№22, 17.05.2012 ҚАТРА
БИТТА ГАПДАН ҚОЛДИМ МЕН...
Оддийгина, ҳокисор уйим. Уйимнинг остонаси пок бўлди, жиҳозлари ҳалолдан. Бойлигим - имоним, либосим - сабр, эътиқоддир Аллоҳимга, дўстга марҳаматим. Меҳрни севдим, меҳр изладим. Бир қўлда саховатим оғриқ дилларга малҳам бўлолдим, йиқилганни аста суядим.
Молу дунё, зебу зийнатга йўқдир ихлосим. Нафсимни жиловлаш келди қўлимдан. Бошимда соябон содиқ султоним, у менинг кўнглимнинг посбони якка. Авайлаб, асрайди, эъзозлар мени куйдирмас, суйдирар доим. Битта нон, майизни топсак бўламиз, бир кун бир-биримизни кўрмасак дунё қоронғу. У ёрим, ҳам дўстим-паногоҳимдир.
Аслида дардимга дардкаш, дилдошим. Йиғласам кўз ёшим артиб қўйгувчи. Кўзимдан не дардим, ғамим билади, луқмасин илиниб олиб келади. Бир қултум сув ўтмас агар бўлмасам, уни деб ўзимни қурбон айласам. Тақдирни соч толам билан боғласам.
Бахтиёр яшадим дилим тушунди, тушунган одамни топдим бир умр. Мен унга, у менга суянди масрур. Ғурурим, зийнатим, ҳаё бир ҳусним. Андиша-обрўйим, вафо бойлигим. Муҳаббат ёниқ дил бўлди баётим. Кўз очиб кўрганим, кўнгил қўйганим ул билан ўтди-я умр ҳаётим. У яхши, мен яхши бўлганим учун. Яхшисин оширдим, ёмонин яшириб кўнглини авайлаб.
Кузнинг айрилиғин писанд этмадик, қишнинг изғиринига бўйин эгмадик. Текисмас тошлоқда қоқиниб, товонлар тилинса ҳасрат қилмадик. Чидадик, қаноат тилаб Аллоҳдан йўл юриб, мўл юриб умр қасрига қўл тутиб, кулишиб-йиғлашиб етиб келолдик. Не бўлса шу бўлди, биз ғолиб бўлдик. Ҳалоллик, садоқат кўпригин қуриб, ғарибгина кулбада у султон, мен бека. Яхшими-ёмонми, у келса меҳрдан поёндоз солдим мен. Тишимни ёрмадим, сиримни айтмадим. Аччиқ-ширин дамда кулиб турдим мен. Тавба, битта гапдан қолдим мен, яхши хотин бўлдим мен...
Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.
|