№17, 12.04.2012 ТАДБИР
КАСАЛЛИКНИ ДАВОЛАШДАН КЎРА, ОЛДИНИ ОЛГАН АФЗАЛ
Инсон учун дунёда саломатликдан қимматлироқ бойлик йўқ. Ўз вақтида унинг қадрига етиш муҳимдир.Танада ўзгариш сезилдими, дарҳол шифокорга мурожаат қилган инсон ютади. Ўз соғлигига бефарқ бўлганлар эса турли муаммоларга дуч келиб, афсус қилиб қолиши мумкин.
Яқинда Балиқчи туман тиббиёт бирлашмасида Бутунжаҳон силга қарши кураш кунига бағишланиб ўтказилган тадбирда ана шу хусусда сўз юритилди. Тадбирда шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда фуқаролар иштирок этдилар.
- Сил касаллиги узоқ давом этадиган, юқумли касалликлар тоифасига киради, - дейди Бирлашма бош врачи А.Турғунов. - Соғлом одамга, асосан, силнинг очиқ тури билан оғриган беморлардан мулоқот пайтида юқади.
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Балиқчи туманида ҳам ушбу хасталикнинг олдини олиш ва даволаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкилаш жоиз.
Маълумки, сил билан оғриган бемор йўталганда, аксирганда, кулганда балғам томчилари ташқарига ажралиб чиқади ва улар ташқи муҳитда бир неча соат сақланиши мумкин. Касаллик нафас олиш ор-қали ўпкани, лимфа тугунларини, ичак териси ва мия пардаси каби аъзоларни зарарлаши мумкин. Кўпинча одамлар силни авлоддан авлодга ўтувчи дард, деб қарашади, бунинг сабаби оилада кимдир сил билан оғриса, шу оилада туғилган болага ҳам юқиши мумкинлигидир. Авваллари бу хасталик туфайли кўплаб инсонлар нобуд бўлган. Ҳозирги кунда уни даволашнинг замонавий усуллари мавжуд. Германиянинг "ДОТС" компанияси билан ҳамкорликда "ДОТС" дастури асосида қисқа муддатли даволаш ва касалликни эрта бартараф этиш имконияти яратилган. Дастур бўйича даволаш бепул амалга оширилади. Ушбу хасталикка чалинганлар ўз вақтида даволанишлари жуда муҳимдир. Чунки бу нафақат беморнинг ўзи, балки оила аъзолари, қолаверса, бутун жамият учун аҳамиятлидир.
Туманимизда бу дарднинг бедаво эмаслигини, унинг олдини олиш учун эса аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларда тиббий маданиятни, тиббий саводхонликни юксалтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш учун қатор ишлар олиб борилмоқда. "Саломатлик маркази" томонидан буклетлар тарқатилмоқда. Таълим-тарбия масканлари, меҳнат жамоаларида шифокорлар томонидан суҳбатлар ўтказилмоқда, кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бутунжаҳон силга қарши кураш куни муносабати билан тумандаги умумтаълим мактаблари, касб ҳунар коллежларида "Сил бедаво эмас" мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатлари шулар жумласидандир. Поликлиникалар, қиш-лоқ врачлик пунктлари шифокорлари эса аҳоли хонадонларида бўлишиб, касалликнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишларини олиб бордилар.
Касаллик келиб чиқишининг олдини олиш, даволашда ушбу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, самарали натижалар беради.
Анваржон МАМАТҚУЛОВ,
Балиқчи тумани Силга қарши курашиш диспансери бош шифокори.
|