Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№17, 12.04.2012

7 АПРЕЛЬ - БУТУНЖАҲОН САЛОМАТЛИК КУНИ

АНДИЖОНДА САЛОМАТЛИК БАЙРАМИ

Аҳолининг, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш борасида Андижон вилоятида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилда жаҳон ҳамжамияти томонидан "Мустаҳкам саломатлик - узоқ умр гарови" шиори остида ўтказилаётган Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан 2-9 апрель кунлари бўлиб ўтган "Саломатлик ҳафталиги" ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

Тадбирда вилоят тиббиёт тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасалари, хусусий тиббий муассасалар, юртимиздаги ва хорижий фармацевтика компаниялари, тиббиёт коллежлари ўқитувчилари, жами 2950 нафар врачлар, 9100 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этиб, аҳолининг саломатлигини кўрикдан ўтказдилар, тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бордилар.

Фармацевтика компаниялар вакиллари томонидан соғлом турмуш тарзи ва дори-дармонлар тарғиботига оид 32 минг нусха реклама эълонлари, буклетлар тарқатилди. 4,5 миллион сўмлик дори воситалари аҳолига бепул тарқатилди.

Бутунжаҳон саломатлик куни тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида ўтказилди. Ҳафталик доирасида мурувват, меҳрибонлик уйлари, ногиронлар таълим оладиган махсус мактаб-интернатларда, шунингдек, вилоятда истиқомат қилаётган юз ва юз ёшдан ошган нуронийлар хонадонларида тиббий кўриклар ташкил этилди. Бу каби тадбирлар умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларида ҳам бўлиб ўтди. Умумтаълим мактаблари, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзи мавзусидаги иншолар танловида ўтказилди.

"Саломатлик ҳафталиги" доирасидаги - "Саломатлик байрами" тадбири Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди.

Шу куни эрталабдан карнай-сурнай садолари остида бошланган тадбирда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва соғ-лиқни сақлаш ходимлари ўртасида ўтказилган теннис, стол тенниси, кураш мусобақалари, парҳез таомлар танлови ўтказилди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мавзусида кўргазмалар намойиш этилди.

- Саломатлик байрами доирасидаги тиббий кўрикларга вилоятдаги тиббий муассасаларнинг тажрибали шифокорлари, профессорлар жалб этилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Миркомил Отахожиев. - Тадбирга ташриф буюрган аҳолига шифокорларимиз томонидан барча хасталиклар бўйича замонавий тиббий жиҳозлар ёрдамида бепул хизмат кўрсатилди.

Дарҳақиқат, шифокорлар текширувидан ўтган фуқароларга тегишли маслаҳат ва тавсиялар, бир гуруҳ фуқароларга эса даволаниш учун шифохоналарга йўлланмалар берилди. Бундан ташқари, "Проскан-2000" кўчма рақамли флюрография аппарати ўрнатилиб, бир неча жойларда УЗИ, ЭКГ, рентген, эндоскопия кўруви ҳам ташкил этилди.

- Бугунги тадбирда бўлимимиз шифокорлари 200 дан зиёд ўсмирларни кўрикдан ўтказдилар, - дейди Андижон вилоят ўсмирлар поликлиникаси бош шифокори Лолахон Ҳакимова. - Айниқса, оилавий ҳаёт бўсағасида турган қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни соғломлаштириш, тиббий маданияти ва саводхонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилди. Турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кўникмаларини шакллантиришга оид икки мингга яқин буклет ва адабиётлар тарқатилди.

Тадбирда хусусий тиббий муассасалар ҳам фаол иштирок этди.

- Мутахассисларимиз томонидан 100 нафарга яқин киши тиббий кўрикдан ўтказилди, - дейди "Гепамед-ультра" тиббий муассасаси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Турсунбой Жумабоев. - Бугунги тадбир, умуман, саломатлик ҳафталигининг ўтказилиши вилоятда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий саводхонлигини юксалишида муҳим аҳамият касб этади.

Саломатлик байрами доирасида "Ҳамшира-2012" кўрик-танловининг вилоят босқичи, шунингдек, Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишланиб ўтказилган турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросимлари ҳам бўлиб ўтди. Тадбир сўнггида истироҳат боғи амфитеатрида санъат усталарининг катта концерт дастури намойиш этилди.

Юксак савияда ташкил этилган ҳафталик доирасидаги тадбирларда 495 мингдан зиёд фуқаролар, жумладан, 200 минг нафар болалар ва ўсмирлар қатнашди. Саломатлик байрамида эса 283 минг фуқаро иштирок этди, уларнинг 192 минг нафарига 27 та ихтисослик бўйича тиббий маслаҳатлар берилди, суҳбатлар ўтказилди. 134 мингдан зиёд фуқаро турли текширувлардан ўтказилди. Тиббий кўрик натижасида турли касалликлар борлиги аниқланган беморларга амбулатория-поликлиника шароитида даволаниш тавсия этилди. Шунингдек, 620 нафарига шифохоналарга йўлланмалар берилди, 98 нафар киши эса шифохоналарга ётқизилди.

Ўтказилган "Саломатлик ҳафталиги" аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишга, тиббий маданиятини юксалтиришга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилди, қолаверса, юртимизда инсон саломатлигига эътибор ҳамиша юқори, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш эса юртимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди