№21, 10.05.2012 ҲАМЖИҲАТЛИКДА ГАП КЎП
Оқёр қишлоғининг Нўхатак маҳалла фуқаролар йиғинидаги Арслонбек Жалиловлар хонадони ибратли оилалар сирасига киради. Ҳамжиҳатлиги ва тотувлиги, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтираётганлиги, фарзандлар тарбиясида ўрнак кўрсатиб келаётганлиги учун бу оила ҳамиша эл-юрт ардоғида. Шу боис, ҳудуддаги ёшу қари бу зиёли оилани бирдек ҳурмат қилади.
Бу хонадонга киришингиз билан баҳри дилингиз очилади. Тўғрида, оила аъзоларининг саранжом-саришталиги, озодаликни одат қилгани остонадаёқ намоён бўлади. Негаки, келинлар ҳовлида эрта тонгданоқ тозалик, орасталик ишларига киришади. Гард-ғубордан ҳоли ҳовли файз-ли, нурга тўлгандек бўлади. Мана шу файзиёблик ва орасталик туфайли бу аҳил оила 1997-1998 йилларда "Намунали оила", "Саришта ва покиза уй" каби қатор туман кўрик-танловлари ғолиби бўлган. Томорқадан оқилона фойдаланиш, турфа ва анвойи гуллар ўстириш бўйича ҳам бу хонадон қишлоқда олдингилар сафида. Арслонбек акани узумчиликнинг миришкори десак, муболаға бўлмайди. У парваришлаган ва етиштирган узумларнинг мазаси тилда қолади.
Аҳил оиланинг барчаси спортга ҳам ошно. Арслонбек ака ўзи ва оиласидагилар учун канал қирғоғида "Югуриш сўқмоғи" ташкил қилган.
- Ҳар куни беш километр масофага югурмасам, беш километр пиёда юрмасам, қўлимга кетмон олиб меҳнат қилмасам чарчаганга ўхшаб қоламан,-дейди Арслонбек ака. - Мендаги бу хислатлар фарзандларимга ҳам юққан. Улар ҳам спорт билан шуғулланишни канда қилмайдилар.
Хонадон соҳиби Арслонбек ака асосан, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида, кейинчалик вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида ишлаган. Муқаддасхон опа эса узоқ йиллар Андижон педагогика коллежида келажагимиз ворисларига таълим ва тарбия берди.
- Қирқ бир йилдан буён бир-биримизга суяниб, елкадош, ўзаро аҳил ва иноқ ҳаёт кечириб келаяпмиз, - дейди Мавлуда опа. - Болаларимизни тарбиялашда кўнгилчанлик ҳам, қаттиққўллик ҳам қилганмиз. Педагогик тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, қаттиққўллик ва меҳр меъёрида бўлса, фарзандларимиз яхши хулқли, билимли бўлиб улғаядилар.
Дарҳақиқат, ҳавасларга муносиб хонадонда камол топиб, вояга етган 4 нафар фарзанднинг бари камтарлик, меҳнатсеварлик, юртга фидойилик каби хислатларини оталари Арслонбек ака ва оналари Муқаддасхон опадан ўзларига сингдиришган. Баҳодиржон, Баҳромжон, Азизбек, Моҳигул, Моҳидилхон ва Нодирбеклар олий маълумотли етук кадрлар сифатида рўзғорига барака, юртга наф келтирмоқдалар.
"Оқёр"да ҳавас қилса арзигулик бундай оилалар кўпчиликни ташкил қилади. Қудратилло Қурбонов, Толибжон Мўйдинов, Абдусалом Шокиров каби отахонлар бош бўлган оилаларни ҳар қанча ҳурмат, эътибор билан тилга олса, ибрат қилиб кўрсатса арзийди.
|