№16, 05.04.2012 ҲИКОЯ
ФРЕНСИСКА БЭРДСЛИ (Инглиз ёзувчиси)
"ТОШ ЎЙИНИ"
Амирага бегоналар билан гаплашиш тақиқлаб қўйилганди. Ўша хавотирли кунларда шаҳар, айниқса, ёш қизалоқ учун янада даҳшатлироқ бўлиб кўринарди. Қайси жой хавфдан ҳоли ва қаерга қочиб, яшириниш мумкинлигини бирон киши ҳам билмасди. Аммо Холид бегона эмасди. Ҳамма уни танирди. Унинг табассуми, гавдасини ғоз тутиб юриши, оғзининг бурчагида сигара чекиши кўпларда илиқ таассурот қолдирарди. У ҳатто, Амиранинг дадаси билан ҳам ҳазилни жойига қўйиб қўярди. Уйига таклиф қилса бўладиган муносиб меҳмон бўла оларди. Холид билан бирга бўлганда ҳар қандай хатардан ҳоли эканлигини яхши биларди.
Бир куни Амира вайрон бўлган мактаб ҳовлисида бир тўп болалар билан ўйнаётган эди. Холид келиб уларга қўшилди. Мактабнинг омон сақланиб қолган бир деворига осилган халқа турарди. Холид қизлар ва болаларни халқа орасидан тош отишга ундади.
Амиранинг отган тоши тўғри халқа орасидан ўтиб кетгач, қиз хурсандчиликдан қиқирлаб, кўзлари ёнди, қўлларини бир-бирига уриб, ўз ғалабасини ўзи ол-қишлади. Тош ерга тушиши билан, занглаган халқа ҳам узилиб ерга тушди. Ҳатто бирорта бола ҳам яқин келолмай қолди.
- Баракалла, қизалоқ! - деди Холид. - Сен бу катталардан анча чаққонроқ экансан-ку?!
У чўнтагини ковлаб жигарранг бир пакет олди. Унинг ичи ширали қандлар билан тўла эди.
- Буларни ол, - деди у. - Сен бунга арзийсан.
Ўшандан кейин Амира тез-тез Холидни мактаб ҳовлисида кўриб қолар ва унга қанчалар тошни яхши отишини кўрсатиб, мақтанарди. Холид эса қизга тош отишни тобора яхши ўрганаётганлигини айтиб, уни қувонтирарди.
Ҳар сафар қиз бирон халқа орасидан тошни тўғри отгач, Холид унга нимадир совға қиларди. Унинг ҳадялари арзимас нарсалар бўларди. Баъзан ортиб қолган гуруч, баъзан ун ёки зираворлар. Буларни қиз опасига элтиб берарди. Ширинликларни эса ўзи учун сақлаб қўярди.
Холид унга энди чойчақа беришни бошлади. Унга қўлларини орқага қилиб, кўзлари билан бор диққатини тўплашни айтди. Амира осонгина гардиш ясашни ҳам ўрганиб олди. Ҳар сафар Холид янги-янги режалар тузар, бу эса қизга табиий бир ҳол бўлиб кўринарди.
Улар энди тез-тез биргаликда хавфсизроқ жойларда машғулот ўтказишарди. Амира Холид билан бирга эканлигида ҳеч қандай қўрқув сезмасди. У Амирага бошқа болалардан кўра яхшироқ ва чаққонроқ эканлигини қайта-қайта таъкидларди. Амира унга ишонарди. Бунинг устига Холид ҳеч кимда шубҳа туғдирмасди ҳам.
Баъзан Холид деворларга ёки ерга белгилар қўйиб чиқарди. Амира уларга тошларни қўяр ёки белгилар устига тошларни отиб, кейин уларни текшириб чиқарди.
Бир куни улар куйиб кетган юк машинасини топиб олдилар. Амира унга яқинлашгани ҳам қўрқди, аммо Холид бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқлигини айтиб, уни тинчлантирди. Улар биргаликда машинани мўлжалга олишни ўргандилар. Аввалига Амира машинанинг ойнасиз деразасига тош отолмади. Лекин тезда буни ҳам уддалади. Яна бир куни Амира уйдалигида Холид келиб, уни сайрга олиб чиқди. Қиз ҳайратланиб қолди. Одатда, улар мактаб ҳовлисида учрашар, устига-устак қиз йигитни у қадар яхши билмасди.
- Мен билан юр, - таклиф қилди Холид. - Мен сенга янги бир нарса ўргатаман. Бу озгина қийинроқ бўлиши мумкин, аммо сен буни уддалайсан, мен бунга ишонаман. Чунки сен анчагина қобилиятли қизсан.
Амира Холидга эргашди, бироқ ўз яқинларидан сўрамасдан чиқиб кетишга иккиланди. Йигит қизнинг кайфиятини сезиб, кулди:
- Бунчалар қўрқоқ сичқончадай бўлма, сен Холид билансан!
Амира юришда давом этаркан, қўлларини орқасига қовуштириб олган, дилида эса дадаси ва онаси уни огоҳлантирган хавфли одамлардан эҳтиёт ва ҳушёр бўлишни ўйларди.
...Улар қабристон ҳовлисига яқинлашишди. Атрофда ҳеч зоғ кўринмас, ҳаво ҳам бошқача, булутли ва хавотирли эди. Амиранинг миясига "ярқ" этиб бир ваҳимали ўй келди: авваллари Холид ҳечам уни бунақа жойларга олиб келмасди.
Холид янги кун машғулотини унга кўрсатди, қизнинг қўлига кичкина, думалоқ нарсани босди. Бу нарса одатий тошларга сира ўхшамасди. Амира бунинг нималигини дарров тушунмади. У эътиборини ўша нарсани улоқтиришга қаратди, кейинроқ у қандай нарса экани билан қизиқди.
Амира қўзларини қисиб, ҳовлининг бир томонидаги кичкина деразага тикилди. Холид нарироқда уни кузатиб турарди. У қизнинг қўлларини аввал орқага қилиб сўнг, қора металл буюмни мўлжалга қараб отганлигини кўриб, илжаярди. Бу Амира аваллари машқ қилиб отган тошлардан кўра оғирроқ эди. Шунга қарамай, у мўлжални бехато олганди, отгани тўғри деразага бориб тегди.
Орадан озгина вақт ўтгач, чор-атрофни қаттиқ панғиллаган овоз тутиб, жисмига нимадир теккандай бўлди. Олов ҳарорати Амиранинг беҳол танаси бўйлаб кўтарила бошлади. Қиз ерга чалқанча бўлиб йиқилди. Ҳаво аччиқ қора тутун билан қуюқлашиб кетганди.
Қиз ерда ётарди, нафас олишга ҳам кучи етмас, кўзлари ачишар ва ёш оқарди. Юзининг бир четидан қон оқиб тушарди. Қўллари ва оёқлари карахт, гўё қотиб қолганга ўхшарди.
Амира атрофида тушган парчалар товушини ҳам эшитолмасди. Бу товушлар унинг қулоқларига шунчаки жуда узоқ, жуда бегона эди. Энди у ҳеч қандай оғриқни, умуман, ҳеч нарсани сезмасди.
Фақат жисмидан қон оқарди. Жони узилиб борарди.
Холиднинг ғижимланган жигарранг сигараси оғзининг бир четидан чиқиб турарди. Қонли хунрезлик манзарасидан аста узоқлашар экан совуқ ним илжайиш унинг юзларига ёйилди.
Қотил бешотар милтиғини елкаси оша илиб, бамайлихотир қадрдон сигарасини ёқди ва бесас, бенишон, кўздан ғойиб бўлди.
Инглиз тилидан
Қандилат ЮСУПОВА
таржимаси.
|