№19, 26.04.2012 ҲИКОЯ
ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБ
Кунларнинг бирида кутубхонага бордим. Севимли ёзувчимнинг китобини олиб, бўш жойлардан бирига бориб ўтирдим. Бу - турфа йиллардаги қиссалар тўплами бўлиб, ҳар бири юксак маҳорат билан ёзилган эди.
Мен илк қиссани ўқирканман, янги саҳифасини очишимни биламан, орасидан орқаси елимланмаган бир мактуб чиқиб қолди. Уни очиб кўришга истиҳола қилсам-да, бу феълим юракдаги қизиқиш олдида ожизлик қилди. Бу ошиқнинг маъшуқасига ёзилган, аммо жўнатилмаган мактуби эди.
Мен уни ўқий бошладим:
"Салом, менинг қалбимга энг яқин, лекин айни пайтда энг олис юлдуздан-да олис бўлган кўнглим маликаси! Ҳаётнинг залворли юки сизнинг нозиккина елкангизга оғирлик қилмаяптими?
Мен - ўша, сизни чин дилдан севгану, аммо севилмаган, сизни чин дилдан ардоқлаган, эвазига эса бир чимдим бўлса-да меҳр истаган меҳрибонингизман. Сўнгги учрашувимиз ёдингиздами? Ўшанда мен сиздан бироз ранжигандим. Сабаби, сизни бошқа бировни севишингизни билиб қолгандим. Аммо ўйлаб қарасам, хато қилган эканман. Сиз ўзгани севсангиз, айбдор бўлиб қолмайсиз-ку, тўғрими? Сизни энди-энди тушунгандайман.
Сизни илк бора учратганим - баҳор фасли эди. Аммо куз келиб, дов-дарахтлар ўз япроқларидан айрилгани каби мен ҳам худди шу фаслда сиздан айрилдим. Қизиқ, илгари сиздан айро ҳаётни тасаввур ҳам қилолмасдим. Сизсиз менга ҳаёт йўқ, деб ўйлагандим. Лекин адашган эканман. Ёки вақт ҳижронларга малҳам бўладими, билмадим, ҳартугул ёлғиз бўлсам-да, кунларим ўтиб турибди.
Эсингиздами август ойи. Ўшанда сиз ишингиз кўпайиб учрашув жойига келолмадингиз.
Ўшанда мен билан гаплашишга вақтингиз йўқлиги, уйга шошаётганингизни айтгандингиз. Мен эса иш жойингизга етиб бордим-у, эшик олдида "уйга шошаётган қиз"нинг бир келишган йигит билан бамайлихотир, жилмайиб суҳбатлашиб турганинини кўрдим... Бошим айланиб, кўзим тиниб кетди. Ётоқхонамга қандай етиб келганимни ҳам билмадим.
Мана, тўрт ойдирки, сизнинг рухсорингиздан бебаҳраман. Булбул хонишидай майин ва ёқимли овозингизни эшитмайман...
Лекин бир нарса дилга таскин беради. Бегонага айлансангиз-да, сиз барҳаётсиз. Гарчи дунёнинг олис бир бурчагида бўлсангиз-да, бир осмон остидамиз. Сиз боққан юлдузларга мен ҳам термулиб-термулиб ҳуморимни ёзяпман. Сизнинг дийдорингизни кўрган тўлин ой худди менга сиз ҳақингизда эртак сўйлаб бераётгандай. Бу эртак мунгли, дардли ва умидни сўндирувчи бўлса-да, барибир кўнглимга қандайдир бир таскин бағишлайди. Ўша ширин ва фараҳбахш кунларни бот-бот ёдимга солади. Ҳеч йўқ, ўтаётган умримдан шукроналик ҳиссини, кайфиятини уйғотади.
Мен яна сизни қўмсайман-у, яна янги эртак тинглагим келади. Яна илтижо ила ойга тикиламан. "Қани энди яна сиз ҳақингизда эртак айтиб берса..." дейман ўйланиб.
Ким билсин, эҳтимол бизнинг эртагимиз, тўғриси, бизнинг севгимиз, муҳаббатимиз тўғрисидаги эртагимиз чин ҳақиқатга айланса ажабмас... Ахир дунёда тасодифлар, ақл бовар қилмас ишлар кўп-ку. Эҳтимол..."
Мен мактубни яна жойига солиб, китоб саҳифалари орасига жойладим. Аммо ўқиётган қиссам ҳам қолиб, мактуб эгалари хаёлимни буткул эгаллади. Улар кимлар экан? Улар бахтлими ёки бахтсиз одамларми? Уларнинг қайси бири ҳақу қайси бири ноҳақ?...
Худди шу пайт кутубхонага ўрта бўйли, сочларини бир томонга силлиқ тараган, бир оз ҳаяжонга тўлган йигит шошиб кирди-ю, ходимага нималарнидир тушунтирди. Ходима аввал китоб катакчаларини қаради, кейин эса мени кўрсатиб, нимадир деди.
Йигит катта-катта қадамлар билан икки одимдаёқ ёнимда пайдо бўлди.
- Мумкинми?- деди китобга қўлини чўзиб. - Бор-йўғи бир дақиқага.
Мен ҳайрон бўлиб саҳифамнинг бир четини букдим-у китобни унга узатдим.
Йигит шоша-пиша китобни варақлай бошлади. Саҳифалар орасидан оппоқ кабутардай учиб чиққан мактубни кўриб, қувониб кетди. Уни секин кенг кафтлари орасига яширди ва китобни менга узатди.
- Раҳмат.
У энди ходимага ҳам қарамади. Худди катта бир хазинани қўлга киритгандай шод, шаҳдам қадамлар билан хонани тарк этди. Шундагина билдимки, бу ўша - мактуб эгаси. Бахтли ва бахтсиз йигит. Ва шу билан бир қаторда армонлари умидларга йўғрилиб, уни қувонтиришига ишонган йигит. Мен унга чин дилдан ҳавас қилдим. Чунки унинг юрагида ҳаммада ҳам учрамайдиган - муҳаббат туй-ғуси бор эди.
Элмурод АБДУЛЛАЕВ.
|