Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№19, 26.04.2012

ЭҲТИРОМ

ЭЛ АРДОҚЛАГАН ШОИР ЭДИ У

Шоир Муҳаммад Юсуф номи бугун республикамизда шеърият ихлосмандларига яхши таниш. Шоирнинг шеърий тўп-ламлари ҳар бир хонадонга кириб борган десак, янглишмаймиз. Марҳаматда, Қовунчи маҳалласида таваллуд топган шоирнинг номи ўзи ўқиган 25-умумтаълим мактабига берилган. Шунингдек, мактабда Муҳаммад Юсуф уй музейи ташкил этилганлиги ва у турли экспонатлар билан бойитилганлиги, мактаб ҳудудида эса хотира боғи яратилганлиги, бу албатта, юртдошларининг шоирга бўлган юксак эҳтиромидир.

Ижодий ютуқлардан яна бири "Турон" ўқув маркази раҳбари Ортиқали Хусановнинг ташаббуси билан ҳар йили Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун - 26 апрелда шоир хотирасига бағишланиб "Халқ сайли" ўтказилади. Бу сайлда Марҳамат халқи билан бирга қўшни вилоятлардан, туманлардан ҳам ижодкорлар иштирок этишади.

2006 йили ташкил этилган Муҳаммад Юсуф номидаги ёш ижодкорлар тўгараги самарали фаолияти кўрсатмоқда. Тўгарак аъзолари ўзларининг шеърий машқлари, ҳикоя ва мақолалари билан нафақат туман, балки вилоят нашрларида ҳам фаол қатнашиб келмоқдалар. Тўгарак аъзоларидан Зулҳумор Жўраеванинг "Райҳон ифори", Иқбол Тонг таҳаллуси билан ижод қилаётган Музаффар Саттаровнинг "Райҳон" номли шеърий китоблари нашр қилинди. Саидахон Зикиряева, Фароғат Маматурсуноваларнинг шеърий тўпламлари эса чоп этилиш арафасида.

Абдураҳим Бозорбоев раҳбарлик қилаётган шоир номидаги адабий тўгарак аъзолари бўлган айрим ижодкорларнинг шеърларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ОТАМГА

Отамга ўхшайди виқорли тоғлар,

Вазмин, иродали, жуда бағри кенг.

Отамга ўхшайди ҳов улуғ тоғлар,

Лоласин асрайди жони билан тенг.

Отамга тенг эмас асли тоғлар ҳам,

Уларнинг бағри тош, юклари енгил,

Елкасида тутиб турса осмонни ҳам,

Отам тутган юкдек эмас зил-замбил.

Отамга ўхшайди ҳов баланд чинор,

Томир отиб кетган ернинг бағрига.

Отамга ўхшайди ҳов баланд чинор,

Барчани лол қилиб метин сабрига.

Отамга тенг эмас ўша чинор ҳам,

Унинг япроқлари тўкилар бир-бир.

Отам зурриёдлари кўпаяр ҳар дам,

Кенг дунё бағрига тарқалар бир-бир.

Эъзоза ОБИДЖОНОВА.

ТУН

Дур қадалган шойи пардадан,

Ой ийманиб оҳиста боқар.

Нурсиз қолиб ёлғиз кулбадан,

Армон келиб жонимни ёқар.

Қоронғулик дилга пайваста,

Хотирамни қитиқлайверар.

Оқшом дилим ютади аста,

Ва дардимни битталаб терар.

Тунга етмоқ ишқида яна,

Соғинч билан ўтказдим кунни.

Ой мўралар фалакдан яна,

Мен интизор кутаман тунни.

Фароғат МАМАТУРСУНОВА.

ҚАЧОН КЕЛАСИЗ?

Сизни кутиб кўзларим толди,

Хаёлларим гулдонда қолди.

Соғинчларим қийноққа солди,

Қачон келасиз-а, қачон азизим?

Юлдузлар дардимни билишмас,

Сирим айтсам ой ҳам тингламас.

Севмайман бас, десам юрак индамас,

Қачон келасиз-а, қачон азизим.

Кўзларимда ёшим, юрак эмас хуш,

Қўлимда қаламим кўнгил-чи ҳомуш.

Сизсиз бўлди-ку юрагим сархуш,

Қачон келасиз-а, қачон азизим.

Фароғат АБДУРАИМОВА.

КИМГА АЙТАЙИН

Юрагим дардларга лиммо-лим тўлди

Аллоҳдан ўзга биров сирим билмади.

Кимдир ҳолим кўриб пинҳон кулади,

Дилдаги дардимни кимга айтайин?

Занжирбанд оҳудай маҳзун асирман,

Лабимда табассум, дилда йиғларман.

Ўзгалар дардига малҳам бўларман,

Лекин ўз дардимни кимга айтайин?

Ҳижрон, айрилиқда заҳматлар чекиб,

Фироқда йиғлайман ёшларим тўкиб.

Нажоткор излайман шукрлар айтиб,

Аламли дардларим кимга айтайин?

Энди йиғламагин жажжи юракжон,

Кўз ёшим бўлсин-а дурлару маржон.

Менга битмас бахтлар тиланг онажон,

Кўнгил дардларимни кимга айтайин?

Зулхумор АКБАРОВА.

АЧИҚ ҲАЁТ

ДАФТАРИН ЁПДИМ

Ҳаёт қувончидан чекинар алам,

Самода қуёш ҳам нурларин сочар.

Сукут сақлаб юрган атиргулингиз,

Бугун назокат-ла кўнглини очар.

Парвозга шайланган бир қизман,

Ижод самосида менга қанотсиз.

Умид бериб қалбимга чексиз,

Онажон, ҳаётда менга нажотсиз.

Сизнинг дуоингиз қудрати ила,

Ижод бўстонида бахтимни топдим.

Кўнглингизга қувонч бермоқлик учун,

Аччиқ ҳаётимнинг дафтарин ёпдим.

Юлдузхон МАМАТОХУНОВА.

ГЎЗАЛИМ

Гўзалим, сендай қиз кўрмадим, асло,

Сўзлари ёқимли, сочлари узун.

Кўз қарашларида бир жаҳон маъно,

Нигоҳида севги, бир ҳиски маҳдум.

Агар кулиб боқса бу қаро кўзлар,

Нигоҳинг олдида адодирман мен.

Сени таърифлашга ожиздир сўзлар,

Безавол ҳуснингга шайдодирман мен.

Ҳуснинг бу юракка солади олов,

Талпинади сенга ошиқ юрагим.

Сени мен сингари севолмас биров,

То умрбод ўзинг ёрим, керагим.

Каримжон ЗАЙНОБИДДИНОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди