Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№22, 17.05.2012

ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР

ОСИЁНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ АЁЛИ

Жуссаси кичик ва нозик бўлса-да, ҳаётнинг бўрону тўфонларидан ўзини ҳимоя қила олган Мария Корасон Кохуангко Акино хоним Кори Акино номи билан Филиппин халқига бош бўлган давлат арбоби, шунингдек, Осиёнинг энг биринчи Президент аёли, деган шарафли ном соҳибасидир.

ОНАЛИК ВА АЁЛЛИК

Корасон келиб чиқиши хитойлик бадавлат хонадонда тарбия топган олтита фарзанднингн бири эди. Бошланғич таълимни у ўз юртида олади. Кейин уни АҚШга жўнатишади ва 1953 йили у Нью-Йорк Маунт Сент-Винсет коллежини тамомлаб, математика ўқитувчиси ва француз тили бўйича таржимон деган диплом билан ватанига қайтади. Ўша йилиёқ Филиппин Узоқ шарқ университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжатларини топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтади.

Ёш Корасон хоним 21 ёшда эгнига оппоқ либос кийиб, келин бўлди. Унинг умр йўлдоши - Миллий Ассамблея собиқ раисининг ўғли Бенингно Акино кучли сиёсатшунос, яхшигина омади келган мартабали инсон эди. У 1955 йили Консепсьон шаҳар мэри, кейин Тарлак провинциясининг губернатори, 1967 йили эса сенаторлик лавозимларида ишлади. Корасон Акино эри давлат ва жамият ишлари билан машғул бўлган бу даврда бор куч-ғайратини оиласига сарфлади. У саранжом-саришта уй бекаси, севимли рафиқа, шу баробарида меҳрибон она бўлди. Яратган уларни беш фарзанд билан сийлади.

Унинг турмуш ўртоғи Бенингно Акино 22 ёшидаёқ сиёсий майдоннинг энг кучли шахсларидан бири сифатида юртдошлари назарига тушган. У амалдаги президент Фернандо Маркос сиёсий тизимига қарши оппозицияга бош бўлди. Унинг шуҳрати шу қадар юксалдики, агар 1972 йилги сайловларга унинг номзоди қўйилгудай бўлса, муваффақият қозониши барчага беш қўлдай аён бўлиб қолди. Буни яхши англаган Маркос имкониятни бой бермади. Мамлакатда ҳарбий вазиятни жорий қилиб, Бенингнони ҳибсга олишга буйруқ берди. Лекин бу оппозиция синди, дегани эмасди, фақат Бенингно тарафдорлари зимдан ҳаракатда бўлдилар. Корасон эрини вазиятдан хабардор қилиб турар ва ўз навбатида Бенингнонинг кўрсатмаларини ҳаммаслакларига етказишни зиммасига олган. Шу тариқа унинг етти йиллик умри уй ва қамоқ орасида саргардонликда ўтди.

СИНОВЛАР

Озодлик аталмиш энг буюк неъматдан мосуволик, устига - устак оиласи, дилбандлари дийдоридан бенасиб маҳбус учун қамоқда яшаш осон бўлмагани аниқ. Тинимсиз изтиробу сиқилишлар заҳри юракка берди. Тиббий кўрик натижаларига кўра, шифокорлар Бенингнонинг юраги жиддий хасталиги-ю, зудлик билан жарроҳлик амалиёти лозимлигини билдиришди. Акс ҳолда беморнинг ҳаёти хавф остида қолишини маълум қилдилар. Шунга асосан, Фернандо Маркос Бенингнони озодликка чиқаради. Фақат шарт шуки, у ўз юртидан чиқиб кетиши керак! Ҳа, кўнмай илож қанча... Акинолар оиласи Америкага бош олиб кетишга мажбур бўлишади. Қувонарлиси, юрак операцияси муваффақиятли ўтди. Энди бутун оила жамулжам. Аёл учун оиладан ортиқ бахт борми дунёда... Етти йиллик ҳижрон азобини тотган Акино хонимнинг бахтдан боши осмонда. Олдин йўқотиб, кейин яна топган оилавий тинчлик ва хотиржамликдан масрур.

ҚАЙТИШ

Бенингно ватанидан айро яшашга энди бардоши етмаслиги, юрт соғинчи унга тинчлик бермаётганини аёлига билдиради. Корасон эрини тушунади. Негаки, туғилиб ўсган юртига бўлган соғинч изтироби унинг ҳам тинка-мадорини қуритган. Акино хоним юрагида аллақандай ғашлик билан қайтиш тадоригини бошлади.

Афсуски, эрининг орзуси армонга айланди. Корасоннинг кўнгил ғашлиги ҳам бежиз эмас экан. Филиппин аэропортидаёқ эрига суиқасд уюштирилди. Юрагидан талпиниб келган суюмли замини Бенингнонинг совуқ жасадини бағрига олди. Унинг дафн маросимида 2 миллиондан ортиқ одам қатнашди.

Ўшандайин оғир вазиятларда ҳам Корасон ўзини вазмин тутди, ҳис-туйғуларига эрк бермади. У эрининг буюртмачи қотилларига тишининг оқини кўрсатмади, ҳатто лом-мим демай, дардини ичига ютди. Чунки Кори эрининг ёрқин хотираси, 5 нафар жигарпораси ва халқи учун ўзи, фақат ўзи жавобгар эканлигини англаб улгурганди.

Эрининг ўлимидан кейин Корасон Акино оппозициянинг пешқадамларидан бирига айланди. 1986 йилги Президент сайловига унинг номзоди қўйилди. Сайлов кампанияси кескин кураш остида ўтди. Аввалига Корасон Акинонинг рақиби, ўша пайтдаги президент Маркоснинг қўли баланд келди. Лекин Акинонинг тарафдорлари бу натижани тан олмайдилар ва мамлакат мудофаа ишлари вазири ҳамда бош қўмондон ўринбосарининг қўл-лаб-қувватлови билан қайта сайлов ўтказишга муваффақ бўлишди. Холис ва адолат тамойиллари остида ўтган сайлов натижаларига кўра, 1986 йилнинг 25 февралидан Корасон Акино президентлик лавозимини эгаллади. Корасон ҳукумат тепасига демократик ислоҳотлар тимсоли сифатида намоён бўлди. Ўша йилиёқ Акинони "Тайм" журнали "Йил аёли", дея эътироф этди. Шунингдек, Нобель мукофотига номзоди кўрсатилди. Акино юртбошилик даврида Филиппин давлатининг янги Конституцияси қабул қилинди. Жамиятнинг деярли барча соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳаётга татбиқ этилди, айниқса, аграр соҳага катта эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги жадал ривожланди. Энг муҳими, айнан Кори Акино даврида Америка ҳарбий базасининг мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилиши оламшумул янгилик бўлди. Унинг раҳнамолигида барча соҳалар гуллаб-яшнаб, ривожланиб борди. Аёлга хос метин ирода ва сабр-бардош унинг ҳар соҳада олиб бораётган ҳаракатларида ўз исботини топгани шубҳасиз.

Кейинги президент сайловига Акино хоним ўз номзоди қўйилишини истамади. Президент ваколати тугаганидан сўнг оила, фарзандлар ардоғида яшади, лекин жамоат ишларида ҳам жонбозлик кўрсатишдан тўхтаб қолгани йўқ. Миллат равнақи, халқ фаровонлиги учун қилган хизматлари муносиб тақдирланди. 1996 йили Уилям Фулбрайт мукофотига сазовор бўлди.

ХОТИМА ЎРНИДА

Аёл учун, она учун фарзанд камолидан-да ортиқроқ бахт йўқ дунёда. Акино хоним ҳам бу борада бахти кулган аёллардан. Негаки, ўғли ҳам Ватан тараққиёти учун камарбаста инсон бўлиб улғайди. 2010 йили либерал демократик партияси томонидан президентликка номзоди кўрсатилган Бенингно Акино IIIни филиппинликлар бир овоздан ўзларига юртбоши қилиб сайладилар. Лекин афсус, бу кунларни кўриш Акино хонимга насиб қилмади. Осиёдаги энг биринчи президент аёл бўлган Корасон Акино 2009 йили 76 ёшида вафот этади.

Ҳа, Корасон Акино фазилатларининг чегараси жасоратлари билан ҳамоҳанг. Унинг қалби нозик, лекин матонатли, унинг билаги ингичка, лекин бардоши кучли, елкалари кичик, аммо юки оғир эди...

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди