№23, 24.05.2012 "КЕЛАЖАК ОВОЗИ- 2012" ТАНЛОВИ
"Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси, "Келажак овози" ёшлар ташаббуслари маркази, шунингдек, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ўтказилаётган "Келажак овози-2012" танловининг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни кашф этиш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танловнинг аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда
Жумладан, вилоятимизда танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди. Дастлабки саралаш босқичида иштирок этиш таклифини билдирган 9735 нафар йигит-қизларнинг барчаси ўз иқтидор ва қобилиятларини намойиш этдилар. Андижон давлат университети ҳамда З.М.Бобур номли вилоят драма ва комедия театрида ўтказилган вилоят бос-қичида иштирок этган 865 нафар йигит-қиз "Архитектура ва дизайн", "Ахборот коммуникация ва технологиялар, рационализаторлик таклифлари, техник лойиҳалар ва ишланмалар", "Анъанавий ва амалий санъат" ҳамда "Адабиёт ва публицистика" номинациялари бўйича ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Қизиқарли ғоялар, таклиф ва истеъдодларнинг қизғин баҳсига айланган танловнинг якуний натижаларига кўра 4 номинациядаги 15 та йўналиш бўйича 45 нафар йигит-қиз вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритди.
- Биз оиламиз билан дўппи-дўзлик билан шуғулланамиз, онам ва опаларим билан аёллар оқпар дўпписини тикамиз, бизга бу момомерос ҳунар,- дейди Асака маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилбарой Каримова,- бугунги танловга ўзим тиккан "Баҳор", "Канво", "Ёшлик", "Жанона" каби дўппилар билан илк бор иштирок этяпман. Келгусида шу ҳунарим ортидан тадбиркорликни ривожлантирмоқчиман. Бунда бизга "Келажак овози" ҳамиша мададкор.
Дарҳақиқат, юртимизда ёшларнинг ижодий ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорлилар сафини янада кенгайтиришда бу каби кўрик-танловларнинг аҳамияти беқиёс.
|