№18, 19.04.2012 САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ
"ҚАЙНОНА ОЙ ОНА БЎЛАДИ"
Дунёга илк бора келган гўдакнинг кўргани она, туйган илк ифори она иси, тинглагани она алласи, баҳра олгани она меҳри, илк бора айтган сўзи "она" бўлади.
Оналарнинг эса дунёда топган бахти фақат ва фақат фарзанддир. Шу боис ҳам халқимизда "Оналарни парвардигор сочидан тирноғи қадар меҳрдан яратади", деган ҳикматли гап юради. Бугун театр ва кино санъатининг машҳур намояндаси, севимли актриса, Ўзбекистон халқ артисти, шу билан бирга меҳрибон она ва севимли қайнона Дилбар Икромова билан оналар ва қайноналар мавзусида суҳбатлашдик.
- Қулоғимизга тез-тез қайнона-келин можаролари ҳақидаги гаплар чалиниб туради. Шу ўринда сизнинг фикрингизни билишни истардик, она ва қайнонанинг орасида қандай фарқ бор?
- Аёл, аввало, она эканлиги билан ҳам улуғ зот ҳисобланади. Оналар фарзандлар бахту камоли йўлида ҳар қандай жасоратга, матонатга, шу билан бирга, қурбон бўлишга ҳам тайёр бўладилар. Уларнинг меҳри чексиз, муҳаббати поёнсиз. Хўш, сиз ўз онангизни дунёдаги энг яхши она дерсиз, лекин бошқа биров ҳам ўз онасидан мўътабар инсонни дунёда топа олмайди. Демак, оналарнинг ҳаммаси бир хил. Оналарнинг барчаси севимли, табаррук ва буюк инсонлар ҳисобланади. Шундай экан, она ва қайнонанинг орасида қандай фарқ бўлиши мумкин. Ўз фарзандини севган она бошқа бировнинг боласини ҳам сева олади. Ўз боласига ёмонликни раво кўрмайдиган она бошқа оналарнинг боласига ҳам ёмонликни хоҳламайди. Қуш тилини қуш тушунгани каби, оналар кўнглини оналаргина тушуна оладилар. Шундай экан, мен она ва қайнонанинг орасида умуман фарқ бўлмаслигини хоҳлардим. Тўғри, орамизда "қайнона" ва "она" деган номга номуносиб кимсалар ҳам йўқ эмас. Аммо Худога шукур қилиш керакки, улар жуда ҳам озчиликни ташкил этади. Бир сўз билан фикримга шундай хулоса қилмоқчиман, оналарнинг ёмони бўлмаганидек, қайноналарнинг ҳам ёмони бўлмайди. Фақатгина инсонлар бир-бирини тушуна олмасликлари оқибатида шундай фикрлар юзага келади.
- Барча мухлисларингиз сизни "Келинлар қўзғолони" фильмидаги Сотти ролингиз орқали таниган. Ҳаётда қанақа келин бўлгансиз? Ўша Соттига ўхшаганми ёки аксинча?
- Биласизми, менга ҳаётда қайнона билан яшаш бахти насиб этмаган. Аниқроқ айтсам, қайнонам бўлмаган. Бу нарса менга армон десам ҳам бўлади. Чунки қайнона билан яшаш, уларнинг вақтида танбеҳини эшитиб, вақтида дуоларини олиш, хизматларини қилиб юриш ҳам келинчаклар учун жуда катта бахт. Бу шундай бахтки, унинг қадрига ҳеч ким ўз вақтида ета олмайди. Бу олдимиздан оққан қадрсиз сувга ўхшайди. Аммо йиллар, даврлар ўтиб борар экан, ўша дамлар ҳам ширин хаёл, ширин хотира бўлиб ёдга тушади. Аёллар келинчаклик даврини эслаганда қайнонаси билан ўтказган дамларини эслашади. Баъзан ёшлик қилиб йўл қўйган хатоларидан уялишса, баъзан ёшлик шўхликларини, қайнонасининг баъзи гапларини, қилган яхшиликлари, келажак ҳаётида асқотган насиҳатларини эслаб қувонишади. Менда эса ана шу бахт йўқ. Шу ўринда барча қизларга, келинчакларга айтмоқчи эдим: қайнона ой она бўлади. Унинг қадрига етинг. Ғанимат кунлардан унумли фойдаланиб, меҳрини қозонинг. Дуоларини олинг. Зеро, сиз ҳам бўлажак қайнонасиз.
- Аёл кишини нима гўзал ва севимли қилади, деб ўйлайсиз?
- Аёлни, аввало, ширин сўз ва очиқ чеҳра гўзал қилади. Аёлларни ибо, ҳаё, уят андиша гўзал қилади. Аёлларни озодалиги ва пазандалиги гўзал қилади. Шунингдек, аёлнинг гўзаллиги оналигида.
Мен табиатан инсоннинг юзига эмас, одоб-ахлоқига, маданиятига, озодалигига қараб баҳо берман. Шунинг учун ҳам нафақат аёлларни, балки барча инсоннинг қалб гўзаллигини ҳақиқий гўзаллик деб биламан.
- "Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади" дейишади. Сиз ҳам ҳаётингизда ўша "макр"дан фойдаланганмисиз?
- Агар мен фойдаланган нарсалар макрга кирса, айтишим мумкин, ундан жуда ҳам кўп фойдаланганман ва ҳалигача фойдаланиб келаман. Чунки оилада ҳар хил вазиятлар бўлади. Турмуш ўртоғимнинг кўнглига қарашим, уларнинг кайфиятлари йўқ пайтда кўнгилларини кўтаришим керак бўлса, албатта, мен макр билан бунга эришардим. Макр деганда ёлғон мулозамат, ёлғон гап эмас, аксинча, ўзимдан кечиб, шу инсон учун ҳамма нарсамни қурбон этардим. Масалан, ўғил ва келин орасидаги можароларда ҳам шундай қилишга мажбурмиз. Агар бундай вазиятда қайнона макр қилмаса, оқибати яхши бўлмаслиги мумкин. Бундай пайтда ёмонни ҳам яхши дейишга мажбур бўламиз. Бу каби макрларнинг ҳаммаси оила тинчлиги, фарзандлар камоли учун амалга оширилади. Ундан, менимча, ҳеч қайси аёл ва она ўз манфаати ёки ёмон мақсадлар йўлида фойдаланмаса керак.
Феруза ИҚБОЛ қизи суҳбатлашди.
|