№17, 12.04.2012 МУНОСАБАТ
УЛУҒ ВАТАН ЯРАШИҚЛАРИ
Ҳар бир халқнинг маълум бир таомиллари, урфу фазилатлари бўлади. Бизда ҳам шундай. Машҳур таомилимиз - халқимизнинг одамгарчиликни ўрнига қўйиши. Кўпчилик ҳавас қиладиган удумимиз-ҳашарни маъқул кўришимиз, ярашимли феълу фазилатимиз эса йигитларимиздаги чапанилигу аёлларимизда ҳаё-ибонинг мужассамлиги.
Аслида халқ сифатида обрў топиш, миллат сифатида ўлмай яшаб юриш учун мана шу ўзига хосликлар ҳам сабаб бўлиши рост гап.
Ахир одамгарчилиги бор одам беобрў бўлмайди, ҳашарни яхши удум, дея маъқул кўришликдан қўни-қўшнинг, қариндошинг иложсизликда, изтиробда қолмайди, ҳаё-ибо эса... ҳар турфа ёмон кўздан, суқ-назардан, беъмани касалликлардан сени асрайди, иймонингни сақлайди.
Дунёни вабодай маҳв этишга чоғланган ОИТС деган бедаво дард ҳақида эшитганимизда "астағфируллоҳ" деганмиз-у, бу ярамас дарднинг бизнинг хал-қимиз орасидан ҳам бош кўтариши кўпам хаёлимизга келмаган. Ахир бизнинг ибо чегараларимиз бу касалликни яқинлатмайди, деб ўйлаганмиз-да. Бизнинг халққа фаҳш ва саёқ юриш ор саналади.
Аммо бугун бизнинг юртимизда ҳам ОИТС вируси топилибди. Демак, қайдадир адашдик, қайдадир хато қилдик. Шаънимизга ор бўлган бу хатога қандай дуч келиб қолдик?!.
Қизларимиз ўсмир ёшига етгандаёқ дадаси тугул акасининг олдида ҳам одоб чегаралари ичра яшаган элмиз-ку. Эркаги аёлини ҳимоя қилган, асраган, аёллари эрига садоқат кўрсатишда дунёни лол қолдирган миллат эдик-ку?!
Юртбошимизнинг "Юксак маънавият-енгилмас куч" асарини ўқиган одам бунга жавоб топиши осон кўчади. Миллатни миллат, халқни халқ сифатида ушлаб турадиган енгилмас куч маънавият бўлса, демак, биз аждодлардан қолган маънавий бойлигимизни сийраклатиб қўйибмиз. Маънавияти юксак аёл эри, болаларини ташлаб хорижга пул ишлаш учун бормайди... Бошқаларда қандай, аммо бизнинг халқ учун бу ўта ярашиқсиз ҳолатдир.
ОИТС касаллиги бор мамлакатларда узоқ вақт бўлган юртдошларимиз бу касалликни ташиб келтирувчилар ўзлари бўлиб қолмаслиги учун бу ҳақда кўпроқ маълумотга эга эмаслиги ҳам бизнинг хатомиз. Четда ишлаб пул топиш учун бордими, миллатнинг урфу фазилатлари, оиласининг соғлиқ-саломатлиги бир жиҳатдан унга ҳам боғлиқ эканини билмадими, демак бу-адашишимиз.
Хўп, энди четда узоқроқ қолиб кетган бўлса, келибоқ бу хавфли касаллик ўзида йўқ эканига ишонч ҳосил қилиш учун тиббий кўрикдан ўтгач, кейингина соғинган оиласи бағрига кирса бўларди-ку?
Мен Қозоғистонга иш излаб бориб, тўққиз ойда тўққиз тангасиз қайтган бир яқинимни биламан. Ўша яқинимга ўхшаб алданган, адашганларнинг пулсиз қайтгани майли-ку, у ёқдаги қийинчиликлар, ош-овқатидаги тангликлар, ётиш туришидаги хорликлар ҳақида гапириб беришганларини неча бор ойнайи жаҳонда кўрдик, эшитдик ҳам. "Аттанг, афсус", дея ўкинганига гувоҳ бўлдик. Бу ёғига дўппини олиб қўйиб чуқурроқ ўйламасак бўлмайди. Акс ҳолда, Ватан олдида ҳам, миллат олдида ҳам, аждодлар олдида ҳам гуноҳкорга айланамиз. Минг йиллардан мерос баланд шаънимизнинг даражасини пастлатган бўламиз.
Юртни ташлаб қай бир корчалонларга алданиб, меҳнатини, кучини исроф қилиб, камига ўша ОИТС деган бедаво касалликни юқтириб, устига-устак уни уйидаги жон томирларига тарқатиш... йўқ, бу энди бир тарафи маънавиятни ғариблатиш, бир тарафи ўзни камситиш, бир тарафи элнинг ҳаё, ибо деган фазилат-феълига путур етказиш, ор-номусга қолдиришдан бошқа нарса эмас.
Азиз юртдош! Огоҳ бўлайлик, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олайлик. Агар вақтида сергак тортмасак, мулоҳаза қилмасак аждодлар ҳам, авлодлар ҳам бизни кечирмайди. Ватан ҳам, уни севгувчи эл ҳам кечирмайди...
Замира РЎЗИЕВА,
шоира.
|