Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№21, 10.05.2012

ЖАҲОНГА МАШҲУР АЁЛЛАР

АМЕРИКАЛИК ҚОРАТАНЛИЛАР ҲАЁТИНИ ЎЗГАРТИРГАН АЁЛ

Қоратанлилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳаракати раҳнамоларидан бири Роза Парксдир. У инсонни камситиш, обрўсизлантириш, таҳқирлашларга қарши курзашган мардонавор, миллати ва ирқидан қатъи назар барча инсонлар тенг ҳуқуқли эканлигини баралла айта олган жасоратли аёл эди.

"БИЗ ШУНДАЙ ЯШАГАНМИЗ"

Роза Луиза Маколей 1913 йили Алабама штати Таскижи шаҳрида дунёга келган. Бу оила аъзоларининг асли келиб чиқиши афроамерикалик эмас. Томирида қизилтанли чероки ҳиндуларининг ҳам, шотландлар ва ҳатто ирландияликларнинг қони оқаётганини кичкинтой Роза ота - онасидан кўп эшитган. Шу сабабми, Маколейлар оиласи аъзоларининг териси қорамтир, жумладан, Роза ҳам қорамағиз қиз эди.

Унинг болалиги Монтгомеридаги бобосига қарашли фермада ўтди. Шу ҳудуддаги мактабда илк сабоғини чиқарган Роза ўқишга қизиқиши, билимга чан-қоқлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди. У келажакда онаси каби ўқитувчи бўлишни орзу қиларди. Афсуски, коллежга ўқишга кириш Розага насиб қилмади. Бувисининг бетоблиги, устига-устак онасининг соғлиги ҳам ёмонлашгани унга олий маълумот олиш учун каттагина "ғов" бўлди.

Америкада, айниқса, унинг шарқий штатларида жорий этилган Жим Кроу қонуни амалда бўлган пайтлари. Бу қонун мамлакатдаги қоратанли фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини чеклаб қўйган эди. Қоратанли аҳоли учун алоҳида ресторанлар ва кафелар, фақат уларга хизмат кўрсатадиган сарторошхона ва махсус кутиш хоналари... Оқтанли ва қоратанли аҳоли ўртасида қатъий чекловлар нафақат жамиятдаги вазиятнинг бузилиши, ҳаттоки, одамларнинг бир-бирларига нисбатан ирқий камситишларини юзага келтирди.

1932 йили Роза Маколей Реймонд Парксга турмушга чиқиб, тез орада ўзини машҳур қиладиган Паркс фамилияси олди. Роза оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бекалиги билангина чекланиб қолмади. Турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши билан болаликдаги орзуси ушаладиган бўлди. Ишлаш билан бирга таълим олишни ҳам уддалади. У энди олий маълумотли аёл. Аста-секин Американинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига кириб боради. У вақтлар қонун муносабатларидаги қийинчиликларга қарамай бу қора танли аёл ҳатто, сайловларда овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритди. 1943 йили инсон ҳуқуқлари ҳаракатининг фаол аъзоси, кейин эса қора ва қизил танли аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи миллий ассоциациясига қабул қилинди.

ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИДАГИ СЕГРЕГАЦИЯ

Алабама штатининг Монтгомери шаҳар сегрегация қонунига асосан, қора танли аҳоли автобусларнинг олдинги тўрт қаторида ўтиришлари мумкин эмасди. Чунки олд ўриндиқлар оқтанлиларга аталган. Агарки оқ танлилар жойининг барчаси банд бўлса, қоратанли киши айнан ўзига мўлжалланган жойда ўтирган бўлишига қарамай оқтанли йўловчига ўриндиқни бўшатиб беришга мажбур эди.

Автобус ҳайдовчилари орасида негрлари бўлмаган. Айрим оқтанли ҳайдовчилар йўловчи оқ бўладими ёки қора танлими-муомаласи бир хил, ўзгармаган. Бироқ, қоратанли аҳолига нисбатан қўпол муносабатда бўладиганлари ҳам учраб турарди. Бу камситишу таҳқирларнинг биргина транспорт воситасидаги кўриниши... Бу каби ирқий камситишлар оддий ҳол эди. Шунинг учун ҳам негрлар бу қонунларга сўзсиз итоат этишдан ўзга чоралари бўлмаган. Бўйсунмаган қоратанлининг эса ҳолига вой. У жаримага тортилар ва ҳатто қамоққа ҳукм этилишгача борарди.

"ЭРК УЧУН ЮРИШ"

1955 йилининг айни қишида 42 ёшли қоратанли оддий тикувчи Роза Паркс Монтгомери шаҳар йўналишидаги автобусда оқтанли йўловчи кишига жой бўшатишдан бош тортди. Воқеа мана бундай бўлганди: Роза Паркс ишдан ҳориб-чарчаб уйи томонга қатнайдиган автобусга чиқди. Кечки пайт. Табиийки ҳамма у сингари ишни тугатиб, уйи томон шошилади. Роза ўша даврнинг сегерация ҳақидаги шаҳар қонунига асосан, автобус салонинг "қора ҳудуди"даги биттагина бўш бўлган ўриндиққа ўтирди. Бир зумда автобуснинг "оқ ҳудуди" йўловчилар билан тўлиб кетганидан ҳайдовчи салон ўртасидаги бўлиниш тасмасини янада ичкарироққа суриб қўйди. Роза Паркс энди "оқ ҳу-дуд"да қолиб кетди. Роза билан бир ўриндиқда ўтирган шериги ҳайдовчининг кўрсатмасига кўра дарров ўрнидан турди-да, оқ танли йўловчига жой бўшатди. Роза эса жой бўшатмади. Уни кузатиб турган оқтанли яқинлашиб, сўз қотди: "Жойни бўшат!". Жавоб эса унинг истагидай бўлмади. Роза аёлларга хос оҳангда: "Мен чарчаганман..." деди-да бамайлихотир автобус ойнаси тарафга юзини ўгириб олди. Қандай юзсизлик! "Нима, мен жой беришим шартми?". Жаҳли чиққан ҳайдовчи полицияни чақиради. Маҳкамада ўша оқшом судга чақирув варақаси билан уни гаров эвазига қўйиб юборишди.

Туни билан шаҳар аҳлининг кўзига уйқу инмади. Оқтанлилар саросимадан, қоратанлилар эса эҳтиёткорона фахр ва ифтихор туйғусидан бедор. Ўша тунда қоратанлиларга мурожаатнома ёзилиб, 35 минг нусхада тарқатилди. Шунда Мартин Лютер Кинг ташаббуси билан шаҳарнинг қоратанли аҳолиси томонидан жамоат транспортидаги таҳқирлашларга нисбатан норозилик бошланди. Автобусларга бирортаям қоратанли чиқмай қўйди. Бу ҳолат тарихда "Эрк учун юриш" номини олди. Бунинг оқибатида автобус компанияларининг иши касод бўлди. Афроамерикаликларнинг бу хатти-ҳаракатлари роппа-роса 381 кун давом этди. Бу эса мамлакат иқтисодий ҳолатига таъсир ўтказмай қолмади. Ахир, шаҳарнинг қарийб 70 фоизини қоратанлилар ташкил этишининг ўзидан транспорт компаниялари қанчалик зиёнга ишлаганини билиш қийин эмас.

5 декабрнинг ёмғирли душанба куни шаҳар судида "жамоат тартибини бузган" Роза Паркс иши кўрилди. Ярим соатлик муҳокамадан сўнг суд ҳукм чиқарди. "Роза Паркс- айбдор. Унга 10 доллар миқдорида штраф тайинлансин! Шунингдек, суд харажатлари ҳам айбдордан ундирилсин!" Шу билан суд якун топди. Лекин бу билан Роза Паркснинг тарихи тугамади.

Роза Паркс навбатдаги "юзсизлик"ни бошлади. У суд ишини апелляцияга беради. Паркс хонимни бу йўлдан қайтаргувчилар ҳам бўлди. Лекин аёл аҳдида қаттиқ турди. Натижада унинг саъй-ҳаракатлари эвазига 1956 йилнинг 20 декабрь куни АҚШ олий суди томонидан Монтгомери шаҳар транспортида сегрегация қонунини Конституцияга зид, деб топилади ва бекор қилинади.

"ҚАТЪИЯТ ОЛДИДА ҚЎРҚУВ ЧЕКИНАДИ"

Шу тариқа Паркс хоним инсон ҳуқуқлари ҳаракатининг жонли тимсолига айланди. Бу мавқега эришиши мобайнида унинг аёл бошига не-не ғавғолар тушмади дейсиз. Аввалига у ишини йўқотди, унинг ортидан эри Реймонднинг бошлиғи турли важ-карсонлар билан ишидан ўян топар, хотиржам ишлашига қўймадики, охир-оқибат у ҳам "ўз хоҳиши билан" ишдан бўшатишини сўраб ариза ёзиб тинчиди. Ҳа, Розани ва унинг турмуш ўртоғини севган касбидан маҳрум қилишди, лекин унинг қалбидаги келажакка ишонч туйғуси ва руҳиятидаги қатъиятни ҳеч ким ҳеч қачон тортиб ололгани йўқ.

Қатъият ва матонатда тенгсиз аёлнинг ҳаёти ҳам осон кечмагани ҳақиқат. Унинг барча оила аъзолари, хусусан, онаси, турмуш ўртоғи ва ўзи оғир дардга мубтало бўлишди. Дард вақт ўтгани сайин зўрайиб борар, даво умиди эса ёлғиз Аллоҳдан. Қарангки, дунёга донғи кетган Роза Пракснинг ҳаёти дабдабадан йироқ, турмуши, рўзғори ҳаминқадар. Ишсиз, яна бунинг устига касалванд оила аҳволи қандай бўлиши ўша ҳолатга тушганларга маълум. Сабр ортида сариқ олтин борлигига умид билан яшади у. Ва ниҳоят ҳаёт сўқмоқларида унинг ҳам омади чопиб, толе унга кулиб боқди. Уни конгрессмен Жон Коньерс ўз офисига референт-котиба қилиб ишга олди. Бу ерда Роза нафақага чиққунига қадар сидқидилдан меҳнат қилди.

Олдинига умр йўлдошидан, сўнгра онаизоридан айрилгач, Паркс хоним инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида яна сиёсий майдонда пайдо бўлди. Энди унинг ташаббуси билан турли хайрия фондлари ташкил қилинди ва ўзининг номи билан стипендиялар жорий қилди. Соғлиги тобора ёмонлашар, касаллик хуружи авж олишига қарамасдан Роза Паркс хайрия ва саховат ишларини давом эттирди. "Ҳар бир одам шундай яшаши керакки, атрофидаги кишилар унга чин дилдан ҳавас қилсин, ундан ибрат олсин" - бу сўзлар унинг ҳаётий шиори бўлди.

1999 йил АҚШ президенти Билл Клинтон Паркс хонимни мамлакатнинг олий мукофоти - "Озодлик медали" билан тақдирлади. Орадан 6 йил ўтгач, Кондолиза Райс шундай деган эди: "Роза Паркс бўлмаганида мен ҳозир шу даражага етмаган ва давлат котиби бўлмаган бўлардим."

2005 йили Роза Паркс 92 ёшда вафот этди. Шу куни Американинг барча газеталари биринчи саҳифасини унинг портрети ва у ҳақдаги илиқ фикрлар эгаллади. Монтгомери ва Детройт ҳудудида қатновчи барча автобусларнинг биринчи ўриндиқлари унинг хотирасига мотам ленталари билан безатилди.

Ҳаётини эрк ва озодлик учун курашга бағишлаган хоним бундай юксак эҳтиромга сазовор бўлган илк аёл сифатида ҳам тарихда қолди.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди