Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№18, 19.04.2012

ҲИКОЯ

СОВЧИ

Анора ая қариндош аёлларнинг навбатдаги "гап"ида яқинларига ҳасрат қилди:

- Шу десанглар ўғлимга мос келин топа олмаяпман. Эгачи - сингилларни ҳам у ёқ-бу ёққа югуртиряпман, лекин бизга мос келадигани топилмаяпти.

- Э, Анорахон, қиздан кўпи борми?- деди аёллардан бири. - Танлаб, суриштириб, дарров биттасини кўзланг, тамом-вассалом.

Гап мавзуси тўй, келин топиш хусусида бўлгани боис, бу жиддий баҳсга айланиб кетди.

- Йўқ, бу ўз-ўзидан бўлмайди, қадимдан халқимизда шундай гап бор: поабзали йиртилгунча қиз қидирса, унга яхши келинчак учрайди,- дея кекса аёл гапга қўшилди. - Шунда келиннинг яхшисини топади. Агар шошма-шошарлик қилса, "чув" тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Кимнингдир очилган қалб дафтари бошқаларнинг ҳам дард дастурхонининг ёзилишига сабаб бўлди. Анора аянинг "гап"и баҳона ким қандай келин топиб туширгани-ю, унинг яхши ва ёмон фазилатлари, уй тутиши, муомаласи ҳақида ҳар ким ўз ҳикоясини бошлади. Бундан ташқари, маҳаллалардаги ўзлари билган ва кўрган одобли қизлар ҳақида тилидан бол томиб гапирдилар. Улардан бирини келин қилган одам ҳеч қачон кам бўлмасликларини айтишди.

Анора ая ўтиришдан кейин овсинлари, қўшни аёллар тавсия қилган хонадонларга бир-бир бош уриб чиқди. Ахир келинни у олади. Унга бўлғуси келиннинг оиласи ҳам ёқиши керак. Шундагина ўғлини келин билан учраштиради. Ўғли ўта ройиш бола. Онасига ёққан унга ҳам албатта ёқади, "йўқ" демайди.

Эртаси куни Анора ая астойдил ишга киришди. Белни маҳкам боғлаб ўғлига қиз дараклашга тушди. Йўқ, барибир иш юришмаётгандек туюлди унга. Бири "Қизимиз ёш, ҳали турмуш қуришга тайёр эмас", деса, яна бири "Тўй қилишга маблағимиз етарли эмас", дейди. Яна бирининг қизи эса умуман ёқмайди. Хуллас, совчи ёлламай, ўзи маҳалла кезиб, кўча чангитиб жуда чарчади.

Тавба! Бу туришда кенжа ўғлини уйлантириш анча қийин кечади, шекилли. У танишлари тавсия этган, "келин қилса арзигулик" хонадонларнинг ҳаммасига кириб чиқди. Бу орада эса бир-неча ой ўтиб кетди. Ҳар гал борган жойидан тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтади.

Яна бир кун хонадонларнинг биридан қуруқ қайтаётган Анора ая роса толиқди шекилли, йўл бўйидаги жилдираб оқаётган сувдан симириб ичди. Чанқоғи бироз босилди. Кейин эса озроқ ҳордиқ чиқариш илинжида ёнидаги катта-кичик тошлардан бирига ўтирди. Ҳудди шу пайт шундоққина қаршисидаги темир дарвозаси ланг очиқ хонадонларнинг биридан қўлига бир жуфт сирли пақир кўтариб навниҳолдек бир қиз оқаётган сув томон кела бошлади. Унинг чиройли қадди-қомати, очиқ чеҳраси, юзидаги ним табассумини кўрган Анора ая "Кўҳликкина қиз экан" дея ҳавас билан қаради.

Қиз келиб, пақирлардан бирини кран остига қўяркан, унга бурилиб қаради:

- Ассалому алайкум.

Қизнинг саломи Анора аяга шундай ширин, шундай тотли туюлдики, худди ўз келини, йўқ, ўз қизи онасига салом бергандек бўлди.

- Ваалайкум ассалом,- деди у қизни кузатишда давом этаркан.

Номаълум қиз пақирларни тўлдириб, энди кўтармоқчи бўлиб турганида, у чиқиб келган дарвоза остонасида тўладан келган, эпчилгина аёл пайдо бўлди. Меҳрибонлик билан сўради:

- Сувларинг оғирмасми, қизим? Кўтаришайми?

Қиз эса миқти гавдасига ишонибми ёки онасини аябми кўнмади:

- Овора бўлманг, ойижон. Мен ўзим. - Қиз шундай деб сув тўла пақирларни кўтариб уйи томон кетди.

Хотиржамлик ила эндигина ортига бурилаётган онасининг кўзи Анора аяга тушди-ю, секин яқинлашди:

- Айланай, йўл юриб чарчаганга ўхшайсиз. Юринг бизникига. Бироз дам оласиз. Бир пиёла чойимиз ҳам тайёр.

- Раҳмат, чарчоғим ёзилди. Анча толган кўринаман.- Сўнгра қизига ишора қилди. - Бу сизнинг қизингизми?

- Ҳа. - Аёлнинг гап оҳангидан унинг бахтиёр она эканлиги, қизи билан фахрланиши яққол сезилиб турарди.

- Турмушга бермайсизларми?

- Узатмай қаёққа борамиз, айланай. Лойиқ жойи чиқса, албатта узатамиз. Бу йил институтни тугатди. Ҳозир ёнимиздаги мактабда болаларга дарс беряпти. Энди тақдир насиби тўғри келса, "йўқ" дермидик, қоқиндиқ.

Анора ая аёлнинг қистови билан унинг ёғ тушса ялагудек тоза, саранжом-саришта, шинамгина ҳовлисига кириб бораркан, оёғига беихтиёр кўз ташлади.

Дарвоқе, юмшоққина деб кийиб олган шиппагининг бир чети йиртилиб, бармоқлари кўриниб қопти. Кўнгли ҳам хотиржам, унга ҳозиргина уйига кириб кетган қиз ҳам, онаси ҳам маъқул тушди.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

Избоскан тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди