№21, 10.05.2012 ҲИДОЯТ НУРИ
ҚЎНИ-ҚЎШНИЛАР ҲАҚҚИНИ АДО ЭТАЙЛИК
Муқаддас динимизда қўни-қўшничилик, улар билан ўзаро муносабат, қўшниларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида кўплаб ибратли жиҳатлар баён этилган.
Муборак Ҳадиси шаърифларда айтиладики, кунларнинг бирида бир киши Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан сўрабдилар: "Ё Расулуллоҳ, мен ўзимни яхши ёки ёмон инсон эканлигимни қаердан билсам бўлади?". Шунда Расули Акрам (с.а.в.): "Агар сени қўшниларинг яхши, деб айтаётган бўлсалар, у ҳолда сен яхшисан, мабодо қўшниларинг сени ёмон, деб гапираётган бўлсалар, бас унда сен ёмонсан", деб марҳамат этган эканлар.
Бошқа бир Ҳадисда эса "қиёмат куни Аллоҳ таоло бандаларнинг яхши ёки ёмон эканликларига қўни-қўшниларини гувоҳ қилиб қўяди", дейилган. Зеро, доно халқимиз орасида "Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал" ёки бўлмаса "Ҳовли олма, қўшни ол" сингари пурмаъно гаплар бежиз айтилмаган.
Шу боис, қўни-қўшничилик одобларида ва ҳақ-ҳуқуқлари жиҳатида ўта ҳушёр бўлмоғимиз зарурдир. Ота-боболаримиз айтишларича, қўшниларнинг бир-бирлари билан боғлаб турувчи ўрта деворда эшиклар, ҳеч бўлмаса, дарчалар бўлган экан ва бу нарса улар ўртасидаги ришталарнинг мустаҳкам бўлишлигига сабаб бўлар экан.
Муоз ибн Жабал (р.а.) ривоят қилиб айтадиларки, "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингнинг оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тур", деганлар" (Муслим ривояти).
Ушбу Ҳадисга биноан, момоларимиз келинларига: "Қизим, қозонга сув қуяётганингизда бир коса ортиқроқ қуйинг, қўни-қўшниларимиз ҳаққини адо қилайлик, шояд биздан мамнун бўлишса...", дея насиҳат қилар эканлар.
Бугунги кунда бу каби хайрли ишлар бироз унутилиб кетаётгандай...
Қўни-қўшничилик ҳаққини адо қилишлик, аввало, улар билан хушмуомалада бўлишлик, бозордан олиб келган мева-чева ва бошқа нарсалардан имконият даражасида ҳадя қилишлик, тўй ва эҳсон қиладиган бўлса, маросимдан аввалроқ кам-кўстига ёрдам беришлик, касал бўлса кўришлик, кимдир қўшнисини ғийбат қилаётганда уни тўхтатишлик, бир сўз билан айтганда, ҳар жиҳатдан ахлоқли, қўшнига оқибатли бўлишлик буюрилади.
Минг афсуски, ҳозирги кунда арзимаган муаммолар сабабли қўни-қўшнилар бир-бирлари билан уришиб қолиб, йиллаб гаплашмай юрадилар. Ёки бўлмаса бирор бир қўшнисининг фарзанди ноқобил бўлиб, унинг қилмишларидан маҳаллада қадди букилиб, юзи шувит бўлиб турганда айрим инсонлар қўшниларига далда бўлиш, кўнгилларини кўтариш ўрнига "Ҳа, энди биродар, бола ўзингизники. Ортиқча эркалатиб юборгансиз-да, барига ўзингиз сабабчисиз", дея дилига озор етказувчи гапларни айтганликларининг гувоҳи бўламиз.
Шу ўринда қуйидаги ҳикоятни айтиб ўтиш жоиздир. Кунларнинг бирида мўмин бир кишининг уйига меҳмон келади. Шунда уй эгаси хонадонида сичқон кўпайиб кетганлигидан шикоят қилади. Шунда меҳмон "Биродар, ғам чекманг, бунинг йўли осон. Бозордан битта мушукни олиб келиб уйга қўйиб юборсангиз, ҳамма сичқонлар қочиб кетади, сиз бу ташвишдан қутуласиз", деди.
Уй эгаси: "Биродар, гапингиз тўғри, лекин мен сиз айтган ишни қила олмайман, чунки бу ишни қилсам, сичқонлар қўни-қўшниларнинг уйларига ўтиб кетади. Унда мен бу қилмишим билан қўшниларимга озор берган бўламан ва ўзимга раво кўрмаган нарсани бошқа бир мўминга илинган бўлиб қоламан-ку", деб жавоб берган экан...
Ушбу ҳикоятдан ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олайлик.
Ҳа, Аллоҳ таоло барчаларимизга қўни-қўшниларимиз билан аҳил-иноқликда, чиройли муносабатда бўлишлигимизни насиб этсин.
Ҳожиакбар ЯҲЁЕВ,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом"
жоме масжиди
имом-хатиби.
|