№22, 17.05.2012 ҲИКОЯ
"ҚУШ УЯСИДА КЎРГАНИНИ ҚИЛАДИ"
Наргиза ошхонани йиғиштирди. Идиш- товоқларни ювиб бўлди. Бир неча кундан бери тўпланиб ётган кирларни ҳам сарамжонлади ҳамки, эридан дарак йўқ. Унинг кайфияти бузилди. Ўзи кейинги пайтларда аҳвол шу бўлиб қолган. Тонг саҳарлаб "ишга" деб чиқиб кетган эри, тун ярмида, ҳамма ухлаганда кириб келади. Наргизанинг: "Нима бўлди, кечга қолиб кетдингиз?" деган хавотир аралаш саволига ҳар хил баҳоналар билан жавоб беради. Аксарият ҳолларда таранг тортилган асаблар узилиб, икки ўртада жанжал бошланади. Ширин уйқу оғушидаги болалари шовқин-суронни эшитиб уйғониб кетадилар. Уйқу тўлиб турган кўзларини бир-бирини аямай ҳақорат қилаётган ота-онасига жовдиратиб, қўрқиб турадилар. Баъзан уларга қараб туриб Наргизанинг раҳми ҳам келади: "Болаларимга ҳам қийин бўлди...".
Бугун яна кеч бўлишига қарамай эридан дарак бўлмади. Бугун бир "яхшилаб гаплашиб қўйиш"ни дилига тугиб, Наргиза ухлашга ҳам ётмай уни астойдил кута бошлади. Бир пайт қизининг: " - Ая-я..." - деган овозини эшитиб, ўзига келди.
- Ҳа, қизим, нима дейсан? Нега ухламадинг?.. - деди.
- Эртак ўқиб бери-и-инг... - эркаланди қизчаси.
Наргиза болаларининг эртак ҳақидаги илтимосларини рад этолмайди. Чунки ўзи ҳам болалигидан эртак ўқишни, тинглашни жуда яхши кўрарди. Шунинг учун ҳам китоб жавонидан қатор жой олган турли эртак китобларини болаларига ўқиб беришдан завқ олади. У ўрнидан туриб: "Қани, юринглар бўлмаса", - деб кичкинтойларини ўз хонасига олиб кириб, уларни жойига ётқизди. Хафсала билан эртак ўқиб берди. Ёлғончилик ёмон одат эканлиги, унинг инсонни уятли ва абгор аҳволга олиб келиши ҳақидаги эртакни қизалоқлари мароқ билан тингладилар. Ҳар сафар ёлғончининг йўқ нарсани худди бордек гапириши, унинг оқибатида баъзи бир кишилар жабр кўрганлари ҳақида ўқиганида фарзандларининг кўзларида ғазаб кўрди. Алдоқчини боплаб сўкиб ҳам қўйишди. Бироқ, унинг сири фош бўлиб эл-юрт олдида шармандаи шармисор бўлганларини эшитганларида мириқиб-мириқиб кулишди.
- Ана, кўрдингларми? - деди Наргиза мунчоқ кўзчаларини жовдиратиб турган фарзандларига қараб. - Ёлғон гапириш шунақа шармандали аҳволга олиб келади. Шунинг учун ноўрин сўзларни умуман гапирмаслик керак. Одамларни алдаш энг ёмон одат.
- Ҳечам гапирмаслик керакми?! - сўради катта қизи Нигора.
- Ҳеч ҳам, - қатъий жавоб берди онаси.
- Мана бунча ҳамми? - кичик қизи Нодира жажжи қўлчаларининг энг кичик бўғимини кўрсатди.
- Ҳа, ҳа, ҳа! Ундан кичкинасини ҳам гапириб бўлмайди. Эшитдинглар-ку, ёлғон гапиргани учун эртакдаги Аҳмад ҳамманинг ёнида уялиб қолди. Ростгўй Раҳмат эса эл-юрт орасида обрў топиб, охири мамлакатга подшоҳ этиб сайланди.
- Ая, - шошиб унинг гапини бўлди Нодира, - дадаси билан аяси алдаса бўлаверадими-а?
- Йў-ўқ. Аяси билан дадаси ҳам алдамаслиги керак.
- Дадаси ёмон бўлса ҳам, уни алдаб бўлмайдими?
- Йўқ. Ёмон бўлса ҳам, яхши бўлса ҳам ҳеч кимни алдамаслик керак.
- Нега унда сиз дадамни алдайсиз?
- Қачон алдадим?.. Биз бир-биримизни алдамаганмиз...
- Бўлмаса нега анув куни Олима опамникига борганимиздан кейин дадамларга "Кун бўйи уйдан чиқмадим", дедингиз? Менга ҳам "Дадангга айтмагин", дедингиз...
Наргиза ўйланиб қолди. Нима дейишни билмай бироз турди-да:
- Мен унда ҳазиллашгандим... - деди базўр.
- А-а-а, ҳазиллашиб ёлғон гапирса бўлаверадими?
- Йўқ! Бўлмайди, - бироз аччиқланди Наргиза.
- Унда сиз...
- Бўлди қилинглар, энди мен ҳам ҳазиллашмайман. Ухланглар, эртага боғчага боришингиз керак.
Наргиза уларнинг устига кўрпачаларини ёпиб, юзларидан ўпиб қўйди. Қизалоқларини ухлатиб, хонасига чиқди. Болаларининг олдида уялиб қолгани учун кайфияти бузилди. Ўзини худди ҳозиргина ўқиган эртакдаги ёлғончи Аҳмаднинг ҳолига тушиб қолгандай тасаввур қилди. Шу онда онасининг: "Болалар олдида ҳар хил гапни гапириб бўлмайди", деган сўзлари жаранглаб кетди. У ҳар доим булар нимани тушунишарди, деб фарзандларининг ёнида ҳам иккиланмай ёлғон гапираверган. Эри билан тенгма-тенг олишиб, уни беҳурмат қилган. Ҳатто, қизчаларига ҳам ёлғон гапиришни ўзи ўргатган. Энди эса ўзидан уялиб кетди.
...Ҳозир Наргизанинг эрига қилаётган муомаласи, ўзини тутиши, одоб-ахлоқи болаларининг диққат марказида турган экан-да. Аслида, қиз бола онасидан таълим олади. Унга тақлид қилади. Чунки унинг учун дунёда ўз онасидан-да доно, ақлли, билимдон ва яхши инсон бўлмайди. "Қуш уясида кўрганини қилади", деган нақл бежиз эмас.
Шуларни ўйлагани сари Наргизани ваҳима босди. Қўрқиб кетди. Ҳали мурғак бола бўлган қизларининг келажак ҳаётини ўйлаб тинчи бузилди. Ахир, у ҳам бошқа оналар сингари фарзандларининг бахтли бўлишини хоҳлайди. Аммо бугун билдики, фарзанд бахтининг калити онада бўлар экан...
Наргиза ота-она болалар ёнида такрорланмас, фақат ҳавас ва ҳурматга лойиқ инсонлар бўлиши кераклигини тушуниб етди. Бугун бир-бирини беҳурмат қилиб ҳақоратлаётган ота-онани келажакда фарзандлар ҳам у қадар ҳурмат қилмаслиги аниқ. Сабаби, улар учун ота ёки онанинг таҳқирланиши оддий ҳол бўлиб қолади. Наргиза оғир хўрсинди. Болалари олдидаги бугунги уятли аҳволи унга катта мактаб бўлди. Қайтиб бундай аҳволга тушиб қолишини хоҳламайди. Шунинг учун у ўзига ўзи сўз берди. "Энди болаларим олдида уялиб қоладиган иш қилмайман. Фақат улар ибрат оладиган ва ҳавас қиладиган она бўламан".
Аёл эрини бетоқатлик билан кута бошлади. Меҳр билан, соғинч билан...
Феруза УСМОНОВА.
|