№19, 26.04.2012 ШУКРОНАЛИК ШАРОФАТИ
Қўрғонтепа туман марказида 15 та маҳалла мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўз ўрнига, мавқеига эга. Шулардан бири Ўрмонжон Акбаров раислик қилаётган "Қўрғонтепа" маҳалла фуқаролар йиғинидир.
- Маҳалламизда 2025 аҳоли, 545 та оила, 270 хўжалик бор,- дейди маҳалла маслаҳатчиси Моҳинса опа Солиева биз билан суҳбатда. - Уларга раисимиз Ўрмонжон Акбаров, сардор Авазбек Мўйдинов, котибимиз Юлдузхон Исмоновалар ёрдамида баҳоли қудрат хизмат қилмоқдамиз. Фаолларимиз ҳам биздан, ҳам маҳалладошларидан ўз ёрдамларини аямаяптилар.
Биз Моҳинса опадан маҳалладаги энг намунали оилалар ҳақида сўрадик.
- Намунали оилалар маҳалламизда жуда кўп. Аммо Собиржон ота ва Зулфизар аялар хонадони ҳаммага ўрнак бўла олади,-деди маслаҳатчи опа фахр билан.
Биз Моҳинса опа таърифу тавсиф этган Мамасолиевлар хонадонига кириб борар эканмиз, маслаҳатчининг ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Кенг, шинам, озода ҳовли. Томорқадаги чиройли шакл берилган турли хил мева дарахтлари, атрофи турфа хил гул кўчатлари билан безатилгани дилларга файз бағишлайди. Ҳовлининг покизалиги, томорқаларнинг парвариши уй эгаларининг меҳнаткаш ҳамда ерга бўлган чексиз меҳридан далолат бериб турарди.
Бу хонадон эгалари билан суҳбатлашарканмиз, уларга чиндан ҳавасимиз келди. Чунки оила қанчалик катта бўлмасин, аҳил, иноқ ва меҳнаткаш. Шу иноқлик, аҳиллик оқибатида маҳаллада обрў-эътибор топган.
Оила бошлиғи Собиржон ҳожи ота бу йил пайғамбар ёшида, Зулфизар ҳожи ая эса олтмиш баҳорни қаршилади. Улар узоқ йиллик турмушлари давомида бир-бирларини тушуниб, бир-бирига суяниб, ҳаётнинг оғиру енгилликларини бирга баҳам кўрдилар. Мана, кам бўлганлари йўқ.
- Турмуш ўртоғим билан беш фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик,- дейди Собиржон ота. - Уч ўғил, икки қиз. Ўғилларим - Муҳаммаджон, Маҳмуджон, Мақсуджон, қизларим Бегойимхон ва Дилфузахонлар. Мен умр бўйи сомсапазлик қилганман. Ҳозир эса ўғилларим менинг ҳам ёрдамчим, ҳам шогирдим. Уларга бош-қош бўлиб, эл хизматидаман. Қизларимизнинг бири ўқитувчи, иккинчиси шифокор. Ўн уч набирамиз бор.
Гап келинлар ҳақида кетганда Зулфизар ҳожи ая аста гап бошлади:
- Келинларим тилло. Ахлоқ-одобли инсонларнинг фарзандлари. Содда, меҳнаткаш ва самимий. Катта келинимиз Саидахон боғчада ишлайди, ўртанчаси Нигорахон ҳамшира, кенжа келинимиз Гулнозахон уй бекаси. У уй юмушлари билан банд. Бўш пайтларида эса томорқадаги ишларни бажаради. Куёвлардан ҳам хурсандмиз. Ортиқбой қурувчи, Ҳусанбой эса ошпазлик касбида.
Оила вакиллари томорқаларида лола, атиргул, қора шаҳзода, филқулоқ, пальма, хитой атиргули каби элликка яқин гул кўчатларини етиштирмоқдалар.
- Уларнинг яна бир ибратли томони бор,- дейди маҳалла маслаҳатчиси Моҳинса опа. - Бу оила вакилларининг қўли очиқ, саховатли инсонлар эканлигидир. Бировлардан ҳеч қачон ёрдамларини аямайдилар. Турмушда ҳар хил воқеалар бўлиб туради, баъзи ёш оилаларда можаро бўлиб қолса, ўша нотинч, муаммоли оилаларга Собиржон отани ёки Зулфизар аяни олиб борамиз. Улар кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган эмасми, ёшларга насиҳат қилишади, маслаҳат бериб, тўғри йўлга соладилар. Бундан ташқари, Зулфизар ая сумалакнинг устаси. Кимнинг хонадонида сумалак қилинса, вақт топиб, бориб ёрдам беради.
Ҳа, Собиржон ота ва Зулфизар аялар ҳар қандай пайтда ҳам ҳалол-пок бўлиб, шукроналик билан яшаганликларини бот-бот гапириб ўтадилар. Балки уларнинг бугунги чиройли турмушлари ана шу шукроналик шарофатидандир. Бугунги кунда арзимаган баҳоналарни рўкач оиласидан воз кечаётган, фарзандларини ота-она меҳрига зор қилиб қўяётган айрим инсонлар улардан ўрнак олса арзийди. Ҳаётимизда ана шундай ибратли оилалар кўпайсин, деймиз.
Саҳифани Улуғбек АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.
|