№17, 12.04.2012 АРМОН
СОЯБОН ОСТИДАГИ ОДАМ
Дунё гулзор, дунё тиканзор. Унинг шунчалик очилмаган сирлари, ҳикматлари кўпки, мусбат ва манфийлик орасида мувозанатни ушлаб туришга қийналасан киши. Эсимни танибманки, изтироблар, ечими саволларга тўла, ғизиллаб ўтаётган кунларим соат милларидек бетўхтов югурмоқда.
Онамнинг айтишича, тўрт ёшимдан катта шаҳарга келиб қолган эканмиз. Бу ерда бизнинг ҳеч кимимиз йўқ бўлиб, онам шифохонада фаррошлик қилар, мен бўлса, унинг этагидан қолмас эканман. Биз қоронғу, заҳ уйда ижарада яшардик. Етти ёшга қадам қўйиб, мактабга бора бошладим. Онам орзулагандай "катта дўхтир" бўлиш учун астойдил ўқиб, дарсдан бўш вақтларимда бировларнинг машинасини ювиб, пул топдим. Инсон ниманики ният қилса албатта, унга етишар экан. Ҳозир ўзимизнинг уйимиз, шахсий машинамиз бор. Тиббиёт олий ўқув юртини тамомлаганман, шифокорман.
Ўтган кунларимни эсласам, онамнинг тунлари беллари оғриб, эрта тонгдан бозорга чиқиб кўкат сотиб, тушликдан сўнг ишга боришлари-ю, "Отанг ким?" - деб савол берганларида нима деб жавоб беришимни билмай ер чизганларим кўз олдимдан бирма-бир ўтди.
Ўша куни шаррос ёмғир қуярди. Ҳамма панага шошган, фақат тор йўлакча четидаги ногиронлар аравасида ўтирган, олтмиш ёшлардаги амаки бир қўлида соябон тутганча, бир қўлини чўзиб садақа сўрарди. Ўйландим. "Бечора, шундай совуқ кунда... унинг ҳам ўғиллари бормикин?..." Шундай хаёлда унга пул тутқазар эканман, кўзлари менга танишдай туюлди. "Раҳмат ўғлим, мени сийласанг, худо сени сийласин, ота-онанг роҳатингни кўрсин".
У мени дуо қиларди.
Кунларнинг бирида касалхонага аҳволи оғир беморни келтиришди. Операция хонасига кирар эканман, ўша таниш кишини кўриб, негадир ғалати бўлиб кетдим. Бемор автоҳалокатда кўп қон йўқотганлиги сабаб, операциядан чиқмай жони узилди. Ташқарига чиққанимда, эшик олдида онамнинг ташвишли юзига дуч келдим.
-Нима бўлди ўғлим,.. у тирикми?
"Йўқ", деб бош қимирлатганимдан сўнг, онам ҳолсиз ерга ўтириб қолди.
Қўрқиб кетдим.
-Нима бўлди, ойи? У ким, айтинг, ким у?
Бироздан сўнг онамнинг аламли овози шифохонани тутиб кетди.
- Отангнинг жони сенинг қўлингда узилди, болам. У аввал бизни қандай ташлаб кетган бўлса, бугун ҳам шундай ташлаб кетди, ўғлим.
Мен қирқ йил кўрмаган уйимизда эски сандиқда сарғайиб кетган суратда кулиб расмга тушиб, соябон остидан менга илинжли нигоҳ билан тикилган киши-отамни топмай туриб йўқотган эдим.
Ўша куни шаррос ёмғир қуярди...
Шифокорнинг дил
сўзларини оққа кўчирувчи
Дурдона МУХТОРОВА.
|