№22, 17.05.2012 ШОКОЛАДЛИ ПИРОГ
Керакли масаллиқлар: 200 гр. шоколад чипси (ММS конфети), 4 дона тухум, 100 гр. шакар, 100 гр. маргарин, 2 стакан майдаланган ёнғоқ мағзи, ўртача юмшоқ хамир учун кифоя бўладиган миқдорида ун, бир пакетча кабартма.
Тайёрланиши: Тухум сариғига 50 гр. шакарни оз-оздан солиб, миксерда кўпиртирасиз. Кейин маргаринни солиб, яна кўпиртиришда давом этасиз. Миксерни тўхтатиб, ун билан кабартмани соласиз ва қошиқда аралаштириб, хамир қорасиз. Хамирни 30 дақиқа давомида салафанга ўраб, тиндиришга олиб қўясиз.
Қолган шакарни тухум оқига оз миқдордан солиб, миксерда яхшилаб кўпиртириб, бизе тайёрлайсиз. Бизега ярим стакан ёнғоқ мағзини солиб, яна миксерда бироз айлантириб юборасиз.
Юқори ҳароратга чидамли бўлган махсус доира шаклидаги шишали қолипга жувада ёйилган хамирни жойлаштирасиз. Хамир устига аввал ёнғоқ мағзи, кейин шоколадли чипс, устидан эса бизени қошиқда оҳиста солиб, яна ёнғоқ мағзидан сепасиз.
Товани духовкага жойлаштириб, 150 оС иссиқликда, 30 дақиқа давомида пиширасиз.
Тайёр бўлган пирогни бироз совутасиз, сўнг кесиб, ликопларга соласиз.
"Таомнома" китоби асосида ГУЛИ тайёрлади.
|