№21, 10.05.2012 ҲАЁТИЙ ВОҚЕА
ОЛАПАРНИНГ САДОҚАТИ
Ёзнинг жазирама кунлари эди. Товуқларим жўжалари билан томорқамизга экилган экинлар ичида айланиб юришибди. Мен эса салқин уйга кириб, уч-тўрт кун аввал бошлаган қизиқ бир китобни ўқишга тушдим. Бир-икки саҳифа ўқидимми-йўқми, билмадим, бирдан товуқларим, айниқса, жўжаларим экинлар ичида чийиллаб қолишди. Китобни қўйдим-у, ташқарига отилдим. Зинадан шошилиб тушаётиб эса бехосдан тойилиб, йиқилдим. Чап оёғимнинг тиззаси бироз лат еди. Жўжаларимнинг овози тинмасди. Ўрнимдан турдим-у, оғриқ кучидан аранг бир-икки қадам юрдим. Кейин "бор-а", деб қайтиб зинага ўтириб олдим.
Шу тобда, маккапояларни шитирлатиб Олапар чиқяпти. Яхшилаб эътибор берсам, у бир жўжани тишлаб мен томон келяпти. Келиб жўжани оёқларим остига ташлади. Не кўз билан кўрайки, жўжанинг боши ва бир қаноти йўқ. Жаҳлим чиқиб, шунчалар ғазаб отига минибманки, оёғимнинг оғриғи ҳам билинмай, югуриб бориб хивчинни олиб, Олапарни уриб юборибман. Негадир у менга кўзларини жовдиратиб, ниманидир уқтирмоқчидай бўларди. Бироз ўйга толдим-у миямда бир фикр чақнади. "Ахир жўжани Олапар емоқчи бўлса, нега унинг ҳаммасини еб қўя қолмади? Нега фақат боши ва бир қанотини еди? Олапардай катта итнинг ошқозонига битта жўжа сиғмайдими? Йўқ, бу Олапарнинг иши эмас! Йўқса, шунча кундан буён жўжаларидан асар ҳам қолмасди. Агар бу олапарнинг иши бўлмаса, унда кимнинг иши?"... Баъзан деворлар оша ўғри мушук юрарди. Қўшни томондан каттагина каламуш дон ахтариб ўтиб туриши ҳам ёдимда. Ҳа, энди тушундим, бу аниқ каламушнинг иши. Чунки ўғри мушук еб ўтирмайди, бир ҳамла қилади-ю олиб қочади. Каламуш эса жўжани ушлаган-у олиб қочолмай ўрнида ейишга тушган. Ақлли Олапар эса жўжалар овозидан уни топиб, ўлик жўжани менга кўрсатиш учун олиб келган. Ҳа, ҳа, шундай бўлган. Аттанг, мен аҳмоқ буни чуқур ўйламай бечора Олапарни калтаклабман.
Олапар ҳали ҳам менга тикилганча думини ликиллатиб турарди... Мен эса унинг паҳмоқ юнгини силадим. "Мени кечир, Олапар".
Жўрабек ЛАТИПОВ,
Чинобод қурилиш касб-ҳунар
коллежи талабаси.
|