№19, 26.04.2012 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
КАСБИДАН ҚАДР ТОПГАН МУАЛЛИМА
Муаллим-мўътабар зот. Уни мўътабар қилган-болаларга чексиз меҳри, бетакрор муҳаббати. Мактабга қадам қўйган мурғак қалблар муаллимнинг ана шу меҳри, муҳаббати, маҳорати ила улғаядилар, дунёни танийдилар. Шу сабаб уларни эъзозлаймиз, қадрлаймиз. Кўз нури ва қалб қўрини шогирдлари камоли учун бахшида этган шарафли касб эгалари бўлган ўқитувчилар ҳамиша эҳтиромга муносиб.
Андижон шаҳридаги 44-умумтаълим мактабининг олий тоифали рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Одинахон Ражабова ҳам касбига меҳру садоқати, кўп йиллик педагогик тажрибаси билан ҳамкасблари, шогирдларининг ҳурматига сазовор бўлган, касбидан қадр топган муаллималардан.
Одинахон Ражабова 1979 йилда шаҳардаги 43-ўрта мактабни, 1982 йили Бухоро давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини битирган.
-Ўқитувчилик касбига бўлган қизиқишни менга мактабда ўқиб юрган кезларим устозимларим уйғотишган. Ўшанда, агар мен ўқитувчи бўлсам, устозимларимдек дарс бераман, деб кўнглимга тугиб қўйганман, -дейди Одина Маҳмудовна.- Ўқувчиларим ҳар гал "устоз" деганларида кўнглим тоғдек кўтарилади. Устоз бўлиш, билганларинингни ёшларга ўргатиш ёқимли-да.
Дарҳақиқат, ўқитувчилик шарафли касб. Илм талаб шогирдларнинг меҳибон устози, доно муаллима ҳамиша эл ардоғида. Неча тунларни бедор ўтказиб, касб машаққатларини тортган инсон келажак давомчилари бўлмиш ёшларга эзгулик, илму маърифат улашади. Бу сабоқ йиллар ўтиб инсон камолотида бўй кўрсатади. Албатта, инсоннинг ҳаётдан олганлари яна авлодларга мерос қоларкан. Шу маънода таълим фидойиси Одинахон Ражабованинг бугунги ибратли ҳаётидан намуна олаётганлар ҳам кўп.
Одинахон Ражабова зиммасига шундай масъулиятни олганига мана, 26 йил бўлибди. Мактаб унинг учун қадрли, ўқувчилар фарзандларидек азиз. Унинг қўлида таҳсил олган ёшлар айни пайтда жамиятимизнинг турли соҳаларида ишлаб, устозларининг ишончларини оқлашаяпти.
- Одинахон Маҳмудовна таълим-тарбия жараёнини педагогик ва услубий жиҳатдан самарали ташкил этишга эришган тажрибали ўқитувчилардан бири,- дейди мактаб директори Б. Файзуллаев. - У ўзининг янги педагогик технологиялар асосида ташкиллаштирган дарслари билан таълим сифатини оширишга эришмоқда. Бундан ташқари, шаҳар миқёсида ўтказилган "Болалар ёзувчилари ва композиторлари", "Энг яхши кўргазмали қурол", "Энг яхши йил ўқитувчиси" каби кўрик-танловларда ўқувчилари билан фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаган. У ўқувчиларнинг рус тили бўйича оғзаки ва ёзма нутқ малакасини ривожлантириш, ҳуснихат, тез ва ифодали ўқиш, матнни ҳикоя қилиб бериш кўникмасини ҳосил қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор бериб, муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилади. Услубий бирлашма раиси сифатида эса "устоз-шогирд" анъанасига биноан, у ёш педагогларга кўмакдош. Бизнинг жамоамизда ана шундай камтарин, билимдон, ўз касбининг устаси бўлган Одинахон Ражабовадек устозлар борлигидан фахрланамиз.
Қаҳрамонимиз шахсий ҳаётида ҳам бахти кулган аёл. У турмуш ўртоғи Нуриддин акага садоқатли рафиқа, икки фарзандга меҳрибон она. Қизлари Нодирахон ва Нозимахонларга кўпчилик ҳавас билан боқиши рост.
Устозлар ҳақида қанча кўп ва хўп гапирсак озлик қилади. Мақоламиз қаҳрамони Одинахон опанинг умр йўли, меҳнат фаолияти, касбига фидойилиги муаллимага нисбатан юксак эҳтиром эътирофи, десак асло муболаға бўлмайди.
Одинахон опа Ражабова бугун қутлуғ 50 ёшда. Ўзининг ярим асрлик таваллудини яқинлари ардоғида, жамоадошлари даврасида нишонлаётган устозга "Яқинларингиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг. Фарзандлар камолини кўриш бахти насиб этсин", дегимиз келади.
О. ВАҲОБЖОНОВА.
|