№21, 10.05.2012 "ХОНОБОД ТАРОВАТИ" ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ
Хонобод шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Хонобод таровати" ёшлар фестивали ҳар қачонгидан ҳам файзли ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими А. Усмонов жорий йилда ўзининг 40 йиллигини нишонлаётган Хонобод шаҳри юртимизнинг энг гўзал ва обод масканларидан бири эканлигини таъкидлаб, фестивал иштирокчилари ва меҳмонларини муборакбод этди.
Тадбирда самарали хизматлари билан юртимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш илғорлари, шунингдек, республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган спортчиларга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шундан сўнг фестивал доирасидаги қатор тадбирлар бошланди. Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланиб ўтказилган вилоят кўрик-танловида қизиқчи ва аскиячилар ўз истеъдодларини намойиш этдилар.
Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида халқимизнинг ардоқли санъаткорлари иштирокида концерт дастури, айниқса, шаҳар марказий майдонида ташкил этилган паҳлавонлар ўйинлари, спорт мусобақаси барчада катта таассурот қолдирди. Шунингдек, югуриш марафонида турли ёшлардаги ҳамюртларимиз фаол иштирок этдилар. "Паҳлавон" спорт мажмуасида эса бокс бўйича республика мусобақаси бўлиб ўтди. "Ёшлар маркази"да ўтказилган "Рақс менинг ҳаётим" танловида вилоятимиз туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган ёш рақс усталар ўз маҳорат ва истеъдодларини намойиш этдилар.
Фестивал тадбирлари эстрада хонандалари, бадиий жамоалар иштирокидаги гала концерти билан якунланди.
З. АКБАРОВА.
|