар уйига ташлаб кетишади. Ягона истагим, болангизни ҳеч қачон бағрингиздан узоқлаштирманг. Чунки, дунёда ўз онасининг кимлигини билмай яшашдан оғирроқ дард бўлмаса керак.

РАЙҲОНА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди