№20, 03.05.2012 "АЁЛЛАР МАСЛАҲАТ МАРКАЗИ" ИШ БОШЛАДИ
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Германия Халқаро ҳамкорлик жамғарма кассалари фонди ҳамкорлигида "Хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Андижон шаҳрида "Аёллар маслаҳат маркази" ташкил этилди.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар истиқлол йилларида юртимизда хотин-қизлар фаоллигини юксалтириш, уларнинг ҳаёти ва турмуш фаровонлигини яхшилаш, аёлларнинг оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, тадбиркорлик йўналишидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида гапирдилар. Ташкил этилган миллий либослар, халқ амалий санъати маҳсулотлари кўргазмаси, шунингдек, Андижон санъат коллежи торли чолғу бўлими ўқувчилари камер оркестри томонидан ижро этилган ўзбекча ва немисча куйлар хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
- Лойиҳа доирасида қатор вилоятларда Ахборот маслаҳат гуруҳлари самарали фаолият кўрсатмоқда, - дейди Германия Халқаро ҳамкорлик жамғарма кассалари фонди лойиҳа менеджери Матиас Фос. - Бу албатта, ўзбекистонлик хотин-қизларнинг тадбиркорлик борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Андижонда иш бошлаган "Аёллар маслаҳат маркази"да тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ва мазкур йўналишда иш бошлаш истагида бўлган хотин-қизларга бизнес-режа тузиш, молиявий ҳисоб-китоб юритиш, бозорни ўрганиш, кредит олиш тартиблари билан танишиш, янги иш бошлаган тадбиркор аёлларнинг билим ва малакаларини оширишлари учун амалий ёрдам кўрсатилади, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилади.
Марказ очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Яқубова иштирок этди.
У. АБДУСАЛОМОВ.
|