№17, 12.04.2012 БАДИҲА
ҚАРҒИШ - СЕНГА, СЕВГИЛИМ!
Дунёда йигит йиғламасин. Йиғласа бутун еру замин, осмону тоғ, дарёлар, қирлар, бағриқон лолақизғалдоқлар йиғлайди. Булутлар аза тутади, ёмғир ёғиб йиғлайди.
Сени севгандим. Худди ҳаётни севгандай суйгандим. Йиллар бўйи йўлларингга кўз тикиб толмагандим. Тим қора кокилларингни толаси қадар ой-кун санаб уйлар қургандим. Онамга айтиб либослар, совғалар ҳозирлагандим. Ҳовлимизга сен суйган атиргулларнинг фақат пуштисини эктиргандим. Афсус, бу кун етдим деганда, қўлларимни бўш қолдириб, ташлаб кетдинг. Кетганда ҳам яхшиликчасига эмас. Бой-бадавлатни, амалдорни, деб кетдинг. Ҳатто бир энлик хат ёзиб ёки телефонда айтиб қўймадинг.
Қани, сендаги виждон, айтилган сўзлар, ваъдалар, орзу ҳаваслар. Наҳотки, айтилган сўзлар қуруқ қоғозга ўхшаган бўлса. Тўйинг бўлган кундаги азобим оламга сиғмади. Карнай-сурнай садолари, янгаларнинг "ёр-ёр"и юрагимга ханжар бўлиб қадалди. Кўз ўнгимда оққушдай оппоқ либосда паривашга айланган, севгилим. Қўлларида гул, пардоз-андозлардан яна гўзаллашган чеҳра, хиёл жилмайишлар, куёв боланинг қўлидан тутиб аста қадам ташлашлар, салом қилишлар гавдаланади-ю, юрагим ёнади. Кўзимга ёш тўлади, бўғзимга бир нарса тиқилади. Гапирай дейман гапиролмайман. Юзимни ёстиққа босиб йиғлайман. Менга қўшилиб юлдузлар йиғлайди.
Муҳаббат юракда бўлади, севги сендайларга ўйинчоқ экан. Бировни йиллар давомида "севаман" деб ишонтириб, яна бошқасига тегиб кетиш ҳам инсофданми? Нега сенга ишондим, юрак сўзларимни айтдим. Сени деб ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотдим, оғир-енгилига бардош бердим. Йигит бўлиб пул топай, яшаш учун шарт-шароит яратай, уй-жой қилай, дебман. Сени севганим, ҳаётимда сен борлигинг учун бахтиёр яшаб, ишлаб чарчамагандим. Чунки, мени олис-олисларда умид ва бахт чироғи бўлиб йўлимни ёритиб, ўзингга чорлаб турардинг. Энди бўлса умидсиз бўзлаб, йиғлаб остонада ўтирибман. Сенсиз бу дунё ҳам, уйларим ҳам, ўйларим ҳам файзсиз туюляпти.
Эссиз, адашибман. Ҳуснинг каби қалбинг ҳам, вафо-садоқатинг ҳам, муҳаббатинг ҳам гўзал, деб ўйлабман.Энди ҳаётимда айрилиқ, ёлғонлар қуюни кезади.
Ҳар бир қиз бахтини яхши йигитдан топгиси келади. Йигитман-у, харидорларим бисёр. Ким ҳам аҳли солиҳ, ичмайдиган, чекмайдиган, уйим-жойим дейдиган йигитни куёв қилгиси келмайди. Аммо юрагим илимайди. Не-не барно қизларни кўрсам ҳам ҳаётимдаги биринчи, энг гўзал қиз эдинг. Сенинг иш- қингда йўлимдаги машаққатларни енгандим. Энди бўлса сендай бевафони юрагимдан ҳайдаб чиқаролмаяпман.
Мучал йилим менга бахт ва омад келтиради. Буни синаганман. Келгуси йилдан умидим бор. Шундай бир қизга уйланайки, у дунёда энг бахтли яшасин. Борлиғимни, шодлигимни, бойлигимни унга бағишлайман. Ўша қизни сен деб тасаввур этаман. Гўё биринчи муҳаббатим билан яшаётгандай. Сенга эса қарғиш, севгилим. Токи қилган қилмишинг бир умр пушаймонинг бўлсин.
Йигит сўзларини Мукаррама ҒАНИЖОН қизи ёзиб олди.
|