№16, 05.04.2012 2012 ЙИЛ - "МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ"
ҲАВАСЛАРГА МУНОСИБ ОИЛА
Бугун орамизда кўплар ҳавас қилса арзийдиган намунали оилалар жуда кўп. Ана шундай ибратли оилалардан бири Марҳамат тумани, Полвонтош шаҳарчасида истиқомат қилаётган Қобуловлар оиласидир.
Зиёли, маданиятли, тадбиркор, ўзларининг хайрли ва эзгу ишлари билан ном чиқарган ушбу оила вакиллари нафақат шаҳарчада, балки бутун туманда катта ҳурмат-эътибор қозонган кишилардир. Айни кунда ўзининг қутлуғ саксон саккиз ёшини қарши олаётган оила бошлиғи Соттихон момо суюкли фарзанди Акрамжон ака хонадонида фарзанд ва набиралари, қолаверса, бутун шаҳарча аҳлининг ардоғида яшамоқда.
Соттихон момо билан суҳбатлашар эканмиз, бугунги тинч, фаровон ва тўкин ҳаётимизга шукроналик келтиради. Бугунгидай чиройли ҳаётнинг қадрига етишликка ундайди.
- Ҳаётда кўп қийинчиликларни, азобларни кўрдим, - дейди момо. - Ёшлигим далаларда кетмон чопиб ўтди. Айниқса, уруш йилларида не-не машаққатларни кўрмадик. Деярли барча эркаклар урушга кетган, аёллар ва болалар эрта тонгдан кеч оқшомгача меҳнат қилардик. Ҳатто, ғўзага сув қўйганман. "Ҳамма нарса фронт учун, ғалаба учун" деган шиор бизни икки ҳисса кўп ишлашга ундарди. Тўйиб овқат ейишни фақат орзу қилганмиз.
Урушнинг охирги йиллари эди. Турмуш ўртоғим Орифжон ака билан оила қурдик. У киши нефть конида ҳайдовчи бўлиб ишлар эди. Аллоҳга шукр, узоқ йиллар аҳил-иноқ яшадик, етти нафар фарзандимизни чиройли тарбиялаб, вояга етказдик.
Дарҳақиқат, Соттихон момо ва раҳматли турмуш ўртоғи Орифжон акаларнинг тарбияси, ўгиту панд-насиҳатларини олган фарзандлари ҳам эл корига камарбаста, одоб-ахлоқли, комил инсонлар бўлиб камол топдилар.
Ўғил-қизларининг барчаси ҳаётда ўз ўринларини топган, халқ хўжалигининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилиб, ҳурмат-эътибор қозонганлар. Бугун момо 7 нафар фарзанди, 30 яқин невараси, 16 чевара, 4 нафар эвараси ардоғида, уларни дуо қилиб яшамоқда.
Асли касби агроном бўлган Акрамжон ака узоқ йиллар шаҳарча фуқаролардан буён йиғини раиси бўлиб ишлайди. Шаҳарчани обод масканга айлантириш учун астойдил меҳнат қилмоқда, кўплаб хайрли ва эзгу ишларга бош-қош бўлмоқда. Турмуш ўртоғи Мухтасархон опа эса ўқитувчилик касбини ардоқлаб, кўп йиллардан буён ёш авлодга таълим-тарбия бериб келади. Касбий маҳорати, билими, ташкилотчилиги билан ҳамкасблари, шогирдлари ҳурматини қозонган. Ота-она дуосини олган Акрамжон ака ва Мухтасархон опалар ҳам 4 нафар фарзандни тарбиялаб, ўстирмоқдалар, набирали бўлишган.
Умрни оқар сувга қиёслайдилар. Умр ўтиб бораверади. Яна инсон ҳаётини дарахтга ўхшатадилар. Умрнинг қандай ўтганлиги, ҳаёт мазмуни ана шу дарахт мевалари - фарзандлар тимсолида намоён бўлади.
- Минг бор шукур қиламан, фарзандларимнинг барчаси ота-онасига раҳмат олиб берадиган инсонлар бўлди, - дейди Соттихон момо. - Уларни ҳалол- покликка, тўғрисўзликка, меҳнатсеварликка, чин инсон бўлишга ўргатдик. Фарзанд, набираларим камолида берган тарбиямиз самарасини кўриб қувонаман. Фарзандларимга, маҳалладошларимга оилада, аввало, тарбияга катта эътибор беринг, тарбияни тўғри танланг, деб уқтираман.
Одамийликни, тарбияни ҳаётнинг устуни деб билган ана шундай ҳавасларга муносиб ибратли оилалар сафи янада кенгайсин. Шундагина ҳаётимиз янада файзли ва гўзал бўлиб бораверади.
Зулҳумор АКБАРОВА,
жамоатчи мухбир.
|