№19, 26.04.2012 ЖАҲОНГА МАШҲУР АЁЛЛАР
МАЙМУНЛАР БИЛАН ЯШАГАН ОЛИМА
Дайан Фосси-давримиз афсонасига айланган аёл. Мустаҳкам ирода ва улкан сабот-матонат тимсоли сифатида дунёга танилган олима. Танлаган соҳаси ноанъанавийлиги билан киши эътиборини тортиши шубҳасиз. У қарийб 20 йил Руанданинг тропик ўрмонларидаги тоғ гориллалари ҳаёти ва яшаш тарзини ўрганди.
Маълумотларга қараганда, ўтган асрнинг 80-йиллари Ер юзида атиги 250 та тоғ гориллалари қолганди. Олима табиатнинг бу нодир жониворларининг ер юзидан буткул қирилиб кетишининг олдини олиш мақсадида уларга ҳаётини бағишлади. Эвазига ҳамиша сирли ва мўъзижакор, ақлли ва кучли бу мавжудотлар Дайан ва у орқали бутун оламга ўзларининг сир-синоатларини намоён этдилар.
ОРЗУЛАР ОҒУШИДА
Дайан эндигина 6 ёшга тўлганида отаси оиласини ташлаб, уйдан бош олиб кетади. Орадан бироз вақт ўтгач, ҳувиллаган хонадонда янги одам пайдо бўлади. Ўгай ота Дайанга нисбатан қаттиққўл бўлмаса-да, жуда меҳрибон ҳам эмасди. Онаси эса ҳис-туйғулари билан машғул, унинг бутун диққат-эътибори "янги дада"да. Жигарбандидан тобора узоқлашиб бораётганини эса хаёлига ҳам келтирмасди. Тўғри, қизалоқнинг қорни тўқ, усти бут эди. Бир қарашда, ҳеч кимдан кам эмасдай. Бироқ, ўзини ёлғиз сезарди. Шу боис, у жониворлар парвариши билан шуғулланишни ният қилди. Афсуски, бу режаси амалга ошмади. Ота- онаси уйида кучук ёки мушук боқишни ҳам тақиқлаб қўйишди. Унинг хатти-ҳаракатларини чеклаш мумкин бўлгандир, аммо миттигина қалбида табиатга иштиёқ ва ҳайвонларга бўлган чексиз муҳаббатни қизалоқнинг қалбидан ҳеч ким ўчира олмади.
Дайаннинг катта бўлгач, ҳайвонлар доктори-ветеринар бў-лиш орзуси ҳам тасодифан пайдо бўлмагани шундан бўлса керак. Бунинг учун у мактабда фанларни чуқур ўзлаштирди. Таассуфки, бу орзуси ҳали рўёбга чиқмасиданоқ армонга айланиб улгурди. Калифорния университетига кимё ва физика фанлари бўйича кириш имтиҳонларидан ўтолмади. Лекин у тушкунликка тушгани йўқ. Энди Дайан шифокорлик касбини танлади. Мижозлари оддий эмас-жисмонан ва руҳан мажруҳ болалар. У касбига шу даражада берилиб кетдики, Кентукки штатидаги Луисвилл шаҳар касалхонасида кечаю кундуз тиним билмади. Бемор болалар дардига малҳам бўлди. Фоссининг мижозларидан бири родезиялик болакай унинг ҳаётига нур, қалбига ҳузур олиб кирди. У болакайнинг ёввойи табиат ҳақидаги қизиқарли ҳикояларининг чин шайдоси бўлиб қолди. Шу суҳбатлар боис, болалигидаги орзулари бош кўтарди.
АФРИКАГА ЙЎЛ
Ҳа, Дайан Фоссининг ҳайвонларга меҳри болалигида уйғонган. Катта ҳаётга қадам қўйиб, мустақил иш бошлаган бўлишига қарамай унинг болаликдан қолган яна бир катта орзуси - Африкага бориш умиди ҳали сўнмаганди. Йиллар давомида тийинлаб йиққан пулларини олиб сафарга чиққанида Дайан 31 ёшли дуркун аёл эди.
Фосси Кения, Зимбабве, Танзанияда бўлди. У жойларнинг бетакрор табиати-ю ҳайвонот оламидан завқланди. Шу сайру саёҳати давомида таниқли кениялик антрополог ва археолог олим Луис Лики билан танишади. Унинг ёрдамида Микено вулқонига чиқади. Унинг ташрифидан бир неча йиллар олдин Жорж Шаллер бу жойларда илмий изланиш олиб борганди.
Орзулари ижобати учун унга бир неча кун кифоя бўлди. Ва ниҳоят у тоғ гориллаларини кўришга муяссар бўлди. Айнан шу саёҳат давомида Дайан Фоссида илк марта Жорж Шаллернинг ишини давом эттириш фикри туғилади.
Тез орада гориллаларнинг кундалик ҳаётини кузатиш асносида у тоғ гориллаларининг ажабтовур ҳаётига кириб борди. Шу тариқа 1966 йили тадқиқотчи аёл Конго Республикаси ва Руанда, Уганда давлатлари сар-ҳадлари туташган жойдаги уч минг метр баландликдаги осмонўпар тоғ тизмаларига чиқишга муваффақ бўлади. Унда қонуннинг ўзи йўқ. Табиийки, у пайтлар бу жойлар ёввойи ҳайвонлар ноёб турларининг ноқонуний ови ва савдо-сотиғини касб қилган браконьерлар ҳукмида бўлган. Дайан ўша пайтга қадар ҳали ҳеч бир инсоният қўлидан келмаган ишни уддалади. У гориллалар ишончига киришга эришди. Ўзларига нисбатан меҳр-мурувватни ҳис қилган бу жониворлар ҳам аёлга кўникиб боришарди.
Дайан Фосси ҳаётини хавф остига қолдириб, дунёдаги энг йирик маймунлар тўдасида яшашга таваккал қилиб адашмаганди. Натижада эса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган оламшумул ҳодиса юз берди. 1970 йили башарият ҳаётида ғайриоддий воқеа содир бўлди. Гориллалар тадқиқотчи аёлни тўдаларига қабул қилишганди! Энди у маймунлар тўдасининг ҳақли аъзоси эди. Унинг бу илмий жасорати ортида улкан сабр-қаноат ва тинимсиз меҳнатлар ётарди. Дайан маймунларнинг севимли озуқаси - ёввойи сельдер ўтидан тановул қилиб, улар билан бемалол соатлаб ўтириши мумкин эди.
У Луис Ликидан тадқиқот ўтказиш учун маблағ масаласида ёрдам беришини сўрайди. Лекин Луис иккиланиб қолади. Озғингина, нозик хилқат аёлнинг бу қадар оғир юмушни адо этишга қурби етармикин?... Дайан эса аҳдида қатъий турди ва мақсадига эришди.
ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАР
Шу орада Дайан гориллалар текин даромад манбаи эканини ҳам англаб етди. Айниқса, маймунларнинг қўли ва калласи дунё қора бозорининг энг қимматбаҳо товарларидан бири бўлиб, ортида каттагина пул айланмаси бор эди. Фосси бу юртларга келганига роппа-роса тўрт йил тўлганида Миллий география жамиятининг грант соҳибаси бўлди ва Карисоке илмий текшириш марказини ташкил этди. Бу марказнинг асосий вазифаси ер юзидан буткул йўқолиб кетиш хавфи бўлган гориллаларни асраб-авайлаш ва уларни тажовузлардан ҳимоя қилишдан иборат эди. Марказда ўзи билан бирга битта таржимон ва учта қўриқчи фаолият олиб борди.
Дайан ҳайвонот оламига оид илмий изланишлари учун, гарчи мутахассислиги шифокор бўлса-да, 1974 йили Кембриж университетининг зоология соҳаси бўйича фан доктори унвонига эга бўлди.
У маймунларни муҳофаза қилиш баробарида ажойиб ташкилотчи ҳам эди. Маҳаллий аҳолида табиатга меҳр уйғотиш мақсадида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борди. Бундан ташқари, гориллалар муҳофазасига кўмаклашган одамларни рағбатлантириб туришни ҳам унутмади. 1977 йили ўзининг Жижжит лақабли севимли жажжи маймунчаси браконьерлар томонидан ўлдирилганидан сўнг унинг номига "Жижжит" фондини ташкил этади ва ундан тушган маблағни ўрмон патрул хизмати ишини янада мустаҳкамлашга сарф қилади.
Дайан 1980 йили Корнел университети профессори лавозимини эгаллади. Шу баробарида "Гориллалар туманда" номли китоби устида иш бошлади. 1983 йили нашрдан чиққан мазкур китоб унга машҳурлик келтирди. Айнан шу китоб орқали Дайан тоғ гориллаларининг ноёб турлари камайиб бораётгани ҳақида бутун жамоатчиликка бонг уради.
Фосси Карисокеда браконьерлар билан курашни давом эттирди. Унинг номи махсус илмий нашрлар саҳифаларида бот-бот кўринадиган бўлди. Олиманинг ҳаракатлари зое кетмади, ишларини қўллаб-қувватлагувчи маслакдошлар топилди. Унинг "музофоти"га экспедициялар уюштирилди. Дайан шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Кўп вақтини ўзининг пахмоқ дўстлари даврасида ўтказишни канда қилмади. Шу боис, уни маҳаллий аҳоли "Ўрмон алвастиси" деб атаса, сайёҳлар учун "савдойи" ҳам бўлди.
Вақт ўз ҳукмини ўтказар, бу орада ҳайвонлар унинг ҳаётининг бир бўлаги бўлиб улгурган. Фосси табиатга зиён етказган ҳамда гориллаларнинг кўпайишига хавф туғдирганки жоҳилларга шафқат қилмади. Браконьерларнинг қўлидаги қуролини тортиб олар, ўрнатилган қопқонларни йўқ қилар ва ҳаттоки, синдириб яроқсиз ҳолга келтирарди. Кейинроқ Дайан Фоссига ошкора таъқиблар бошланади. Фоссининг бирдан бир айби - жониворлар дунёсини ҳар қандай қабоҳату разолатдан муҳофаза қилиб, гориллалар наслини қирилиб кетишининг олдини олгани...
ҚАБОҲАТ ИСКАНЖАСИДА
Эрта тонг.... Борлиқни нафис туман қоплаган. Теварак-атроф ажиб сукунат оғушида... Бирдан табиатнинг гўзал ва бетакрор бу манзарасига Карисоке марказидаги қора танли ишчиларнинг даҳшатли қичқириғи қоришиб кетди. Тўс-тўполон овозлар Фоссининг ётоғи тарафдан келаётган эди. Дайан билан бирга илмий тадқиқот олиб бораётган америкалик аспирант Уэйн Макгвайр бақир-чақирдан чўчиб уйғонди-ю, Фоссининг коттежи томон чопиб борди. Не ҳолки, у ерда шафқатсизларча ўлдирилган Фоссининг жасади ётарди. Олима 1985 йилнинг 26 декабрида 55 ёшида шундай ўлим топди. Кейинчалик, аниқланишича, қотилликдан икки ой олдин Дайан уйининг остонасидан бўғма илон ёғоч ҳайкалчасини топиб олган. Бу африкаликларда ўлим рамзи эди. Қотилликда илк гумон Дайаннинг ёрдамчисига тушиши шубҳасиз. У айбдор сифатида қамоқ жазосига маҳкум этилди. Ундан кейин Уэйн Макгвайрни гумондор сифатида Шимолий Руанда провинциал суди ҳибсга олиш учун ордер беради. Бироқ, олим барча айбловларни рад этади.
Тилсиз, онгсиз жониворлар, хусусан, ер юзидан йўқолиб бораётган ноёб ҳайвонлар муҳофазасидек эзгу ишга ҳаётини бахшида қилган олима аёл умри бу қадар аянчли якун топиши эса такдири илоҳий экан. Дайан Фосси башарият эътирофи-ю эъзозида ёдда қолганининг ўзи унинг руҳига эҳтиром ва ҳурмат намунасидир.
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.
|