№19, 26.04.2012 ОИЛА ИЛМИ
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қиладики: "Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бирга турмуш қуришларингиз учун аёллар ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади, ҳамда покиза неъматлардан ризқ берди" (Нахл сураси, 72-оят).
Дарҳақиқат, ислом дини таълимотида уйланиш, зурриёт қолдириш ўтган барча пайғамбарларнинг суннати эканлигига ишорат қилиб, Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: "Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар, зурриётлар берганмиз" (Раъд сураси 38-оят). Демак, ушбу юқоридаги оят, ҳадислардан маълум бўладики, исломда оила қуриш савобли суннат амаллардан ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим ёш оилаларнинг эрта бузилишининг сабаби, кўпинча эр-хотин бурч ва масъулиятларини билмасликлари ва оила қуриш, оила илмидан бехабарлигидандир. Шу ўринда янги оила қурган ёшларга зарур маслаҳатларни айтиб ўтамиз. Албатта, оила тинчлиги, мустаҳкамлиги улуғ неъмат ҳисобланади. Аввало, эркак киши ўз турмуш ўртоғига яхши муносабатда бўлиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан, агар баъзида сахву хатоларга йўл қўйса, ширинлик билан тушунтирмоғи, билмаганларини билиб олишга кўмаклашмоғи зарур.
Эркак киши қуйидагиларга амал қилиши лозимдир:
- уйдан чиқаётганда аёлингиз билан хурсанд ҳолда хайрлашинг;
- аёлингизни куттирмай ишдан, кўчадан эртароқ қайтинг;
- оилани пулсиз қолдирмаслик, уларни бошқаларга муҳтож қилмасликка ҳаракат қилинг;
- аёлингизни камчилигини бошқаларга айтманг, унинг яхши томонларини эсланг;
- ишдаги, кўчадаги муаммоларни уйга кўтариб келманг;
- ғайратли бўлинг, рашкчи бўлинг, аммо ёмон шубҳада бўлманг, айб ва камчилик қидириш билан машғул бўлманг;
- инсофли бўлинг, кучи етмайдиган ишларни хотинингиздан кутманг, зарур бўлса унга кўмаклашинг;
- уйга киришда салом бериб, табассум билан киринг, уйдагилар сизнинг келишингиздан севинсин;
- кутилмаган совғалар бериб, аёлингизнинг кўнглини олинг.
Ушбу маслаҳатларга амал қилсангиз, шубҳасиз, оилангиз тинч, ҳаётингиз гўзал ва фаровон бўлиши аниқ.
Албатта, оила мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқдир.
Аёлларимиз ушбу маслаҳатларимизга амал қилсалар нур устига нур бўлади:
- турмуш ўртоғингизга ўзи ёқтирадиган исм ва сифатлар билан мурожаат қилинг;
- фарзандларингизни одоб-аҳлоқли қилиб вояга етказингки, бошқалар ҳам сизни яхши инсон сифатида тилга олсин;
- у яхши кўрадиган таомларни ширин қилиб пиширингки, у уйини соғинсин;
- қайнонангизни улуғланг ва ҳурмат қилингки, эрингизнинг сизга нисбатан меҳри ошсин;
- ибо ва ҳаёли бўлинг, энг гўзал либос-ширинсўзлик, тақво эканини унутманг;
- эрингизнинг рухсатисиз у изн бермаган жойларга борманг;
- тежамкор бўлинг, исрофгар бўлманг, оғир дамларда ҳам эрингизга қарши бош кўтарманг;
- эрингизнинг қариндошлари ва яқинларига яхши муомалада бўлинг;
- эрингизга гўзал кўринишга ҳаракат қилинг;
- эрингиз ва фарзандларингиздан меҳр-муҳаббатингизни аяманг, уйнинг суянчиғи бўлинг.
- озода ва тартибли бўлинг, эрингизнинг кийимларини тоза ва озода бўлишига эътибор беринг.
Юқорида баён қилинган маслаҳат, бурч ва вазифаларга ҳар бир оилада эр-хотин амал қилиб борса, ана шу оила тинч ва хотиржам, бахтиёр оилалар қаторига киради. Лекин афсуски, баъзи бир хонадон соҳиб ва соҳибалари янги турмуш қурган ёшларнинг муросали, ширин ҳаёт кечиришларига кўмаклашиш ўрнига, янги келиндан айбу нуқсон қидириб, уларнинг ораларига совуқлик тушишига сабаб бўладилар.
Ваҳоланки, ўғил уларнинг фарзанди бўлса, келин ҳам худди шундай оила аъзоси. Туғилиб ўсган жойидан ўзга бир хонадонга келиб, ўрганиб кетгунга қадар хонадон соҳиблари сабр қилиб, янги ниҳолни асраб-авайлагандек, келинни ҳам тарбия қилиб бормоқлари лозим.
Аллоҳ таоло барчамизга рўзғорларимизда тинчлик, тотувлик, турмушимиз чиройли бўлишини насиб этсин.
Шаробиддин МУСАБОЕВ.
"Абу-Ҳурайра" жоъме
масжиди имом-хатиби.
|